Инновацион лойиҳалар самараси
  • 22 Сентябрь 2015

Инновацион лойиҳалар самараси

Юртимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, хусусан, Маҳаллийлаштириш дастури доирасидаги кўплаб истиқболли лойиҳаларнинг босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этилиши четдан келтирилаётган хом ашё ҳамда бутловчи буюмларни ўзимизда тайёрлаш имкониятини тобора кенгайтирмоқда.

Бу эса аҳолининг импорт ўрнини босувчи маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш баробарида, корхоналар экспорт салоҳиятини юксалтириш, валютани тежаш ҳамда қўшимча иш ўринлари яратишга хизмат қилаяпти.
Шу ўринда биргина автомобилсозлик саноати субъектлари фаолиятидаги муваффақиятларни алоҳида айтиб ўтиш зарур. Жумладан, кейинги йилларда “GM Uzbekistan” корхонасида янги русумдаги автомобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши уларга зарур эҳтиёт қисмларни етказиб беришга ихтисослаштирилган ўнлаб қўшма корхоналарда технологик жараёнларни жадаллаштириб юборди. Табиийки, бу кенг кўламли техник ва технологик янгиланишлар ҳамда амалиётга  жорий этилаётган инновацион лойиҳалар натижасидир.
Андижон шаҳридаги “Водий олтин куз” масъулияти чекланган жамияти ҳам ана шундай ислоҳотлар натижасида саккиз йилдирки,  самарали фаолият юритиб келмоқда. Айни пайтда кичик бизнес субъекти “GM Uzbekistаn”, “ЎзДонгЯнг Ко”, “ЎзТонгХонг Ко” каби йирик корхоналар буюртмаларини ўз вақтида бажариб, ички ва ташқи бозордаги мавқеини тобора мустаҳкамлаб бораётир.
“Водий олтин куз” масъулияти чекланган жамияти мутасаддиларининг таъкидлашича, корхона фаолияти ривожида юртимизда ишбилармонлар учун берилаётган имтиёзлар қўл келмоқда. Чунончи, бундай енгилликлар туфайли жамият 2007 йилда лизинг асосида “Borche” русумидаги бир жуфт замонавий дастгоҳ сотиб олган эди. Мазкур  компьютерлаштирилган ускуналар ёрдамида “Нексия”, “Матиз”, “Спарк”, “Ласетти” русумидаги автомобиллар учун йилига 70 минг дона 15 турдаги пластмасса деталлар ишлаб чиқарилади.
Сифат — маҳсулот кўзгуси. Айниқса, импорт ўрнини босувчи эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришда бунинг аҳамияти беқиёс. Ушбу омил нафақат мавжуд ускуна ва дастгоҳлар илғорлиги, балки мутахассислар малака ва тажрибасига ҳам чамбарчас боғлиқ.
Жамият мутахассислари мазкур ҳолатларни инобатга олиб, жамоа сафини етук кадрлар билан тўлдиришга ҳаракат қилмоқда. Масалан, ҳозир корхонада меҳнат қилаётган ходимларнинг асосий қисмини автомобилсозлик йўналишига ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ташкил этади. Файзулло Фозилов — шулардан бири. Андижон индустриал-педагогика коллежини “Автомобилларни йиғиш ва синаш” мутахассислиги бўйича тамомлаган ушбу изланувчан йигит ўқув амалиёти давридаёқ устозлари эътиборига тушган эди. Кўп ўтмай, мураккаб технологик ускуналарни ишлатиш, уларга техник хизмат кўрсатиш сирларини пухта ўзлаштириб олди. Натижада 2013 йилда у “Водий олтин куз” жамоаси сафига қабул қилинди. Айни пайтда ёш мутахассисга жорий йилда лизинг асосида харид қилинган тўртта “Lisong” дастгоҳи ишониб топширилган.
— Термопласт-автомат ускуналари ҳар жиҳатдан мукаммал, — дейди Ф. Фозилов. — Масалан, улар шовқинсиз ишлайди. Энергия тежамкор. Экологияга таъсири нисбатан кам. Ҳозир корхонада меҳнат қилаётган тенгдошларим ҳам шундай компьютерлаштирилган ускуналарни моҳирлик билан бошқармоқда. Муҳими, жамоамизнинг ҳар бир аъзоси миллий автомобилсозлик саноатини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётганидан мамнун.
Корхона цехларидаги иш жараёнини кузатамиз. Майда гранулалардан тайёр бутловчи қисмлар яратилишигача хом ашё олти босқичдан ўтади. Якуний босқичда 250 даража ҳарорат остида қолипланган маҳсулот қадоқланиб, сифат назоратидан ўтказилади. Шундан сўнг у буюртмачиларга етказилади. Айтиш жоизки, мазкур мураккаб жараёнда 2013 йили жамиятда халқаро ISO/TS-9001:2008 cифат назорати тизими жорий қилингани ва яқинда ушбу тизим янада такомиллаштирилгани ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Дарҳақиқат, бугунги кунда кичик корхонада Маҳаллийлаштириш дастури асосида янги лойиҳаларни рўёбга чиқариш устида изланишлар изчил давом эттирилмоқда. Зеро, дастурда кўзда тутилган имтиёзлар янги-янги  муваффақиятлар учун асос бўлиб хизмат қилади.

Саидаҳмад ШУКУРОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn