Ўзбек пахта толаси — дунё эътирофида
  • 23 Сентябрь 2015

Ўзбек пахта толаси — дунё эътирофида

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан анъанавий равишда ўтказиб келинаётган Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси ўтган қисқа давр ичида жаҳон тола бозорининг йирик форуми сифатида тан олинди. Унинг доирасида ташкил этилаётган тадбирлар кўлами йилдан-йилга кенгайиб, қатнашувчилар сони муттасил кўпайиб бораётгани, тузилаётган шартномалар ҳажми ортаётгани ана шундан далолат беради.

Жорий йилнинг 15-16 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган навбатдаги ярмарка  хорижий компаниялар учун серқуёш заминимизда етиштирилган юқори сифатли пахта толаси ҳамда рақобатбардош тўқимачилик маҳсулотларини тўғридан-тўғри ишлаб чиқарувчилардан харид қилиш учун қулай имкониятдир. Шу боис унда қатнашиш истагини билдираётганлар сони тобора кўпаймоқда.  
Таъкидлаш керакки, истиқлол йилларида юртимизда ғўзанинг истиқболли навларини яратиш, уларнинг энг мақбулларини ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда жойлаштириш, мўл пахта ҳосили етиштириш, уни сифатли сақлаш ва қайта ишлаш, шунингдек, буюртмачиларга ўз вақтида етказиб бериш бўйича қулай ва кафолатли механизм яратилди. Натижада пахта толамизнинг сифат кўрсаткичлари тубдан яхшиланиб, ташқи бозорда унга бўлган талаб тобора ортиб бораяпти. Бу жараёнда Ўзбекистон “Сифат” маркази жамоаси ҳам пахта толасини синаш ва сертификатлашнинг дунёда тан олинган усул ва услубиятини жорий қилаётган ҳамкорлар сафининг кенгайишига баҳоли қудрат ҳисса қўшмоқда.
Гап шундаки, марказимизнинг 13 та ҳудудий лабораторияси энг замонавий синов ускуналари билан жиҳозланган бўлиб, уларда пахта тозалаш корхоналарида ишлаб чиқарилаётган толанинг ҳар бир тойи бўйича сифат кўрсаткичларини аниқлаган ҳолда, сертификатлаш йўлга қўйилган.
Ўз навбатида, барча лабораториялар ушбу ўлчов ускуналари ва тизимларини бемалол бошқарадиган, зарурат туғилганда, созлай оладиган малакали ва тажрибали оператор, муҳандис-техник, муҳандис-метролог ҳамда лаборантлар билан таъминланган.
Марказ қошида ташкил этилган ўқув курсларида эса пахта толаси классификаторлари бўйича мутахассислар ўқитилиб, нафақат марказнинг ҳудудий лабораториялари, балки минтақавий пахта терминаллари, пахта тозалаш ва тўқимачилик корхоналари, шунингдек, хорижий фирмаларга етказиб берилмоқда. Шу кунгача дунёнинг 15 дан ортиқ давлатлари ва республикамиз корхоналари учун 1000 дан зиёд мутахассислар тайёрлангани бунга мисол бўла олади.
Маълумки, чет эллик ҳамкорлар, айниқса, харидорларни, биринчи навбатда, толадан  олинадиган калава ип ва тайёр кийимлар сифати, истеъмол хусусиятларига таъсир қиладиган толанинг сифат кўрсаткичлари қизиқтиради. Шу боис пахта ва тўқимачилик ярмаркаси иштирокчилари ҳар йили Ўзбекистонда яратилган пахта толасини сертификатлаш тизими, унда рўй бераётган ўзгаришлар билан яқиндан таништирилади. Хусусан, улар ўтган галги форум доирасида “Ўзбекистон” пахта тозалаш корхонасига ташриф буюриб, пахта тойларидан намуна олиш, тойлар вазнини назорат қилиш, тола намуналарини синовдан ўтказиш, шунингдек, пахта терминалларининг фаолияти билан яқиндан танишдилар. Пировардида эса бу борада тўпланган бой тажрибамизга юксак баҳо бердилар.
Толани сертификатлаш чоғида энг муҳим жараён улардан намуна олиш ва идентификация қилиш ҳисобланади. Бунинг учун ҳар бир пахта тозалаш корхонасида марказимиз вакиллари фаолият кўрсатмоқда. Улар тойлардан намуналар олиб, штрих-код кўринишида ифодаланган ёрлиқ билан идентификация қиладилар. Намуналар эса тезкор равишда ҳудудий лабораторияларга олиб келинади-да, “HVI” тизимларида  синовдан ўтказишга тайёрланади.
“HVI” тизими — юқори самарали “High Volume Instruments”  синов-ўлчаш  тизимининг  қисқартирилган номланиши бўлиб, у ҳар бир тойдан олинган намуналарнинг 10 дан ортиқ сифат кўрсаткичларини тез аниқлаш имконини беради. Бу пахта толасининг узунлиги, ранги, тозалиги, пишиқлиги, чўзилувчанлиги каби энг муҳим жиҳатларни қамраб олгани билан эътиборлидир. Тизимда ўтказилган синовлар натижаси бўйича ҳар бир тўдага қисқа муддат ичида сифати тўғрисида белгиланган ҳужжатлар расмийлаштирилади. Сўнгра у  пахта тозалаш корхоналарига тақдим қилинади.
Яна шуни ҳам таъкидлаш жоизки, марказнинг ҳудудий лабораторияларида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, дастурий маҳсулотлар жорий қилинган. Мисол учун, яратилган махсус инновацион тизим орқали синовдан ўтказилган тўдалар ва тойлар, уларнинг сифати ва миқдори ҳақида тезкор маълумотлар алмашиш, маълумотларни таҳлил қилиш, шу аснода муҳим бошқарув қарорлари қабул қилиш имконияти мавжуд.
Қувонарлиси, ушбу мукаммал синов тизими натижалари ўзбек пахта толаси сифати йилдан-йилга яхшиланиб бораётганини кўрсатмоқда. 2014 йилда ишлаб чиқарилган тола таркибида юқори навларнинг улуши 91 фоизга яқин бўлиб, 4-5 навларнинг ҳиссаси атиги 5 фоизни ташкил қилди. Бундан ташқари, толанинг тозалигини ифодаловчи синф кўрсаткичлари ҳам яхшиланмоқда. Жумладан, “Биринчи” ва “Иккинчи” навларда “Олий” ва “Яхши” синфларнинг улуши 95,6 фоизга етди. Бу кўрсаткич 2005 йилдагига таққосланганда 28,6 фоиз кўпдир. Толанинг пишиқлигини ифодаловчи солиштирма узилиш кучи эса 32,5 гс/тексга тенг бўлмоқдаки, бу ўрта толали пахта учун дунёда энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Бундан ташқари, калта толалар индекси ва эластиклиги кўрсаткичлари бўйича ҳам рақобатбардошдир.
Соҳада қўлга киритилаётган ютуқлар замирида селекция ишларига алоҳида эътибор қаратилиб, жаҳон бозори талаблари асосида янги саноатбоп навлар яратилаётгани, қайта ишлаш корхоналари модернизация қилинаётгани мужассам, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Бироқ ғўзанинг истиқболли навларини синаш ва жойлаштиришда қимматли хўжалик белгилари, жумладан, муҳим сифат кўрсаткичларини аниқлаш мураккаб жараён бўлиб, бу борада марказимиз мутахассислари селекционер олимларга яқиндан кўмак бермоқдалар. Яъни янги навларни “HVI” тизимларида синовдан ўтказиш бўйича хизматлар кўрсатиб келинаяпти. Шунингдек, мавсум якунида навларнинг сифати бўйича умумлаштирилган маълумотлар тақдим этиб борилаяптики, булар янги навларни жойлаштириш ва экин майдонларини режалаштиришда муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда.
Айни пайтда ҳудудий лабораторияларимизда 2015 йил пахта ҳосилидан олинган янги толани синаш ва сертификатлаш ишлари бошлаб юборилган. Синов натижалари бу йилги пахта толасининг сифат кўрсаткичлари жаҳон тола бозори талабларига тўлиқ жавоб беришини кўрсатмоқда.
Хорижий харидорлар “Ўзэкспомарказ” кўргазма залларида қўйилган ушбу тола намуналари, қолаверса, бевосита пахтани қайта ишлаш жараёни билан яқиндан танишиш асносида бунга ўзлари ишонч ҳосил қилишлари аниқ. Бу тола ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш борасида етакчи бўлган Ўзбекистоннинг жаҳон бозорида эгаллаган мавқеи янада мустаҳкамланиши, хорижий компания ва фирмалар вакиллари билан ҳамкорлик барқарор ривожланишида муҳим омил бўлади, албатта.

Ҳаким УМАРХОДЖАЕВ,
Ўзбекистон «Сифат» маркази бош директори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn