Маҳаллийлаштириш: Имконият ва самара
  • 19 Сентябрь 2015

Маҳаллийлаштириш: Имконият ва самара

Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш иқтисодий тараққиётнинг муҳим омили ҳисобланади.

Шу боис мамлакатимизда маҳаллий хом ашё асосида импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар тайёрлашни йўлга қўйишга устувор вазифа сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада иқтисодий мустақиллигимиз мустаҳкамланиб, ички бозор юқори сифатли товарлар билан тўлдирилаяпти.
Маҳаллийлаштириш дастури ижросига саноатнинг барча тармоғи, хусусан, “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси тизимидаги хўжалик юритувчи субъектлар кенг жалб этилган. Ўзбекистон Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган анжуманда улар томонидан амалиётга татбиқ қилинаётган истиқболли лойиҳалар ва кутилаётган самаралар ҳақида сўз юритилди.
Қайд этилганидек, Президентимизнинг 2014 йил 4 февралдаги “2014 — 2016 йилларда тайёр маҳсулот, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури тўғрисида”ги қарори тизимда маҳаллийлаштириш кўламини кенгайтиришда дастуриламал бўлиб хизмат қилаяпти. Ушбу ҳужжатга биноан, Маҳаллийлаштириш дастурига биргина 2015 йилда умумий қиймати 68 миллиард 892 миллион сўмлик амалдаги 13 та лойиҳа киритилди.
Компания мутахассисларининг айтишича, мазкур ҳаётий дастур ташқи омилларга боғлиқлигимизни камайтириш, ички талабни шакллантириш, бозорларимизни зарур бутловчи маҳсулотлар билан тўлдириш, валюта ресурсларини тежаш, шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Компания тизимида импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмининг муттасил равишда ўсиб бораётгани бунинг яққол тасдиғидир.
Гап шундаки, 2015 йилнинг биринчи ярмида 20 та лойиҳа доирасида 28 миллиард 698,4 миллион сўмлик янги турдаги маҳсулотлар тайёрланиб, ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 65,1 фоиз ўсишга эришилди. Маҳаллийлаштирилган бундай маҳсулотларнинг салмоқли қисми экспорт қилинаётгани, айниқса, қувонарлидир.
Айни шу кунларда тизимда яна бешта истиқболли лойиҳа устида иш олиб борилмоқда. Улар амалиётга жорий этилгач, Маҳаллийлаштириш дастурига киритилган лойиҳалар сони 30 тага етади. Пировардида йил охирига қадар умумий қиймати 87 миллиард 793,3 миллион сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрланади.
Анжуманда, шунингдек, келгуси йилда ишлаб чиқариш ўзлаштириладиган тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

С. РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn