«Ўзбек модели»: Ўзини оқлаган тараққиёт йўли
  • 18 Сентябрь 2015

«Ўзбек модели»: Ўзини оқлаган тараққиёт йўли

Халқимиз мустақиллигимизнинг 24 йиллигини кўтаринки кайфиятда нишонлади. Мана шундай шукуҳли дамларда босиб ўтилган йўлга назар ташлар эканмиз, ҳар бир соҳада қўлга киритилаётган улкан муваффақиятлар тимсолида Истиқлол деб аталмиш бебаҳо неъматнинг қадрини янада теранроқ ҳис этамиз. Айни пайтда бундай ютуқлар замирида жуда катта куч ва меҳнат ётганини ҳам яхши англаймиз.

Дарҳақиқат, ҳеч бир натижага шунчаки эришиб бўлмаганидек, Ўзбекистоннинг ҳам бугунгидек барқарор ривожланаётган, дунёнинг ҳайрат ва ҳавасини келтираётган мамлакат сифатида ном қозониши ўз-ўзидан бўлган эмас. Чунки мустақиллик қўлга киритилгунигача, собиқ Иттифоқ даврида республикамиз жуда мураккаб ижтимоий-сиёсий, иқтисодий муаммолар гирдобида қолиб кетган эди. Халқ ўртасида тушкунлик, эртанги кунга ишончсизлик кайфияти кенг тарқалганди. Бу даврнинг оғир ва аянчли манзарасига баҳо берган давлатимиз раҳбари юзага келган танглик ҳақида тўхталиб, жумладан, шундай деганди: “Шу нарса шак-шубҳасиз ва очиқ-ойдиндирки, республика барча асосий иқтисодий ва ижтимоий кўрсаткичлар бўйича Иттифоқдаги ўртача даражадан ҳам анча орқада бўлиб, мамлакатда охирги ўринлардан бирида турибди. Биз бу рақамларни илгари ҳам неча марталаб айтганмиз, аммо бугун уларни яна бир бор идрок этмоқ керак. Ўзбекистон ҳар киши бошига ялпи ижтимоий маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича мамлакатда 12-ўринда турибди, аҳоли жон бошига миллий даромад ишлаб чиқариш бўйича кўрсаткич эса Иттифоқдаги ўртача даражадан икки ҳисса паст. Саноатдаги меҳнат унумдорлиги жиҳатидан республика мамлакатдан 40 фоиз, қишлоқ хўжалигидаги меҳнат унумдорлиги жиҳатидан эса икки баробар орқада қолмоқда. Республикада аҳоли жон бошига халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ўртача Иттифоқ даражасининг атиги 40 фоизини ташкил этади. Биз даромад даражаси, асосий турдаги маҳсулотларни истеъмол қилиш жиҳатидан иттифоқдош республикалар орасида энг охирги ўринлардан бирида турибмиз”.
Шунинг ўзиёқ мустабид тузум даврида собиқ Марказ беписанд сиёсат юритгани, “Сизларга бўлаверади” деган қараш билан муносабатда бўлганини яққол тасдиқлайди. Энди ўзингиз бир тасаввур қилиб кўринг. Жуда катта бойликка, ишлаб чиқариш ва фан-техника имкониятларига, қулай табиий иқлим шароитларига эга бўлган юртимизни қолоқ бир аграр ўлкага, яъни фақат қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритиб, хом ашё етказиб берадиган базага айлантирилгани адолатдан эдими? Натижада яшаш учун керак бўлган энг оддий нарсалар ҳам етишмасди, ижтимоий инфратузилма аянчли аҳволга тушиб қолганди.
Президентимиз юзага келган вазиятни чуқур таҳлил қилар экан, “Биз бундан буён эскича яшолмаймиз ва бундай яшашга замоннинг ўзи йўл қўймайди” дея ҳаққоний бир хулосага келади ҳамда ўз фаолиятида ислоҳотчилик, эл-юртнинг дарду ташвишлари энг олий мезон бўлиб қолишини очиқ баён этади.
Ўрни келганда шуни айтиш жоизки, собиқ Иттифоқ парчаланиб кетганидан кейин унинг таркибида бўлган кўпгина республикалар бошқа давлатлар узоқ йиллар давомида эришган марраларга тезда эришмоқчи бўлишди. Ҳаммадан ўзиб кетамиз, деган баландпарвоз гаплар айтилди. Лекин шошмашошарлик билан узоққа бориб бўлмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб қўйди.
Хўш, бизда юритилаётган сиёсатнинг ўзига хослиги нимада? Юртбошимиз мустақиллигимизнинг йигирма тўрт йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида бу ҳақда тўхталиб, жумладан, шундай деди: “Ҳеч кимга сир эмас — биз юртимизда ўзимизга хос, ўзимизга мос ҳаёт қуришда шошмашошарлик, калтабинлик ҳолатларига, пала-партиш ишларга асло йўл қўймадик. Бошқаларга ўхшаб, маррани ким тезроқ эгаллайди, деган мусобақаларга қўшилмадик, ўзгалардан нусха олмадик, узоқни кўзламайдиган “маслаҳатчи”лардан йироқ бўлдик. Энг муҳими, ўз тақдиримизга, келажагимизга енгил-елпи қараб, таклиф этилаётган кредитларга учиб, қарзга ботганимиз йўқ.
Бир сўз билан айтганда, биз ҳақиқатан ҳам “Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” деган принципга амал қилиб, мақсадимизга эришиш учун босқичма-босқич, эволюцион — тадрижий тараққиёт йўлини маҳкам ушладик.
Чуқур ва пухта ўйланган, машҳур беш тамойилга асосланган, бугунги кунда жаҳон миқёсида “ўзбек модели” деб тан олинган стратегик тараққиёт дастурини ишлаб чиқиб, уни амалга оширганимиз, ҳеч шубҳасиз, тарихимизда ўчмас из қолдириши муқаррар”.
Маълумки, ушбу модель бешта тамойилга асосланади. Яъни, иқтисодиётни мафкурадан холи этиш, унинг сиёсатдан устунлигини таъминлаш, давлатнинг бош ислоҳотчи вазифасини бажариши, қонун устуворлигига эришиш, кучли ижтимоий сиёсат юритиш ва ислоҳотларни босқичма-босқич ва изчил равишда амалга оширишга қаратилган ўзига хос йўл. Шунга мувофиқ, миллий давлатчилик асосларини шакллантириш, қонунчилик, суд-ҳуқуқ тизими ва ижтимоий-гуманитар соҳаларни изчил ислоҳ қилиш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, иқтисодиётимизни либераллаштириш ҳамда модернизация қилиш, унинг таркибий тузилишини диверсификация қилиш бўйича кенг қамровли саъй-ҳаракатлар олиб борилаяпти.
Давлатимиз раҳбари мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ фақат хом ашё чиқарган ва хом ашё сотган элнинг косаси оқармаслиги оддий ҳақиқат эканлигини уқтириб, миллий саноатимизни устувор ривожлантириш дастурини илгари сурди. Қисқа вақт ичида миллий иқтисодиётимиз таркибини тубдан ўзгартиришга хизмат қилган, замонавий юксак технологияларга эга бўлган автомобилсозлик, нефть ва газ кимёси, нефть-газ машинасозлиги, тўқимачилик саноати каби тармоқлар, чарм-пойабзал, озиқ-овқат, фармацевтика, электроника ва маиший электроника, қурилиш материаллари саноати сингари жаҳон, минтақавий ҳамда ички бозорларда талаб катта бўлган тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган янги мажмуалар ва корхоналар барпо этилди.
“Ўзбек модели”нинг энг муҳим хусусияти, Юртбошимиз таъкидлаганидек, четдан қарз олиш сиёсатининг чуқур ўйланганида, мамлакатимизни ташқи омилларга боғлаб қўйиши мумкин бўлган қисқа муддатли спекулятив кредитлардан воз кечишда намоён бўлмоқда. “Биз Ўзбекистонда инвестиция сиёсатини олиб боришда баъзиларга ўхшаб осон йўлни қидирмадик. Яъни, четдан қарз олишда етти ўлчаб, бир кесдик, ички бозорни турли-туман моллар билан тўлдиришга зўр бериб, олинган кредитларни, валюта маблағларини айрим давлатларга ўхшаб қисқа муддатда еб битирганимиз йўқ.
Биз, аксинча, энг оғир, энг қийин, лекин келажаги бор йўлни танладик. Инвестицияларни, авваламбор, иқтисодиётимизни тубдан ўзгартиришга, юқори технологияларга асосланган янги замонавий саноат корхоналарини барпо этишга йўналтирдик. Ва бугун ана шундай узоқни кўзлаган ишларимиз қандай юксак самара бераётганини ҳаммамиз кўриб турибмиз”, дейди Президентимиз.
Бунинг исботи — мамлакатимизнинг ташқи қарзи ялпи ички маҳсулотга нисбатан 15 фоиздан ошмаслиги, ички қарзимиз умуман йўқлиги, экспорт ҳажми, олтин-валюта захираларимиз барқарор суръатлар билан ошиб бораётганидир.
Жаҳон миқёсидаги глобал иқтисодий инқироз ҳали-бери давом этаётганига қарамасдан, дунёнинг саноқли давлатлари қаторида Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсиш суръатлари сўнгги ўн бир йил давомида 8 фоиздан юқори бўлиб келмоқда. Бу биз танлаган миллий тараққиёт йўлининг нечоғли тўғри ва ҳаётий эканининг яна бир исботидир.
Мамлакатда тўлиқ чет эл капитали ҳисобига ташкил этилаётган ҳамда қўшма корхоналар сонининг муттасил ортиб бораётганлиги сармоядорлар учун жуда қулай инвестициявий муҳит яратилгани билан боғлиқ. Буни мустақиллик йилларида иқтисодиётимизга 190 миллиард АҚШ доллари ҳажмидаги инвестициялар, жумладан, 65 миллиард доллардан ортиқ хорижий сармоялар жалб этилгани мисолида ҳам кўриш мумкин.
Ўзбекистон инвестициялар киритиш учун жозибадор давлат эканлигини АҚШ, Германия, Япония, Жанубий Корея, Хитой, Испания, Швейцария, Сингапур каби 90 дан зиёд давлатларнинг хорижий инвесторлари иштирокида ташкил этилган дунёга машҳур “Женерал моторс”, “МАН”, “Клаас”, “Исузу”, “Лотте кемикал”, “Когаз”, “Дэу текстиль”, “Янг вон”, “Хуавей”, “Пенг Шенг”, “Максам”, “Индорама”, “Нестле”, “Нобель”, “Ритер” сингари 4 мингдан зиёд қўшма корхоналар муваффақиятли фаолият кўрсатаётганлиги ҳам тасдиқлайди. Улар билан ҳамкорлик миллий иқтисодиётимиз тармоқларини тубдан модернизация қилиш, энг замонавий технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқаришни бошқаришни такомиллаштириш, жаҳон бозорларига янги харидоргир маҳсулотлар билан жадал кириб бориш имконини бермоқда.
Инвесторларга кенг солиқ имтиёзлари ва преференциялар берилган  “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси, “Ангрен” ва “Жиззах” махсус индустриал зоналарининг ташкил этилгани юқори технологияларга асосланган корхоналарни ривожлантиришга шароит яратди. Бугун “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остидаги телекоммуникация ускуналари, компьютер техникаси ва мобиль телефонлар, кенг турдаги маиший электроника ва бошқа турли маҳсулотларни нафақат маҳаллий, балки кўпгина чет эл савдо мажмуалари пештахталарида ҳам учратасиз. Давом этаётган глобал инқироз туфайли кўпчилик давлатларда истеъмол талаби пасайиб бораётган бир шароитда, масалан, жорий йилнинг ўтган даврида 493 янги корхона экспорт фаолиятига жалб қилинди. Қиймати 64 миллион доллардан зиёд 168 турдаги янги товарлар жаҳон бозорига чиқарилди.
Шу ўринда мамлакатимизда тадбиркорлик соҳаси миллий иқтисодиётни ривожлантириш, ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда тобора катта роль ўйнаётганини айтиш жоиз. Айни пайтда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 56 фоиздан ортиқни ташкил этаяпти. Саноат ишлаб чиқариш ҳажмининг 31,1 фоизи шу соҳа ҳиссасига тўғри келаётир. Бугунги кунда жами иш билан банд аҳолининг 75-77 фоизи тадбиркорлик соҳасида меҳнат қилаётгани унинг республикамиз тараққиётида тутган ўрни нақадар муҳимлигини яққол кўрсатиб беради. Мустақиллик йилларида аҳоли даромадлари таркибида тадбиркорлик фаолиятидан олинаётган даромад улуши 10,6 фоиздан 52 фоизга ўсди. Бу МДҲ мамлакатларидаги энг юқори кўрсаткичлардан биридир.
Бу ҳақда сўз юритганда, собиқ Иттифоқ ҳудудидаги бошқа мамлакатлардан фарқли равишда, Ўзбекистонда даромадлар даражаси бўйича аҳолининг кескин табақаланиш ҳолати мавжуд эмаслигини алоҳида таъкидлаш ўринли. Энг кўп ва энг кам даромад оладиган аҳоли ўртасидаги фарқ 2000 йилдаги 53,3 баробардан бугунги кунда 7,8 баробарга тушди. Жамиятда ижтимоий барқарорликнинг мезони ҳисобланган бу кўрсаткич, халқаро меъёрларга кўра, 10 баробар қилиб белгиланган.
Одамларнинг даромадлари ортиши билан оилаларнинг моддий аҳволи ҳам сифат жиҳатдан ўзгариб бормоқда. Бугунги кунда юртимиздаги оилаларнинг 94 фоиздан ортиғи холодильниклар, 84 фоиздан зиёди турли ошхона электр жиҳозларига, 63 фоиздан зиёди кир ювиш машиналари, ярмидан кўпи компьютер, чангюткич, микротўлқинли печларга эга, учдан бир қисми эса кондиционерлардан фойдаланмоқда.
Истиқлол йилларида аҳолининг телевизорлар билан, айниқса, мутлақо янги турдаги — плазма экранли рангли телевизорлар билан таъминланиши 1,6 баробар, енгил автомобиллар билан таъминланиши 3,5 марта ошгани ҳам оилаларимизнинг фаровонлиги юксалиб бораётганининг яққол ифодасидир.
Қисқа вақт ичида ҳаётимизга, деярли ҳар бир оилага энг замонавий мобиль телефонларнинг бир неча янги авлоди, ноутбуклар, тюнерлар, DVD приставкалари, сунъий йўлдош орқали фаолият кўрсатадиган ва кабелли телевидение, духовкали электр печлар, музлаткич камералар, сув иситиш бойлерлари ва бошқа мутлақо янги, юқори технологиялар асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кириб келди. Энг муҳими, ушбу маҳсулотларнинг аксарияти ҳам мамлакатимиз корхоналарида ишлаб чиқарилаётир.
Яна бир мезон ҳақида. Уй-жой билан таъминланганлик даражаси аҳоли турмуш даражаси ва сифатининг асосий кўрсаткичларидан бири эканлиги барчага яхши маълум. Ҳозирги пайтда ҳам кўпгина, шу жумладан, ривожланган давлатларда аҳолининг салмоқли қисми хусусий тураржойга эга эмас, оилаларнинг ярмидан кўпи ижарага олинган хонадон ва уйларда яшайди. Ўзбекистонда эса уй-жой фондининг деярли барчаси хусусий мулк сифатида аҳоли тасарруфидадир.
Мамлакатимиз ҳудудларида уй-жойлар қуриш суръати ва кўлами йил сайин кенгаймоқда. Мустақиллик йилларида уй-жой фондининг умумий майдони 1,9 баробар ошди. 2009 йилдан эътиборан 159 та қишлоқ туманида 900 дан ортиқ янги уй-жой мавзелари барпо этилиб, салкам 45 мингта кўркам, барча қулайлик, зарур хўжалик биноларига эга бўлган, шаҳарлардагидан асло қолишмайдиган, пишиқ ғиштдан қурилган,  замонавий қурилиш ва томёпқич материалларидан фойдаланилган, шифтлари баланд, хоналари шинам ва ёруғ якка тартибдаги уй-жойлар фойдаланишга топширилди. Ана шу мавзеларда тураржойлар билан бир қаторда, болалар боғчалари, мактаблар ва касб-ҳунар коллежлари, маданий ва маиший муассасалар, спорт мажмуалари ҳам қурилмоқда, ижтимоий инфратузилмалар — кенг ва равон йўллар, табиий газ, ичимлик ва оқова сув тармоқлари бунёд қилинмоқда. Бу жараён қизғин давом этаяпти.
Юқоридаги кўрсаткичлар Ўзбекистон мустақиллик арафасида иқтисодиёти жар ёқасида турган қолоқ ўлкадан бугунги кунда тез ва барқарор суръатлар билан, аввало, замонавий саноат тармоқлари ҳисобидан куч-қудрати ва салоҳияти юксалиб бораётган индустриал давлатга айланаётганлигининг амалий ифодасидир. Ўзбекистон иқтисодиётининг чорак асрдан камроқ бир даврда 5,5 каррадан зиёд ўсгани, аҳолимизнинг реал даромадлари ҳажми жон бошига 9 марта кўпайгани, албатта, фахрланишга арзийдиган натижадир. Бугун жаҳон ҳамжамиятининг бизга ҳайрат ва ҳавас ила боқаётгани ҳам бежиз эмас. Бинобарин, юртимиз эришаётган ютуқ ва марралар дунё миқёсида кенг эътироф этилаётир. Жаҳон иқтисодий форуми томонидан эълон қилинган рейтингда иқтисодиёти энг тез ривожланаётган давлатлар орасида мамлакатимиз 5-ўринни эгаллагани, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўмагида АҚШнинг Колумбия университети томонидан ташкил этилган ижтимоий тадқиқотлар асосида эълон қилинган “Бутунжаҳон бахт индекси”да Ватанимиз 158 та мамлакат ўртасида 44-поғонани, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида 1-ўринни эгаллагани бунинг яққол тасдиғидир.
Мамлакатимизда истиқболда бажарилиши кўзда тутилган режалар янада улуғвордир. Хусусан, 2015 — 2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури бўйича умумий қиймати 40 миллиард 809 миллион долларлик 846 инвестициявий лойиҳа амалга ошириш белгиланган. Улар қаторига Сурғил кони базасида Устюрт газ-кимё мажмуи каби юзлаб янги замонавий, энг илғор технологияларга асосланган корхоналарни қуриш, “Ангрен — Поп” электрлаштирилган темир йўл линиясини фойдаланишга топшириш ва бошқаларни киритиш мумкин.
Бу сингари улкан режаларни изчил ҳаётга татбиқ этиш 2015 — 2019 йилларда ялпи ички маҳсулотни йилига ўртача камида 8 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 9 фоизга ошириш, яъни шу давр мобайнида мазкур кўрсаткични 1,5 баробарга кўпайтириш имконини беради. Белгиланган мўлжаллар пухталиги энг нуфузли халқаро экспертлар томонидан ҳам тасдиқланмоқда. Хусусан, Халқаро валюта жамғармасининг 2015 йил апрель — май ойларида мамлакатимизда бўлган миссияси бошлиғининг баёнотида “...Ўзбекистон иқтисодиёти мураккаб ташқи шароитда ҳам ўз барқарорлигини намоён этмоқда. ... 2015 йилда иқтисодий ўсиш, кутилганидек, юқори бўлади. Бунга яқинда қабул қилинган саноат ва инфратузилмани модернизация қилиш, хусусийлаштириш ва корпоратив бошқарув дастурлари самарасида эришилади”,  деб қайд этилди.
Холис муносабатлар, самимий эътирофлар, шубҳасиз, дилга ўзгача ифтихор бағишлайди. Дунё тан олаётган ютуқларимизнинг барчаси, юқорида айтиб ўтганимиздек, Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ишлаб чиқилган “ўзбек модели”нинг ҳар томонлама тўғри эканлигининг, Ўзбекистон энг ривожланган давлатлар қаторига қўшилиш йўлида дадил одимлаётганининг амалий ифодаларидир.

Қаландар АБДУРАҲМОНОВ,
иқтисод фанлари доктори, профессор.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn