Хусусий сектор фаолияти давлатимиз томонидан изчил қўллаб-қувватланмоқда
  • 18 Сентябрь 2015

Хусусий сектор фаолияти давлатимиз томонидан изчил қўллаб-қувватланмоқда

Андижон вилоятида “2015 — 2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурини ҳаётга татбиқ этишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг роли ва масъулиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” мавзуига бағишланган конференция-семинар бўлиб ўтди.

Ҳуқуқни муҳофаза этувчи, назорат қилувчи ва суд органлари, шаҳар ва туман ҳокимлари, молия муассасалари раҳбарлари, вилоятнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган тадбиркор ва фермерлар иштирок этган мазкур тадбирда Президентимизнинг жорий йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш, тадбиркорликка янада кенг имконият ва имтиёзлар яратиш масалалари хусусида сўз юритилди.
Таъкидландики, юртимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб хусусий мулк эгаларини ҳимоялаш, иқтисодиётда тадбиркорлар улушини ошириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга доир қонун ҳамда бошқа меъёрий ҳужжатлар узлуксиз такомиллаштирилаётгани соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Чиндан ҳам, иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли имтиёзлар берилаяптики, бу пировардида соҳа вакилларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янги босқичга кўтармоқда. Сўнгги йилларда янги таҳрирдаги “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги каби 15 дан ортиқ қонунлар қабул қилингани ана шундан далолат беради.
Айни пайтда Андижон вилоятида 23 минг 500 га яқин тадбиркорлик субъектлари фаолият юритаётган бўлса, уларнинг барчаси яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, иш кўламини тобора кенгайтириб олмоқда. Охирги 15 йил ичида солиқ ва бошқа ижтимоий тўловларни ўз вақтида тўлаб, фаолиятини қонуний асосда, пухта ташкил этган 850 та, 10 йилдан буён 2 минг 700 та, 5 йилдирки, 12 минг 200 та субъектда солиқ текширувлари ўтказилмагани бунинг тасдиғидир.
Конференция-семинарда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси, Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши раисининг ўринбосари Б. Парпиев, вилоят прокурори М. Эгамбердиев ва бошқалар ишбилармонларнинг иқтисодиётимиздаги аҳамиятини ошириш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш йўлидаги тўсиқ ва чекловларга барҳам бериш, соҳа вакилларининг ялпи ички маҳсулотдаги улушини изчил ошириб бориш учун янада қулай иқтисодий, ҳуқуқий шароитлар яратиш, рағбатлар беришда мазкур Фармон дастуриламал бўлаётганини алоҳида қайд этди.
— Гапнинг рости, тадбиркорликни бошлашдан олдин иккиланган эдим, — дейди Бўз туманидаги “Юксак самара файзи” хусусий корхонаси раҳбари Азиза Валихонова. — Бекорга ташвишланган эканман. Чунки фаолиятимиз йил сайин ривожланмоқда. Олинган даромад ҳисобидан янги-янги лойиҳаларни рўёбга чиқараяпмиз. Масалан, 2009 йилда янги ускуна ва жиҳозлар келтириб, ишлаб чиқараётган нон ва нон маҳсулотларимиз сифатини янада яхшилаб олдик. Турмуш фаровонлигимиз ошиб, ўзимизда ишлаб чиқарилган автомобиллардан харид қилдик.
Бугунги конференция-семинарда иштирок этиб, ўзимга фойдали маълумотлар олдим, янги қонун ҳужжатлари билан яқиндан танишдим. Бу биз, тадбиркорлар учун катта имкониятдир.
Эътиборлиси, давлатимиз раҳбарининг юқорида зикр этилган Фармони бу борадаги ишларни юқори поғонага кўтаришга замин яратган бўлса, жорий йилнинг 21 августидан кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун эса 2015 — 2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурини ҳаётга татбиқ этишда айни муддао бўлмоқда.
Боиси мазкур Қонуннинг асосий мақсади кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтиришдан иборатдир. Бунда назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза этувчи ва бошқа давлат органлари ходимларининг тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашуви ҳамда тўсқинликлари учун жавобгарликни, хусусан, жиноий жавобгарликни янада ошириш чоралари белгиланди.
Конференция-семинарда бир гуруҳ тадбиркорларнинг таклиф ва мулоҳазалари тингланди, уларни қизиқтирган саволларга мутасаддилар томонидан атрофлича жавоб берилди.
Конференция-семинарда Андижон вилояти ҳокими Ш. Абдураҳмонов сўзга чиқди. 

Саидаҳмад ШУКУРОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn