Корея Республикаси ОАВ: «Ўзбекистон улкан муваффақиятларга эришмоқда»
  • 23 Сентябрь 2015

Корея Республикаси ОАВ: «Ўзбекистон улкан муваффақиятларга эришмоқда»

Корея Республикасидаги қатор матбаа нашрларида мамлакатимизнинг бугунги тараққиёти ҳамда Ўзбекистон — Корея Республикаси ўртасидаги икки томонлама муносабатлар мавзуига бағишланган хабар ҳамда мақолалар эълон қилинди.

Жумладан, “The Korea Post” журналида юртимизнинг иқтисодий ривожланиши омилларига тўхталинар экан, Ўзбекистонда миллий тараққиёт модели асосидаги ислоҳотлар изчил амалга оширилаётгани натижасида улкан муваффақиятларга эришилаётгани эътироф этилади. Билдирилганидек, иқтисодиёт тармоқларини модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш бўйича дастурий чора-тадбирлар самараси ўлароқ, 2000 — 2014 йиллар даврида меҳнат самарадорлиги 2,2 баравар ўсди.
Нашрда глобал молиявий-иқтисодий инқирознинг салбий таъсирига қарамай, сўнгги 17 йил давомида Ўзбекистон савдо балансида ижобий сальдо барқарор равишда таъминланаётгани муштарийлар эътиборига ҳавола қилинган. Шу билан бирга, республикамизда иқтисодиётнинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларга ҳам юқори баҳо берилган. “Ана шундай саъй-ҳаракатлар туфайли ташқи бозорларга миллий маҳсулот етказиб бериш 30 баравардан зиёд ошди. Самарадор тизимли ҳамда сармоявий сиёсатнинг ҳаётга изчил татбиқ қилинишида 2006 йили ташкил этилган Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси муҳим ўрин тутади. Ҳозирги пайтда унинг устав капитали 25 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади”, дея ёзилади журналда.
“The Korea Herald” газетасида чоп этилган мақолада Ўзбекистонга “Янги Ипак йўлининг ўсиш нуқтаси” дея таъриф берилган. Унда Жанубий Кореянинг Ўзбекистон билан турли соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини қўллаб-қувватлаб келаётгани ҳақида атрофлича фикр юритилади.
Мақолада таъкидланишича, икки давлат раҳбарларининг мунтазам ташриф алмашувлари ўзаро манфаатли мустаҳкам ҳамкорликнинг асосини ташкил этмоқда. “Кейинги 23 йил давомида 14 маротаба олий даражадаги учрашувлар бўлиб ўтди. 2014 йилнинг июнь ойида Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хэ Марказий Осиё мамлакатлари орасида биринчи бўлиб Ўзбекистонга ташриф буюриб, икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш мақсадида музокаралар ўтказди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов жорий йилнинг май ойида давлат ташрифи билан Корея Республикасида бўлди”.
Газетада қайд этилишича, ушбу ташрифлар чоғида савдо-инвестициявий, энергетика, табиий ресурслар, ахборот технологиялари, молия, қайта тикланадиган энергия манбалари, маданият ҳамда бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалалари ўзаро ишонч муҳитида муҳокама этилди.
Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар ривожи “The Korea Times” газетасининг ҳам эътиборидан четда қолмади.
Нашр ҳозирги пайтда Ўзбекистон ҳудудида Жанубий Корея сармоядорлари иштирокида 412 та корхона фаолият кўрсатаётгани, уларнинг 68 таси 100 фоиз Жанубий Корея капитали асосида барпо этилганини ўқувчиларга маълум қилган.
“Мамлакатда Корея Республикасининг 79 та компанияси ваколатхонаси очилган, — дея ёзилади “The Korea Times” газетасида чоп этилган мақолада. — Ўтган йил якунлари бўйича ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2 миллиард АҚШ долларидан ошди. Бу Жанубий Кореянинг Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари билан умумий савдо ҳажмининг қарийб ярмини ташкил қилади”.
Шунингдек, мақолада ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги ҳамкорликка ҳам алоҳида урғу берилган. Таъкидланганидек, ўзбек мутахассисларининг Жанубий Кореяда таҳсил олиши, “электрон ҳукумат” тизимини қўллаш юзасидан ўзаро тажриба алмашувлари йўлга қўйилган.

«Жаҳон» АА.
Сеул

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn