Тадбиркорлар учун кенг имконият
  • 22 Сентябрь 2015

Тадбиркорлар учун кенг имконият

Хусусий сектор ривожини таъминловчи омиллар кўп. Шулардан энг муҳими қулай ишбилармонлик муҳитидир. Зеро, юртимизда кичик бизнес субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилаётгани, жумладан, соҳа вакилларига берилаётган қатор имтиёзлар уларнинг истиқболли лойиҳалари рўёбига кенг йўл очмоқда.
Бу эса аҳолининг сифатли маҳсулотларга бўлган эҳтиёжларини таъминлаш баробарида, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини юксалтиришга ҳам хизмат қилаётир.
 Нукус шаҳрида “2015 — 2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурини ҳаётга татбиқ этишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг роли ва масъулиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” мавзуида ўтказилган конференция-семинарда шу ҳақда сўз юритилди. Унда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, солиқ, суд органлари вакиллари ҳамда тадбиркор ва фермерлар иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, истиқлол йилларида мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иқтисодиётнинг таянч кучига айланди. Бу давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мулкдорлар синфини шакллантириш, ишбилармонликни жадал равнақ топтириш йўлида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар мевасидир. Хусусан, кейинги йилларда соҳанинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилиб, босқичма-босқич такомиллаштириб борилаётгани тадбиркорларимизнинг эмин-эркин фаолият юритишларини кафолатламоқда.
Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлари шулар жумласидандир. Президентимизнинг жорий йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борада амалга оширилаётган ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтараётгани билан аҳамиятлидир. Чунончи, мазкур Фармон асосида амалдаги 10 та Кодекс, 33 та Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди, тадбиркорлик фаолиятини рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш тизими такомиллаштирилди, тадбиркорликни ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратилиб, уларнинг моддий ва кредит ресурсларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилди.
Албатта, кўрилаётган бундай чора-тадбирлар амалда ўз самарасини бермоқда. Масалан, Қорақалпоғистон Республикасида бугунги кунда 10707 та кичик бизнес субъекти давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг 1 сентябрь ҳолатига қиёслаганда, 206 та кўпдир. Қолаверса, соҳанинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 49,6 фоизга етиб, аввалги йилдагига нисбатан 1,2 баробар ўсишга эришилди. Пировардида тадбиркорлар томонидан 16,1 миллион АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилинди. Ўз навбатида, улар томонидан 12 минг 900 та иш ўрни яратилди. Бундан ташқари, 2014 йилнинг биринчи ярим йиллигига нисбатан кичик бизнес субъектларининг улуши саноатда 30,5 фоиздан 31,6 фоизга, пуллик хизматда 35,6 фоиздан 37,2 фоизга, юк ташишда 58,7 фоиздан 61,4 фоизга ортди. Бунда уларга молия муассасалари томонидан 258,2 миллиард сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилгани қўл келди.
— Бундан беш йил муқаддам ёғоч ва темир буюмлар тайёрлашга ихтисослаштирилган корхонамиз фаолиятини йўлга қўйган эдик, — дейди Нукус шаҳридаги “Кардар ишлаб чиқариш маҳсулотлари” масъулияти чекланган жамияти раҳбари, “Шуҳрат” медали соҳиби Мурат Шимбергенов. —  Ўшанда жамоамиз сафида 4 нафар мутахассис меҳнат қиларди. Улар саъй-ҳаракати билан бор-йўғи 3 хил маҳсулот ишлаб чиқарардик. Юртимизда хусусий сектор ривожи йўлида яратилган имтиёзлардан фойдаланиб, қисқа муддатда ўз фаолиятимизни кенгайтиришга муваффақ бўлдик. Ҳозир жамиятимизда 103 нафар киши иш билан банд. Тайёрланаётган 30 хилдан зиёд маҳсулотларимиз истеъмолчиларга манзур келаяпти. Юртбошимизнинг жорий йил 15 майдаги  Фармони ишимизга янада унум бағишламоқда.
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси, солиқ бошқармаси, хўжалик суди мутасаддилари ва бошқа идора ҳамда муассасалар вакиллари тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга доир қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича тушунчалар бердилар.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М. Ерниязов сўзга чиқди.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn