Ўзбекистон — Хитой бизнес-форуми
  • 23 Сентябрь 2015

Ўзбекистон — Хитой бизнес-форуми

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон — Хитой ишбилармонлари бизнес-форуми бўлиб ўтди. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда икки мамлакатнинг нефть-кимё, кончилик, электроника, машинасозлик саноати, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, туризм соҳаларига масъул вазирлик ҳамда идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари қатнашди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги тенг манфаатли алоқалар барча йўналишда, жумладан, иқтисодиёт, савдо-саноат соҳаларида изчил ривожланмоқда. Юртимизда хитойлик ишбилармонлар билан ҳамкорликда тузилган корхоналар сони 582 тага етгани, Хитойнинг етмишдан ортиқ компанияси ўз ваколатхонасини очгани бунинг яққол далилидир.
Дарҳақиқат,  Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо-сармоявий шерикларидан бири ҳисобланади. Кейинги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми муттасил равишда ошмоқда.
Аниқроғи, 2007 — 2014 йилларда бу кўрсаткич 5 баробардан кўпроқ ўсиб, ўтган йили 4,7 миллиард АҚШ долларини ташкил қилди. Бундай юқори ўсиш суръатлари жорий йилнинг биринчи ярмида ҳам сақланиб қолингани эътиборга моликдир.
Мамлакатларимиз ўртасида иқтисодий соҳада энг кўп қулайлик яратиш тартиби амал қилаётгани савдо-саноат жабҳасида ҳамкорлик жадал ривожланишида муҳим омил бўлмоқда. Натижада кўплаб қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилиб, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилаяпти. Масалан, 2013 йилда ташкил этилган Ўзбекистон — Хитой юқори технологиялар саноат парки — “Жиззах” махсус индустриал зонасида мобиль телефонлар, тикув машиналари, қурилиш материаллари, қуёш коллекторлари ва бошқа маҳсулотлар тайёрлаш ўзлаштирилди.
Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад ҳам икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни мустаҳамкамлаш, келгусида амалга ошириш кўзда тутилган истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилишдир.
Чет эллик мутахассисларга иқтисодиётимизнинг етакчи кучига айланган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликда эришилаётган ютуқлар, соҳа вакилларига тақдим этилаётган имтиёзлар ҳақида маълумотлар берилди. Ўз навбатида, улар юртимизда яратилган қулай ишбилармонлик муҳитини юқори баҳолар экан, айниқса, “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси, “Жиззах” ва “Ангрен” махсус индустриал зоналаридаги шарт-шароитлар катта қизиқиш уйғотганини мамнуният билан изҳор қилишди.
Томонлар савдо-саноат, ёқилғи-энергетика, кимё саноати, юқори технологиялар, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, автомобилсозлик, электр техникаси соҳаларидаги алоқаларни янада кенгайтириш, биргаликда ўзаро фойдали сармоявий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Шу куни икки мамлакат ишбилармонларининг кооперация биржаси ҳам бўлиб ўтди.

С. РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn