Иқтисодий юксалиш инновацион лойиҳаларнинг амалга оширилиши ва соғлом рақобат муҳити самарасида яққол намоён бўлмоқда
  • 11 Сентябрь 2015

Иқтисодий юксалиш инновацион лойиҳаларнинг амалга оширилиши ва соғлом рақобат муҳити самарасида яққол намоён бўлмоқда

Бугунги кунда мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш, ишлаб чиқариш корхоналарида замонавий технологияларни изчил татбиқ этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда.

Масалан, Президентимиз ташаббуси билан 2008 йилда ташкил этилган “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасида ўтган давр мобайнида 20 га яқин корхона фаолияти йўлга қўйилди.
Айни пайтда мингдан зиёд киши меҳнат қилаётган ушбу субъектларда  илғор ускуналар ёрдамида  маиший техникалар, мобиль телефонлари, юқори кучланишга чидамли кабель маҳсулотлари, сув иситиш қозонлари, дори воситалари сингари ўнлаб маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
— Янги саноат корхоналарининг аксарияти Жанубий Корея, Хитой, АҚШ, Германия, Италия, Ҳиндистон, Сингапур, Бирлашган Араб Амирликлари сингари давлатлар сармояси иштирокида ташкил этилган, — дейди  Навоий вилояти ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо бошқармаси бошлиғи Ўктам Исломов. — Улар ҳудудимиз иқтисодиётини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Мисол учун, “UzEraeCable” Ўзбекистон — Жанубий Корея қўшма корхонасида 100 нафарга яқин йигит-қизлар томонидан тайёрланаётган 39 турдаги автомобиль кабеллари халқаро стандартлар талабларига тўлиқ жавоб беради. Бу маҳсулотларга талаб тобора ортаётгани туфайли жорий йилнинг ўтган даврида 57 минг 913 километр узунликда маҳсулот ишлаб чиқарилди.
Дарвоқе, бу ерда ўтган йили Жанубий Кореядан 272 минг АҚШ доллари эвазига келтирилган технология асосида “Cobalt” русумли автомашиналар учун аккумулятор жгутлари тайёрлаш ҳам  ўзлаштирилган. Қўшма корхонада мавжуд асбоб-ускуналарнинг барчаси махсус дастурлаштирилган компьютер ёрдамида бошқарилади.
Бу эса деталларни ишлаб чиқариш ва уларга ишлов беришда юқори аниқликка эришиш баробарида, унинг сифатини  янада яхшилаш имконини яратаяпти.
— Замонавий технология нафақат маҳсулот сифатини ошириш, балки ривожланиш гарови ҳамдир, — дейди қўшма корхона бош директори Шерзод Умаров. — Айни шу омил туфайли, масалан, биз дастлаб Осиё минтақасидаги давлатлар ишбилармонлари билан иқтисодий алоқа ўрнатган бўлсак, эндиликда улар сафига Италия, Польша, Германия, ҳатто бразилиялик ҳамкорлар ҳам қўшилди.
Иқтисодиётда соғлом рақобат муҳити тобора шаклланаётган бугунги даврда ишлаб чиқаришга инновацион лойиҳаларни қўллаган ишбилармон ютқазмайди. Шу маънода, биз келгусида  электродвигатель, стартёр ва генераторларда ишлатиладиган эмалланган симларни ва бошқа халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқаришни ҳам режалаштираяпмиз.  Яқин кунларда Италиянинг “Sicme Italia Impianti” компанияси технологияларини ўрнатиш ишлари якунига етказилгач, бу лойиҳамиз амалга ошади.
Мухтасар айтганда, жадал суръатлар билан ривожланаётган мазкур корхонада маҳсулот тури ва сифати йилдан-йилга ошмоқда. Бунда ёш мутахассислардан иборат жамоанинг янгиликка интилиши, айниқса, муҳим омил бўлаётир. 

Азамат ЗАРИПОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn