Манфаатли келишувлар учун мустаҳкам пойдевор
  • 17 Сентябрь 2015

Манфаатли келишувлар учун мустаҳкам пойдевор

Тошкентда шу йил октябрь ойи охири ҳамда ноябрнинг бошида ўтказилиши мўлжалланаётган IX Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси олдидан мамлакатимизда фаолият юритаётган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари учун брифинг ташкил этилди.

Тадбирда юртимизда иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини таркибий ўзгартириш, саноат корхоналарини модернизация қилиш, ишлаб чиқаришга инновацион лойиҳаларни жалб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди. Республикамизда иқтисодий ўсиш суръатларининг барқарорлиги таъминланиб, халқимиз турмуши янада фаровонлашиб бораётгани қайд этилди. Бу жараёнда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг ўзига хос ўрни бор, албатта. Негаки,  мазкур тадбир саноатчиларнинг йирик анжумани сифатида рақобатбардош, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, ички тармоқ ва тармоқлараро алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Дарҳақиқат, Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган ана шу йирик анжуман иқтисодиёт тармоқлари, айниқса, саноатни ривожлантиришда катта имкониятлар эшигини очиб бераётир. Яъни ярмарка сабаб саноат корхоналарига ўз маҳсулотларини кенгроқ намойиш қилиб, янги ҳамкорлар топиш, келгуси йил учун буюртмалар портфелини шакллантириш, қўшимча шартномалар имзолаш учун қулай шарт-шароитлар яратилаяпти.  Шунинг учун унда қатнашувчилар сони йил сайин кўпаймоқда. Масалан, 2007 йилда уюштирилган тадбирда 224 та маҳаллий  ва 50 та хорижий саноат корхонаси вакиллари иштирок этган бўлса, 2014 йилга келиб, уларнинг сони мос равишда 1700 ҳамда 1200 тадан ошиб кетди. Маҳсулот етказиб бериш бўйича тузилган шартномалар ҳажми 1 миллиард сўмдан 8,5 миллиард сўмга етказилди. Биргина ўтган йилнинг ўзида экспорт бўйича имзоланган шартномалар миқдори эса 7,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.
Кўриниб турибдики, халқаро саноат анжумани нафақат ҳудудий ва тармоқ ичида, балки тармоқлараро ва ташқи алоқаларни шакллантириш, ишлаб чиқаришга хориж инвестициясини жалб этиш, янги ҳамкорлар иштирокида импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрлашни ўзлаштириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиб бермоқда. Бошқача айтганда, у ишлаб чиқарувчи ва харидор ўртасида мустаҳкам кўприк вазифасини ўтаяпти.
Жорий йилги тадбир эса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2015 йилда Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилмоқда. Саноат ярмаркасининг тобора оммалашиб бораётганини қуйидаги омиллар ҳам яққол тасдиқлаб турибди. Шу йилнинг баҳор ва ёз ойларида ўтказилган 14 та ҳудудий ҳамда 6 та тармоқ саноат ярмаркаларида 4862 та ишлаб чиқариш субъекти томонидан 22 мингдан зиёд маҳсулотлар намойиш этилди. Уларга 89 мингдан зиёд, шу жумладан, 386 та хорижий компаниядан вакиллар ташриф буюрди. Энг муҳими, ҳудудий саноат ярмаркалари якунида 377,5 миллиард сўмлик ва 180,8 миллион АҚШ долларилик келишувларга эришилди. Тармоқ саноат ярмаркаларида эса тузилган шартномалар миқдори 617,9 миллиард сўмдан иборат бўлди.  
Шундан келиб чиқиб, жорий йилнинг 26 октябрь — 2 ноябрь кунлари пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуида бўлиб ўтадиган IX Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси, аниқроғи, металлургия, кимё ва нефть-кимё, қурилиш, озиқ-овқат, фармацевтика, автомобилсозлик, енгил саноат каби йўналишларни қамраб оладиган нуфузли тадбирга жиддий тайёргарлик кўрилмоқда. Шу мақсадда мажмуанинг тўртта павильони, иккита атриум ва конференция зали, учта очиқ майдони шай ҳолатга келтирилди. Иштирокчи корхоналар  ва маҳсулотлар ҳақида маълумот берувчи махсус каталог чоп этилди.


Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn