«Ўзбекистонда хусусий сектор ва давлат ўртасида мувозанатли муносабатлар мавжуд»
  • 16 Сентябрь 2015

«Ўзбекистонда хусусий сектор ва давлат ўртасида мувозанатли муносабатлар мавжуд»

Жорий йил 8 сентябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган “2015 — 2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурини ҳаётга татбиқ этишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг роли ва масъулиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” мавзуидаги республика конференция-семинари хорижий мамлакатларнинг экспертлар ҳамда ишбилармонлар доиралари ўртасида ҳам ўз акс садосини берди.

“Жаҳон” ахборот агентлигининг чет эллардаги мухбирлари турли мамлакатлар эксперт ва бизнес доиралари вакиллари билан суҳбатда бўлиб, уларнинг мустақиллик йилларида мамлакатимизда аҳоли фаровонлигининг барқарор ўсишини таъминлашга йўналтирилган ислоҳотлар натижалари хусусидаги фикр-мулоҳазалари билан қизиқдилар.

Кэролин ЛЭММ,
Америка — Ўзбекистон савдо палатаси директорлар кенгаши раиси:
— Жаҳон бозорида беқарорлик сақланиб турганига қарамасдан, сўнгги йигирма йил мобайнида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотнинг барқарор ўсишини таъминлашга қодир бўлган мамлакат сифатида жуда катта муваффақиятларга эришди.
Республикада ўтказилаётган ислоҳотлар ҳамда тизимли ўзгаришлар, шу жумладан, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва жозибадор сармоя муҳитини яратиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар юксак эътирофга лойиқдир.
Ўзбекистонда бизнес юритишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг роли ҳамда бюрократик ва бошқа тўсиқларни бартараф этиш йўлларига бағишланган конференция-семинар якунлари алоҳида эътиборга молик. Чунки улар тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш шароитларини янада такомиллаштиришга, назорат органларининг хусусий бизнес ишига, шу жумладан, хорижий компаниялар фаолиятига аралашишларига йўл қўйилмаслигига, мулкдорлар ҳамда сармоядорлар манфаатларини ҳимоя қилиш механизмларини янада мустаҳкамлашга кўмаклашади. Мазкур чоралар, ўз навбатида, Ўзбекистон бозорида Американинг савдо-иқтисодий иштирокини кенгайтиришга олиб келади. Бу эса ҳар икки томон учун ҳам бирдек манфаатлидир.

Эдгар КЛОЗЕ,
Бранденбург ривожланиш ҳамда технология ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш институти бошқаруви раиси:
— Германияда Ўзбекистоннинг замонавий ривожланиши ҳамда республикада иқтисодиёт тармоқларини модернизациялашга йўналтирилган, босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотларни диққат билан кузатиб боришади.
Бизнинг тажрибамиз ҳақида гапирганда, немис иқтисодиётида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ҳиссаси салмоқли эканлигини қайд этиш керак. Йирик ишлаб чиқариш концернлари ҳамда корпорациялардан фарқли равишда, кичик ва ўрта бизнес корхоналари иқтисодиёт реал секторининг “локомотиви” ҳисобланиб, мамлакатдаги 70 фоиздан зиёд иш ўринларини ҳамда солиқ тушумларининг 40 фоиздан зиёдини таъминлайди.
Ишончим комилки, жорий йилнинг бошида тузилган Германия — Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг янада кенгайишига кўмаклашиши баробарида, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожи бўйича ўзаро тажриба алмашиш учун ҳам яхши майдон бўлиб хизмат қилади.
Тошкентда бўлиб ўтган конференция-семинар якунлари Ўзбекистоннинг ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш ҳамда иқтисодиётга хориж сармояларини янада кўпроқ жалб этиш учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича қатъиятини яққол намойиш қилади. Немис компаниялари ва шерик ташкилотлар бу йўналишда ўзбекистонлик ҳамкасблари билан ҳамкорликка тайёрдирлар.

Пьер ШАБАЛЬ,
француз олими, сиёсий фанлар доктори:
— 24 йиллик мустақил ривожланиш даври мобайнида Ўзбекистон миллий иқтисодиётнинг мустаҳкам асосларини шакллантириш ҳамда глобал миқёсдаги молиявий-иқтисодий беқарорлик шароитида барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга муваффақ бўлди. Бугунги кунда у ялпи ички маҳсулотининг йиллик ўсиши 8 фоиздан зиёд бўлишини таъминлаётган, дунёдаги тез ривожланаётган мамлакатлардан бири ҳисобланади.
Ўз мустақиллигини мустаҳкамлашга, узоқ муддатли барқарор тараққиётни кафолатлашга интиладиган давлат нафақат иқтисодиёт реал сектори ва молия тизимини, балки тадбиркорлар ҳамда назорат қилувчи органлар ўртасидаги муносабатларни тартибга соладиган ҳуқуқий заминни ҳам ислоҳ этади. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг самарали ишлаши, мустақил суд ҳокимияти, хусусий мулк ҳуқуқининг мустаҳкам ҳимояси ва кичик корхоналарнинг эркин фаолият кўрсатиши ишбилармонлик муҳити сезиларли даражада яхшиланишига ҳамда иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашга кўмаклашади.
Шу муносабат билан Ўзбекистонда мазкур органларнинг роли ва масъулиятини ошириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳамда 2015 — 2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурининг ҳаётга татбиқ этилиши алоҳида эътиборга моликдир. Чунки гап хусусий мулк, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик ҳимояси кафолатларини кучайтириш, уларнинг жадал ривожланиши йўлидаги мавжуд тўсиқларни бартараф этиш хусусида кетмоқда.
Шуни таъкидлаш жоизки, жаҳонда маҳсулотларнинг салмоқли қисми айнан ушбу жабҳада ишлаб чиқарилади. Унинг муваффақиятли фаолият кўрсатиши учун қулай шароитлар яратиш, энг аввало, мулк ҳуқуқи ҳимоясини кафолатлаш ва бюрократик тўсиқларни қисқартириш керак.
Ўйлайманки, Ўзбекистонда танлаб олинган сиёсатнинг давом эттирилиши мамлакатда бозор иқтисодиёти механизмларини мустаҳкамлайди, соғлом рақобат муҳитини яратиб, сармоявий фаолликни янада оширишга кўмаклашади. Бундай ислоҳотлар, шубҳасиз, республиканинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, фуқаролик жамияти мустаҳкамланишига муҳим ҳисса қўшиши баробарида, миллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатдошлигини кучайтиради.

Найжел ПИТЕРС,
“British Expertise International” (Буюк Британия) халқаро ташкилоти директори:
— Ўзбекистон салмоқли сармоявий салоҳиятга эга. Бу мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга асос бўла олади.
Шуниси қувонарлики, мамлакатда кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор мазкур жабҳага инновация ғояларининг манбаси ҳисобланувчи баркамол авлодни кенг жалб этишга кўмаклашмоқда. Ўз навбатида, бизнесда давлат иштирокининг камайиши ва хорижий сармояларнинг жалб қилиниши Ўзбекистон иқтисодиёти босқичма-босқич ислоҳ этилиши жараёнининг муҳим қисмидир.

Ральф ХЕЕРЕМАНС,
“Powerstairs” компанияси (Нидерландия) бош директори:
— Мен амалий шерикликни йўлга қўйиш учун Ўзбекистонда бир неча маротаба бўлганимда, мамлакатнинг замонавий тараққиёти ўсувчанлик моҳиятига эга эканлигига ишонч ҳосил қилганман. Кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик қонунчилигининг изчил такомиллашуви иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларига эришишда асосий омиллардан бири бўлди, деб ҳисоблайман.
Ўйлайманки, эришилган муваффақиятлар тўхтамайди ва улар мамлакатда тадбиркорликнинг фаоллашиши учун кучли қўшимча рағбат ҳамда асос бўлиб хизмат қилади.

Эктор РОДРИГЕЗ,
“Cercobe” (Испания) саноат ускуналари ишлаб чиқарувчилар уюшмасининг Шарқий Европа ва МДҲ бўйича директори:
— Бугунги кунда Ўзбекистон борган сари кўпдан-кўп сармоядорларни ўзига жалб қилаётгани баробарида, экспорт салоҳиятини ҳам оширмоқда. Соҳанинг амалдаги меъёрий-ҳуқуқий замини ҳамда хорижий тадбиркорлар учун берилган имтиёз ва қулайликларнинг самарали тизими бунга кўмаклашмоқда.
Шуни қайд этиш керакки, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектларига нисбатан қонунчиликни либераллаштириш ва тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳамда унга ноқонуний аралашиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларининг бузилиши учун давлат, ҳуқуқ-тартибот ва назорат органлари мансабдор шахсларининг масъулиятини ошириш мамлакатда бозор иқтисодиёти механизмлари изчил мустаҳкамланаётганидан далолат беради.
Тадбиркорлик фаолияти соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар қишлоқ хўжалигига ҳам тааллуқлидир. Фермер хўжаликлари тузилишида давлат томонидан кўрсатилаётган кўмак, бутун жабҳани диверсификациялаш ҳамда маҳсулотларни сақлаш учун логистика марказларини ривожлантириш аграр ва саноат тармоқлари тараққиётини рағбатлантиради.

Марк КАТЦ,
“Belam-Riga” компанияси бошқаруви раиси:
— Мен ўзбекистонлик шериклар билан иш олиб бориш имкониятига эга бўлганман. Компаниямиз республикада йирик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича салмоқли амалий тажрибага эга. Хусусан, 2014 йил бошида бир қатор хорижий компаниялар билан ҳамкорликда “Мароқанд — Қарши” темир йўлини электрлаштириш учун ускуналар етказиб бериш тендерида ютиб чиқдик.
Биз мамлакатдаги туб ўзгаришлар ҳамда ривожланган транспорт инфратузилмасининг бевосита гувоҳи ва иштирокчиси бўлиб, энг илғор халқаро технологиялар қўлланилган ҳолда темир йўл линиялари қандай такомиллаштирилаётгани ҳамда кенгайиб бораётганини кўриб турибмиз. Буларнинг барчаси республиканинг жуғрофий ўрнини ҳисобга олган ҳолда, бошқа бозорларга қулай тарзда чиқиш учун ўзининг транзит имкониятларини ошириш йўлида ҳаракат қилаётганини тасдиқлайди.

Элман НАСИРОВ,
Озарбайжон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг Сиёсий тадқиқотлар институти директори:
— Президент Ислом Каримовнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони улкан аҳамиятга эга. Давлат раҳбарининг кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик ривожига тўсқинлик қиладиган механизмларни бартараф этиш бўйича узоқни кўзлаган сиёсати натижасида ҳаётда ўз аксини топган қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Шуниси эътиборлики, қабул қилинган чора-тадбирлар натижасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги ҳиссаси оғишмай ўсиб бормоқда. Агар 2000 йили у 31 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозирги пайтга келиб, ушбу кўрсаткич 56 фоизга етди. Мазкур жабҳада иш билан банд аҳолининг 77 фоизи меҳнат қилмоқда.

КИМ Юн Сук,
“Корея — Ўзбекистон” дўстлик ассоциацияси раиси:
— Нисбатан қисқа даврда мамлакатингиз бизнес фаолиятини олиб бориш шароитларини такомиллаштиришда яхши натижаларга эришишга муваффақ бўлди. Бугунги кунда кичик бизнес соҳасидаги пухта ўйланган стратегия туфайли Ўзбекистон ўзининг саноат салоҳиятини мустаҳкамлаяпти ва иқтисодиётнинг жадал ўсишини таъминламоқда.
Ўзбекистонда хусусий жабҳа ҳамда давлат ўртасида мувозанатли муносабатларнинг мавжудлиги самарали амал қилаётган ишбилармонлик муҳитининг муҳим қисми ҳисобланади.

Маниш МОҲАН,
Ҳиндистон Саноат конфедерациясининг Жанубий ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори:
— Тошкентда бўлиб ўтган тадбир нафақат кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликнинг ролини ошириш юзасидан, балки Ўзбекистон иқтисодиётини мустаҳкамлаш ва умуман, сармоявий муҳитни яхшилаш нуқтаи назаридан ҳам долзарбдир.
Ишбилармонлик муҳитини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган чора-тадбирлар бизнес юритиш шароитларини яхшилаш бўйича ташланган қадамлар билан уйғун равишда боғлиқ. Ишончим комилки, уларнинг ҳаётга татбиқ этилиши республикага хориж сармоялари оқимини янада кўпайтиришга хизмат қилади.

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn