Энергетика ва қурилиш соҳасидаги янги технология ҳамда маҳсулотлар
  • 17 Сентябрь 2015

Энергетика ва қурилиш соҳасидаги янги технология ҳамда маҳсулотлар

пойтахтимизда иш бошлаган “UzEnergyExpo — 2015” ўнинчи ва “UzStroyExpo — 2015” бешинчи халқаро кўргазмаларида кенг намойиш этилмоқда

Мазкур тадбирлар “Ўзбекэнерго”, “Ўзмахсусмонтажқурилиш”, “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамиятлари, “Ўзкоммунхизмат” агентлиги, Савдо-саноат палатаси, ЎзФА Энергетика ва автоматика институти ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги кўмагида “IEG Uzbekistan” кўргазма компанияси томонидан ташкил этилди.
Маълумки, энергетика иқтисодиётимизнинг жадал суръатлар билан ривожланаётган соҳаларидан бири ҳисобланади. Истиқлол йилларида Ўзбекистон энергия манбалари билан нафақат ўзини ўзи таъминлайдиган, балки экспорт қиладиган давлатга айлангани ана шундан далолатдир. Агар ўтган шу қисқа давр ичида юртимизда электр энергияси истеъмолчиларининг сони 2,5 миллионтага, иқтисодиёт тармоқларининг истеъмоли эса 445,6 миллион кВт/соатга ўсганлигини инобатга оладиган бўлсак, қўлга киритилаётган ютуқлар нечоғлиқ залворли эканлиги янада яққолроқ намоён бўлади.
Халқаро кўргазмаларнинг очилиш маросимида қайд этилганидек, давлатимиз раҳбари томонидан соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратилиб, янги объектлар қурилаётгани, мавжудлари реконструкция ва модернизация қилинаётгани муваффа-қиятларнинг бош омили бўлмоқда. Натижада электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 1,5 миллиард кВт/соатга, электр тармоқларининг умумий узунлиги эса 38,2 минг километрга кўпайиб, республикамиз аҳолиси ва саноат тармоқларини электр энергия билан узлуксиз таъминлаш имконини бераяпти.
Айниқса, тармоқда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, қувватларни модернизация қилишга қаратилган лойиҳалар кўлами йил сайин кенгаяётгани эътирофга лойиқ. Масалан, 2015 — 2019 йилларда “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти томонидан умумий қиймати 3,2 млрд. АҚШ долларидан зиёд бўлган 13 та инвестициявий лойиҳа рўёбга чиқарилиши мўлжалланмоқда. Уларнинг изчил ижросида, айтиш мумкинки, анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “UzEnergyExpo” халқаро кўргазмаси муҳим аҳамият касб этмоқда. Унда маҳаллий ва хорижий компаниялар томонидан энергетика соҳаси учун энг замонавий ускуналар, технологиялар ва хизматлар тақдим этилаётган бўлса, бу галги тадбирнинг бирлашган экспозициясидан юртимиз ишлаб чиқарувчиларидан ташқари, Германия, Италия, Хитой, Жанубий Корея сингари давлатларнинг 60 дан ортиқ компаниялари маҳсулотлари ҳам жой олган.
Кўргазмада бир нечта бўлимлар ташкил этилган бўлиб, уларнинг ҳар бири ташриф буюрувчилар билан гавжум. Мисол учун, “Ёритиш технологиялари” бўлимида техник, декоратив ва ландшафт ёритиш тизимлари, саноат объектларини ёритиш қурилмалари, ёруғлик-техникавий лойиҳалаш ва дизайн хизматлари, LED технологиялари, шунингдек, ёритиш ускуналари ишлаб чиқариш учун зарур хом ашё ва  материалларни учратиш мумкин. “Кабеллар. Симлар. Арматура” бўлимида эса 10 кВдан 35 кВ кучланишга мўлжалланган кабеллар, электр узатиш ҳаво линиялари, изоляцияланган симлар, оптик толали кабеллар бевосита ишлаб чиқарувчилар томонидан таклиф этилаяпти.
Эътиборлиси, намойиш этилаётган ускуна ва жиҳозларнинг аксарияти тежамкорлиги, муқобил манбалардан фойдаланишга мўлжаллангани билан ажралиб турибди.
— Биз муқобил манбалардан энергия ҳосил қилувчи қурилмаларни тақдим этаяпмиз, — дейди “Чағатай инвест” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Бобур Абдураҳмонов. — Корхонамиз бундан етти йил муқаддам ташкил этилган бўлиб, ўтган қисқа даврда бу ерда қуёш батареялари, шамол электр станциялари, кичик гидроэлектр станциялари, шунингдек, иссиқхона ва хонадонлар учун иситиш печлари ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.
Таъкидлаш керакки, юртимизда ноанъанавий энергия ресурслари, жумладан, қуёш энергиясидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2013 йил 1 мартдаги “Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борада дастуриламал бўлмоқда. Чунки мазкур ҳужжатда тўпланган тажрибани ҳисобга олиб, қуёш ва биогаз энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги экспериментал ва амалий тадқиқотларни янада чуқурлаштириш, бунда муқобил манбалардан энергия ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, ўзимизда тегишли ускуналарни, бутловчи буюмлар ва материалларни тайёрлаш, уларга сервис хизмати кўрсатишни ташкил қилиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган. Ушбу йўналишда “Ўзбекэнерго” АЖ тизимида ҳам муайян ишлар амалга оширилаётир. Хусусан, 2020 йилга қадар тежамкор буғ-газ қурилмалари ва қуёш энергиясидан фойдаланиш бўйича кўплаб лойиҳалар амалга оширилиши кўзда тутилган.
Кўргазмага ташриф буюрганларга шу каби янгиликлар, соҳада қўлга киритилаётган ютуқлар билан яқиндан танишиш учун барча шарт-шароит муҳайё этилган.
“UzStroyExpo — 2015” бешинчи халқаро кўргазмаси эса, айтиш мумкинки, қурилиш материаллари саноати ютуқларининг чинакам намойишига айланган. Зеро, мамлакатимизда ихтисослаштирилган пудрат ташкилотларини янада ривожлантириш ва уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш билан бирга, қурилиш ашёлари ишлаб чиқаришга устувор вазифа сифатида алоҳида аҳамият берилаяпти. Натижада жорий йилнинг биринчи ярмида қурилиш ишлари ҳажми 18 фоиз ошди.
Шу билан бирга, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва мавжудларини модернизациялаш бўйича энг кўп лойиҳалар ҳам қурилиш материаллари саноати улушига тўғри келмоқда. Яъни олти ой давомида 666 та ана шундай лойиҳа рўёбга чиқарилди. Бундай янгиланишлар туфайли қурилиш ташкилотлари, аҳолининг бунёдкорлик материалларига бўлган эҳтиёжининг асосий қисми маҳаллий корхоналар томонидан таъминланаяпти.
Кўргазма залларини айланар экансиз, ҳар қадамда “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи туширилган маҳсулотларга кўзингиз тушади ва беихтиёр ич-ичингиздан севиниб кетасиз. Ахир илгари қурилиш материалларининг кўплаб турлари хориждан келтирилар эди-да. Эндиликда эса уларнинг импортига ҳожат қолмади, аксинча, экспорт қилинаётир. Бинобарин, шу йилнинг январь — июнь ойларида қурилиш материаллари саноати корхоналари томонидан 2,11 трлн. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 2014 йилнинг шу давридагига нисбатан 11,3 фоиз ўсишга эришилди. Тармоқнинг республика саноат ишлаб чиқариш умумий ҳажмидаги солиштирма улуши эса 5,2 фоизга етди.
Мухтасар айтганда, халқаро кўргазмалар энергетика ва қурилиш саноатининг барча йўналишини қамраб олган бўлиб, уларда маҳсулотлардан тортиб, махсус техникаларгача намойиш этилмоқда. Қолаверса, хорижий компанияларнинг қатнашаётгани юртимиз тадбиркорларига улар билан тенг манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш, ишлаб чиқаришга замонавий технологик ускуналарни жалб қилиш имконини бермоқда.
Халқаро кўргазмалар 18 сентябргача фаолият кўрсатади.


Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn