Қулай ишбилармонлик муҳити хусусий сектор ривожида ҳал қилувчи омил бўлмоқда
  • 23 Сентябрь 2015

Қулай ишбилармонлик муҳити хусусий сектор ривожида ҳал қилувчи омил бўлмоқда

Мамлакатимизда хусусий сектор вакилларига кенг имконият ва имтиёзлар яратилмоқда. Пировардида мазкур соҳа иқтисодиётнинг мустаҳкам таянчига айланиб, кичик бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши йил сайин ортиб бораётир. Бунинг амалий самараси эса бозорларимиздаги мўл-кўлчилик, аҳоли турмуш фаровонлигида яққол кўзга ташланаётир.

Самарқандда “2015 — 2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурини ҳаётга татбиқ этишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг роли ва масъулиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” мавзуида бўлиб ўтган конференция-семинарда шу ҳақда сўз юритилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари, тегишли бошқарма ва идоралар, туман, шаҳар ҳокимликлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этган анжуманда юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, улар учун берилаётган имтиёзлар кўлами йил сайин кенгаяётгани алоҳида таъкидланди.
Айтиш керакки, бугунги кунда юртимизда ишбилармонлар фаолиятига аралашувларни чеклаш юзасидан зарур ислоҳотлар амалга оширилаяпти. Бу борада кейинги йилларда бир қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилингани айни муддао бўлди.
Жумладан, Президентимизнинг жорий йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Ушбу Фармон асосида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунда тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари жавобгарлигини жиноий жавобгарликка тортиш даражасигача ошириш билан боғлиқ чоралар белгиланган.
— Мазкур Қонун қабул қилиниши муносабати билан амалдаги бир қатор ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди, — дейди вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Худоёр Маматов. — Бу эса юртимизда тадбиркорликни жадал ривожлантиришга хизмат қилади. Бугунги конференцияда адлия, солиқ, божхона, прокуратура ходимларининг Қонундаги ўзгартиш ва янгиликларни батафсил шарҳлаб берганлиги иштирокчилар учун айни муддао бўлди.
Таъкидлаш керакки, вилоятда жорий йилнинг дастлабки олти ойи давомида ялпи ҳудудий маҳсулотнинг ўсиш суръатлари 10,5 фоизни ташкил этди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 14,0 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш миқдори 6,5 фоиз ўсди. Ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 71,9 фоизга етди. Ҳозирги кунда воҳада иш билан банд бўлган аҳолининг 83,7 фоизи айнан шу соҳада меҳнат қилмоқда.
Албатта, бундай юксалиш суръатлари мамлакатимизда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити самарасидир. Зеро, қонун устуворлиги таъминланган юртда тараққиёт барқарор бўлади.
Самимий мулоқот тарзида ўтказилган анжуман давомида тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга муфассал жавоб олдилар.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn