Замонавий саноат корхоналари мамлакатимиз экспорт салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда
  • 19 Сентябрь 2015

Замонавий саноат корхоналари мамлакатимиз экспорт салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда

Юртимизда қад ростлаётган замонавий бино ва иншоотлар нафақат маҳобати, балки меъморий ечими, мустаҳкамлиги билан эътиборни тортади. Бу, албатта, бунёдкорлик жараёнида юқори сифатли қурилиш ашёлари қўлланилаётгани самарасидир.

Дарҳақиқат, бугунги кунда қурилиш материаллари саноати иқтисодиётимизнинг истиқболли соҳаларидан бири ҳисобланади. Бинобарин, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришга қаратилган инновацион лойиҳалар ана шундай натижаларнинг қўлга киритилишига замин яратмоқда.
Бундан бир ярим йил муқаддам Олмалиқ кон-металлургия комбинатига қарашли Жиззах цемент заводи фойдаланишга топширилгач, юртимиз қурилиш материаллари саноатида янги саҳифа очилди. Гап шундаки, бу ерда Марказий Осиёда биринчи бўлиб оқ цемент ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.
Шу ўринда айтиш жоизки, бунёдкорлик ишларида, пардозлаш ва безашда, керамик маҳсулот тайёрлашда кенг қўлланиладиган оқ цемент дунёнинг саноқли давлатларида ишлаб чиқарилади. Унга бўлган талаб эса ниҳоятда юқори. Шу маънода,  республикамиз нафақат оқ цемент ишлаб чиқарувчи, балки уни экспорт қилувчи давлатлар қаторига қўшилгани диққатга сазовор.
Корхонада маҳсулот тайёрлаш ҳажми ички ва ташқи бозор талаби асосида узлуксиз кўпаймоқда. Хусусан, жорий йилнинг 8 ойи давомида республикамизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларига 310 минг 991 тонна портланд цемент, 2 минг 295 тонна оқ цемент етказиб берилган бўлса, чет эллик буюртмачиларга 1991 тонна портланд цемент, 4514 тонна оқ цемент сотилди.
Шуниси эътиборлики, ушбу янги қурилиш маҳсулотининг сифати ниҳоятда юқори бўлиб, жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб беради. Қолаверса, унинг нархи турдошларига нисбатан анча арзон.
— Бунинг асосий сабаби, корхонамизга Германияда ишлаб чиқарилган энг замонавий технологиялар асосида ишловчи, қуруқ усулда цемент олишга мослашган ускуналар ўрнатилганидир, — дейди заводнинг режалаштириш ва иқтисод бўлими бошлиғи Сирожиддин Қоржовов. — Қолаверса, цемент ишлаб чиқариш учун керак бўлган энг асосий хом ашё — оҳактош бор-йўғи бир ярим чақирим наридаги Балиқлитоғдан қазиб келтирилаяпти. Соз тупроқни эса 7 чақирим узоқликдаги маскандан олаяпмиз. Бу эса маҳсулотимизнинг рақобатбардошлигини таъминлашда муҳим омил бўлаяпти.
Ҳисоб-китобларга қараганда, Балиқлитоғнинг корхона учун ажратиб берилган қисмидаги оҳактош захираси камида 150 йилга етар экан. Яқинда яна бир янги кон топилди. Заводдан 20 километр узоқликда бўлган ушбу хом ашё захираси фойдаланишга топширилгач, сарф-харажат янада камайиб, маҳсулот таннархи арзонлашади, ишлаб чиқариш ҳажми эса ошади.
Жиззах цемент заводида айни пайтда ишлаб чиқариш қувватларини ошириш чоралари ҳам кўрилмоқда. Яъни хорижлик бунёдкорлар томонидан корхона янада кенгайтирилаяпти. Устувор режага кўра, у 2016 йилнинг биринчи ярмида ниҳоясига етказилиши кўзда тутилган. Натижада қарийб 100 та иш ўрни очилиб, корхона ишчи-ходимларининг сони 600 нафардан ошади.

Тожиддин ҚАМАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn