Дастурий вазифалар ижроси хусусий сектор ривожига янада кенг йўл очади
  • 15 Сентябрь 2015

Дастурий вазифалар ижроси хусусий сектор ривожига янада кенг йўл очади

Фарғона вилоятида “2015 — 2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурини ҳаётга татбиқ этишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг роли ва масъулиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” мавзуида конференция-семинар бўлиб ўтди.

Унда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, солиқ, суд органлари вакиллари ҳамда вилоятда фаолият юритаётган тадбиркорлар, фермерлар қатнашди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларга қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга катта эътибор қаратилмоқда. Натижада соҳа вакиллари ўз олдиларига қўйган мақсадлари сари дадил интилиб, янги-янги ғоя ҳамда ташаббуслари билан мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшмоқда. Бунда, табиийки, уларга берилаётган имконият ва имтиёзлар қўл келаётир. Жумладан, Президентимизнинг жорий йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида ишбилармонлар манфаатини кўзловчи кўплаб енгилликлар берилдики, бу ҳам улар фаолиятини янги босқичга кўтаришга хизмат қилаяпти.
Бугунги кунда Фарғона вилоятида хусусий секторнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 51,2, умумий бандликдаги ҳиссаси эса 79,2 фоизни ташкил этаётгани ана шундай ҳаётбахш ислоҳотларнинг ёрқин самарасидир.
Қолаверса, жорий йилнинг биринчи ярмида қишлоқ хўжалигида 6,2, чакана савдо айланмасида 14,2, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқаришда 10,7, жами кўрсатилган хизматларда 18, пуллик хизматлар кўрсатишда 13,8 фоиз ўсишга эришилди.
Тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 440,7 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Бу ҳам аввалги йилнинг шу давридагига қараганда 1,3 марта юқори кўрсаткичдир. Пировардида соҳа вакиллари шу давр ичида 93,2 миллион АҚШ долларилик экспорт амалиётини бажаришди.
Албатта, бундай ижобий кўрсаткичлар замирида мамлакатимизда хусусий мулк, кичик бизнес ва тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий база тубдан қайта кўриб чиқилиб, 2012 — 2014 йилларда 15 дан ортиқ қонунлар қабул қилингани, кейинги тўрт йилда 167 та рухсат бериш, 19 та лицензияланадиган фаолият тури бекор қилингани, рухсат бериш характеридаги ҳужжатларни расмийлаштиришдаги йиғимлар икки баробар камайтирилгани каби омиллар мужассамдир.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Б. Парпиев, вилоят прокурори Б. Пўлатов ҳамда бошқаларнинг маърузалари тингланди. Уларда тадбиркорлик фаолиятининг иқтисодиётимиздаги ролини кенгайтириш ва ўрнини мустаҳкамлаш, бу йўлдаги тўсиқ ҳамда чекловларга барҳам бериш, соҳа вакилларининг ялпи ички маҳсулотдаги улушини изчил ошириб бориш учун янада қулай иқтисодий, ҳуқуқий шароит ва рағбатлар яратишга қаратилган устувор масалаларнинг аҳамияти хусусида сўз юритилди. Бу борада вилоятдаги маҳаллий ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, назорат қилувчи ҳамда суд идоралари олдида турган вазифалар таҳлил этилди.
Айтиш жоизки, давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги Фармонига биноан, назорат қилувчи органларнинг 50 дан зиёд идоравий норматив ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритилиб, амалиётга жорий қилинмоқда. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишни тартибга солиш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашишни чеклаш, ишбилармонлар учун жорий этилган имтиёзлар ва преференциялар ҳамда уларни қўллаш бўйича янги меъёрлар шулар жумласидандир.
Самимий мулоқот, ўзаро тажриба алмашиш руҳида ўтган конференция-семинарда вилоят прокуратураси, адлия, божхона, солиқ бошқармалари, савдо-саноат палатаси вилоят бўлими томонидан кўргазма ташкил қилиниб, қонунчиликдаги янги тартиб-таомиллар, ўзгаришлар, имтиёзлар борасида кенг тушунчалар берилди. Вилоят шаҳар ва туманларидан ташриф буюрган тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари, бош ҳисобчиларига махсус буклетлар, меъёрий қўлланмалар тарқатилди. Соҳа вакилларини қизиқтирган саволларга тегишли мутасадди идоралар мутахассислари томонидан батафсил жавоб қайтарилиб, зарур тавсиялар берилди.
— Мамлакатимизда яратилаётган бу каби имкониятлар биз, тадбиркорларни ташаббус кўрсатиб меҳнат қилишга, янги марраларни забт этишга руҳлантирмоқда, — дейди Тошлоқ туманидаги “СТАпласт” хусусий корхонаси раҳбари Собиржон Зокиров. — Энг муҳими, бунинг натижасида қўшимча иш ўринлари ташкил этилаяпти, маҳсулотларимиз нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам ўз ўрнини топаяпти. Бу эса даромадимиз кўпайиб, фаолиятимиз кенгайишида айни муддао бўлаётир. Конференцияда қатнашиб, шунга амин бўлдикки, юртимиз тадбиркорларининг иши келгусида бундан ҳам жадал тараққий этиб бораверади. Чунки биз учун давлатимиз томонидан берилаётган имконият ва имтиёзлар кўлами ниҳоятда кенг.
Тадбир якунида тадбиркорлардан тушган таклифлар умумлаштирилиб, зарур вазифалар белгилаб олинди.
Конференция-семинарда Фарғона вилояти ҳокими Ш. Fаниев сўзга чиқди.

Набижон СОБИРОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn