Тадбиркорлик фаолиятининг мустаҳкам кафолати
  • 09 Сентябрь 2015

Тадбиркорлик фаолиятининг мустаҳкам кафолати

Президентимиз Ислом Каримовнинг ташаббуси билан Тошкент шаҳрида “2015 — 2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурини ҳаётга татбиқ этишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг роли ва масъулиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” мавзуида республика конференция-семинари бўлиб ўтди.

Унда ҳуқуқни муҳофаза этувчи, назорат қилувчи ва суд органлари, қатор вазирлик ҳамда идоралар раҳбарлари, шунингдек, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган хусусий сектор ва фермер хўжаликлари вакиллари қатнашди.
Таъкидланганидек, мазкур тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад 2015 — 2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий янгилаш ва диверсификациялашга оид Дастурнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, унда белгиланган вазифаларни амалга ошириш борасида давлат, назорат ҳамда ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар олдида турган ишларни муҳокама қилишдан иборатдир.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р. Азимов сўзга чиқди.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда истиқлол йилларида хусусий мулк дахлсизлигини ҳимоялаш, иқтисодиётда унинг ўрнини мустаҳкамлаш, ишбилармонлик муҳити ва бизнес шароитини янада яхшилашга доир қонун ҳамда бошқа меъёрий ҳужжатлар узлуксиз такомиллаштирилаётгани соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда. Узоқни кўзлаб юритилаётган оқилона сиёсат туфайли, жаҳон иқтисодиётида инқирозли ҳодисалар ҳамон кузатилаётганига қарамасдан, республикамизда иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари таъминланаяпти. Айни пайтда Ўзбекистон дунё миқёсида жадал ривожланаётган давлатлар орасида бешинчи ўринни эгаллаб тургани, сўнгги ўн бир йил давомида ялпи ички маҳсулотимизнинг ўсиш ҳажми 8 фоиздан юқори бўлиб келаётгани бунинг яққол тасдиғидир. Шунга мос равишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг иқтисодиётдаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётгани диққатга сазовор. Жумладан, юртимизда 2000 йилда 149 минг 300 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритган бўлса, ўтган йилга келиб, уларнинг сони ярим миллиондан ошиб кетди. Ишбилармонларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 56 фоизга, бандликдаги ҳиссаси эса 77,2 фоизга етди. Шу билан бирга, ўтган йили уларнинг саноатдаги улуши 31,1, экспортдаги ҳиссаси эса 26 фоизни ташкил этди. Қувонарлиси, жорий йилда кичик бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги ҳиссасини 56,7 фоизга, яна тўрт йилдан сўнг эса 68,2 фоизга етказиш мўлжалланаяпти. Бунинг учун асослар етарли, албатта. Чунки, Президентимиз таъкидлаганидек, бу соҳага тўлиқ эркинлик бериш, унинг йўлида ғов бўлиб турган барча тўсиқ ҳамда чекловларни бартараф қилиш, иқтисодиётимизда давлат ҳиссасини қисқартиришни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.
Бундан ташқари, жорий йил бошида бевосита Юртбошимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган ушбу Дастурда иқтисодий ўсишнинг бош омили бўлган хусусий секторнинг бозор механизмларини такомиллаштириш, унинг аҳамияти ва ролини кучайтиришга қаратилган 7 та асосий йўналиш қамраб олинган. Иқтисодиётда давлат иштирокини кескин қисқартириш ва хусусий мулк улуши ҳамда аҳамиятини ошириш, тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш, ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш масалалари шулар сирасига киради. Мазкур долзарб вазифаларни амалга ошириш давлат органлари ва тадбиркорларнинг фаолиятини мувофиқлаштиришни талаб этади. Бошқача айтганда, таркибий ислоҳотларнинг янги босқичи давлат ҳамда бизнеснинг ўзаро ҳамкор бўлиши, бир-бирини қўллаб-қувватлаши ва ташқи муаммоларни ҳамжиҳатликда ҳал қилишини назарда тутади.
Дастурда белгиланган вазифалар Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси ҳамда бошқа бир қатор ривожланган хорижий давлатлар экспертлари томонидан эътироф этилаётганининг боиси ҳам ана шунда.
Мамлакатимизда хусусий мулкни, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларга бундан-да кўпроқ эркинлик бериш, дуч келиши мумкин бўлган тўсиқларни олиб ташлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, соҳанинг меъёрий-ҳуқуқий базаси тубдан қайта кўриб чиқилиб, тўлиқ янгиланиши туфайли биргина 2012 — 2014 йилларда хусусий мулкнинг ролини ошириш ҳамда ҳимоясини кучайтиришга доир 15 дан ортиқ қонунлар қабул қилинди. Охирги тўрт йилда эса 167 та рухсат бериш, 19 та лицензияланадиган фаолият тури бекор қилинди. Рухсат бериш характеридаги ҳужжатларни расмийлаштиришдаги йиғимлар 2 баробар камайди. 65 та статистик, 6 турдаги солиқ ҳисоботи амалиётдан чиқарилди.
Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эса мазкур йўналишдаги ишларни жадаллаштиришга хизмат қилувчи навбатдаги муҳим ҳужжатлардан бири бўлди.
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И. Абдуллаев, Давлат солиқ қўмитаси раиси Б. Парпиев ва бошқалар хусусий тадбиркорликнинг иқтисодиётимиздаги ролини кенгайтириш ҳамда ўрнини мустаҳкамлаш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш йўлидаги тўсиқ ва чекловларга барҳам бериш, соҳа вакилларининг ялпи ички маҳсулотдаги улушини изчил ошириб бориш учун янада қулай иқтисодий, ҳуқуқий шароит ҳамда рағбатлар яратишга қаратилган ушбу Фармоннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида сўз юритишди.
Чиндан ҳам, давлатимиз раҳбарининг мазкур Фармони бу борадаги ишларни янада юқори поғонага кўтаришга замин яратган бўлса, жорий йилнинг 21 августидан эътиборан кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун эса Дастурни ҳаётга татбиқ этишда айни муддао бўлмоқда.
Чунки ушбу Қонуннинг асосий мақсади кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтиришдан иборат бўлиб, бунда назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза этувчи ва бошқа давлат органлари ходимларининг тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашуви ҳамда тўсқинликлари учун жавобгарликни, шу жумладан, жиноий жавобгарликни янада ошириш чоралари белгилаб қўйилди. Аниқроғи, мазкур Қонун асосида 40 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг барча жиҳатини қамраб олган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, уларга мувофиқ, хусусий сектор вакилларига, агар шахс Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 184-моддасида кўзда тутилган жиноятни биринчи марта содир этиб, жиноят аниқлангандан сўнг 30 кун давомида давлатга етказилган зарарни тўлиқ қоплаб, пеня ҳамда бошқа молиявий жарима турларини тўлаган бўлса, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилмаслиги ва шахс жавобгарликдан озод этилишини назарда тутувчи тартиб жорий этилди.
Шунингдек, Жиноят кодексига киритилган қўшимча ва ўзгартишларга кўра, эндиликда хўжалик юритувчи субъектлар мансабдор шахсларига нисбатан улар томонидан сохта банкротлик ҳамда банкротликни яшириш орқали етказилган моддий зарар тўлиқ қопланганда, озодликдан маҳрум қилиш шаклидаги жазо қўлланилмайди. Савдо-сотиқ қоидалари, савдо ва воситачилик фаолияти соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг жиноий юрисдикциядан маъмурий юрисдикцияга ўтказилгани ҳамда катта миқдорда зарар етказилишига олиб келган ҳуқуқбузарликлар бундан мустасно эканига анжуманда алоҳида эътибор қаратилди.
Семинар доирасида ўтказилган ялпи мажлис ва секция йиғилишларида хусусий мулк ҳуқуқи, тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда маъмурий ҳамда назорат органлар фаолиятини янада кучайтириш, соҳага оид қонун нормаларини қўллашда суд ҳокимиятининг ролини ошириш, шунингдек, давлат органларининг рухсат бериш ва лицензиялашнинг барча тартиб-тамойилини соддалаштириш борасидаги ишлар атрофлича муҳокама этилди.
Айни чоғда, янги меъёрларни амалда қўллаш юзасидан ваколатли вазирлик ҳамда ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш йўли билан Парламент назорати ва мониторингини олиб бориш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди. Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, суд ва бошқа назорат органлари вакиллари билан доимий равишда учрашувлар, тарғибот тадбирларини ўтказиш ишбилармонлар фаолиятида учрайдиган муаммоли масалаларни мунтазам ўрганиб бориш ҳамда қонун ижросини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.
Анжуман якуни бўйича ҳужжат қабул қилинди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Сўз — конференция-семинар иштирокчиларига

Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада қабул қилинган қонун ҳужжатлари соҳа вакилларига янада қулай шароит ва рағбат яратмоқда. Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “2015 — 2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурини ҳаётга татбиқ этишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг роли ва масъулиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” мавзуидаги республика конференция-семинари иштирокчилари ЎзА мухбирлари билан суҳбатда шулар ҳақида фикр юритди.

Неъматилла ДЕҲҚОНОВ,
Тошкент вилоятидаги “Olplast” қўшма корхонаси масъулияти чекланган жамияти ижрочи директори:
— Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони тадбиркорлик фаолиятининг барча қирраларини қамраб олган. Бундан 15 йиллар аввал корхонани давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳафталаб вақт сарфланарди. Бугунга келиб тегишли тартибда рўйхатдан ўтиш, солиқ ва статистика ҳисоботларини топшириш  электрон шаклда амалга ошириладиган бўлди. Президентимиз Фармонида туман ҳокимликлари ҳузуридаги “бир дарча” фаолиятини такомиллаштириш юзасидан белгилаб берилган чора-тадбирлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси вакилларини турли рухсат бериш характеридаги ҳужжатлар, лицензияларни олиш билан боғлиқ ташвишлардан халос этади.
Конференция-семинар давомида Юртбошимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожига тўсқинлик қилаётган ғовларни бартараф этишда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақидаги маърузаларни тинглаб, биз, тадбиркорлар ҳам қўл қовуштириб турмай, имконият ва имтиёзлардан унумли фойдаланган ҳолда, ишлаб чиқариш суръатларини янада ошириб боришимиз зарур, деган хулосага келдим.

Соҳиб АКБАРОВ,
Самарқанд вилоятидаги “Алназар орзу сервис” масъулияти чекланган жамияти раҳбари:
— Тадбиркорнинг ишига халақит берадиган, баъзан фаолиятининг бутунлай тўхтаб қолишига олиб келадиган ҳолат — бу турли ўринли-ўринсиз текширишлардир. Тасаввур қилинг, ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланаётган, ўнлаб одамлар ишлаётган корхонага электр таъминоти ёки бошқа бир ташкилот вакили келиб, арзимаган сабаблар билан корхона фаолиятини тўхтатиб қўяди. Бунинг оқибатида етказилган зарарни тадбиркорга ҳеч ким қоплаб бермайди. Президентимиз Фармонида ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилгани кўпчилик тадбиркор қатори мени ҳам хурсанд қилди. Бугунги конференция-семинарда таъкидланганидек, текширишлар муддатининг қисқартирилиши, тегишли солиқ ва бошқа мажбуриятларни ўз вақтида бажараётган тадбиркорлик субъектларини текширишга мораторий эълон қилиниши, энг асосийси, текширувлар корхонанинг тўлақонли иш олиб боришига тўсқинлик қилмаслигининг белгиланиши тадбиркор фаолиятига тўғаноқ бўлиб келган муаммолардан бирининг бартараф этилишида муҳим қадам бўлди.
Ўзбекистон Республикасининг жорий йил 20 августда қабул қилинган  “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни айрим мутасаддиларга нисбатан аниқ жавобгарлик чораларини белгилаб берди. Булар тадбиркорлар учун катта имкониятдир.

Актам АҲМЕДОВ,
Қашқадарё вилоятидаги “Аҳмедов Актам Бухарович” масъулияти чекланган жамияти раҳбари:
— Ўтган даврда мамлакатимизда тадбиркорларни ҳар томонлама ривожлантириш ва ҳимоялаш борасида амалга оширилган ишлар маҳсулини соҳанинг иқтисодиётдаги ўрни тобора ошиб бораётганида кўриш мумкин. Айниқса, прокуратура идоралари қошида ташкил этилган “ишонч телефони” биз учун катта аҳамиятга эга бўлди.
Президентимизнинг “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакиллари мурожаатлари зудлик билан кўриб чиқилишини таъминлаш, ноқонуний текширувларни жойида аниқлаш, назорат органлари томонидан тадбиркорлик субъектлари қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари поймол этилишига йўл қўймаслик мақсадида “ишонч телефони” фаолияти янада такомиллаштирилгани тадбиркорлар давлат ҳимоясида эканини амалда тасдиқлади.
Конференция-семинарда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг, Давлат солиқ қўмитаси раисининг маърузаларини тинглаб, “ишонч телефони”га ишонган, ўз ҳақ-ҳуқуқини биладиган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакили олдида турган ҳар қандай муаммони ушбу хизматдан фойдаланган ҳолда ечиши мумкинлигига яна бир бор амин бўлдим.

Ихтиёр МАТМУРОДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судьяси:
— Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги Фармони, жорий йил 20 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан соҳага оид қонун ҳужжатлари янада такомиллаштирилди. Қонун ҳужжатларига киритилган янгиликлар туфайли хусусий мулк ва тадбиркорлик фаолиятининг янада эркин ривожланиши, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали механизми яратилди.
Қонун тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик ва ноқонуний аралашганлик учун давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлигини янада кучайтирди. Бу борада суд органларининг масъулиятини оширди. Жумладан, хўжалик ишларини тезкорлик билан кўриб чиқиш мақсадида Хўжалик процессуал кодексининг 116, 122 ва 125-моддаларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, хўжалик судлари томонидан даъво аризасини кўриб чиқишга қабул қилиш ва ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқариш муддати 10 кундан 5 кунгача камайтирилди.
Хўжалик судларига тааллуқли ишлар доираси кенгайтирилиб, меҳнатга оид низолардан ташқари, барча корпоратив низолар хўжалик судлари томонидан кўриб чиқилиши белгиланди. Хўжалик процессуал кодекси “Корпоратив низолар бўйича иш юритиш” деб номланган янги 204-боб билан тўлдирилди. Унда суд томонидан ҳал этиладиган корпоратив низолар турлари белгиланди. Мазкур низолар бўйича ишларни кўриб чиқиш тартиби ва ўзига хос хусусиятлари, низо бўйича даъво аризасига қўйиладиган талаблар, бу борада даъвони таъминлаш чоралари тартибга солинди.
Барча корпоратив низолар хўжалик судларига тааллуқлилигининг белгиланиши натижасида фуқароларнинг судма-суд овора бўлиб юришлари бартараф этилди. Ишларни янада сифатли кўриб чиқиш ва мазкур соҳада ягона суд амалиётини шакллантириш имконияти яратилди.
Давлат органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан ноқонуний ҳужжат қабул қилинганлиги ёхуд уларнинг мансабдор шахслари томонидан ғайриқонуний ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) содир этилганлиги оқибатида тадбиркорлик субъектига етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволарни кўришда суд даъвогарнинг аризаси бўйича даъвони таъминлаш чораларини кўриши шартлиги белгиланди.
Кассация инстанцияси суди томонидан ишларни янгидан кўриш учун юбориш асосларининг камайтирилиши Кодексга киритилган ўзгартишлардан биридир. Шу пайтга қадар кассация инстанцияси суди қуйи суднинг ҳужжати етарлича асосланмаган бўлса, уни бекор қилиш ҳамда ишни тегишли инстанция судига янгидан кўриш учун юбориши мумкин эди. Эндиликда кассация инстанцияси суди қуйи судлар томонидан ишларни кўришда фақат процессуал ҳуқуқ нормалари бузилганлигини аниқлаган тақдирда, суд ҳужжатини бекор қилиш ҳамда ишни тегишли инстанция судига янгидан кўриш учун юбориши мумкин. Бу билан  низоларнинг судда узоқ вақт мобайнида кўриб чиқилиши ва фуқароларнинг судларда инстанцияма-инстанция юришларига деярли чек қўйилади.

Шокир САИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи:
— Давлатимиз раҳбарининг шу йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига биноан, Ягона порталга интеграция қилинган тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйиш тизими автоматик равишда, яъни суткасига йигирма тўрт соат давомида узлуксиз ишлаш режимига ўтди.
Мазкур Фармон асосида турли идоралар қошида фаолият юритаётган, алоҳида давлат хизматлари кўрсатаётган “бир дарча” хизматлари ўрнига туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекциялари негизида “бир дарча” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш Ягона марказлари ташкил этилмоқда. Бу давлат хизматларидан фойдаланишда бюрократик тўсиқларни бартараф этиб, очиқлигини таъминлайди.
Президентимиз Фармонида барча турдаги рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни янада соддалаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Шундан келиб чиқиб, қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар бу борада муҳим қадам бўлди. 
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун асосида “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Қонунга ўзгартишлар киритилди. Унга кўра, Қонуннинг 14-моддаси биринчи қисмининг учинчи хатбошиси чиқариб ташланди. Бунинг моҳияти шундаки, лицензия олиш учун аввал юридик шахслар ҳам, жисмоний шахслар ҳам давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхасини тегишли органга топширарди. Бу ҳужжатнинг эндиликда талаб қилинмаслиги тадбиркорлар учун яратилган яна бир қулайлик бўлди.
“Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддаси бешинчи қисмидаги “ўн кун муддат” деган сўзлар “уч кун муддат” деган сўзлар билан алмаштирилди.
Аҳамиятлиси, янги Қонун билан лицензиялаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланди. Бу жараёнда қонунбузарликнинг даражасига қараб жарима, ахлоқ тузатиш, ҳатто озодликдан маҳрум қилиш жазолари ҳам қўлланилади.
Давлат хизматлари кўрсатиш тартибини бузганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланди. Жумладан, тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартиби ва муддатларини бузиш, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби ва муддатларини бузиш, шунингдек, давлат хизмати кўрсатишни ғайриқонуний равишда рад этиш ёхуд уни кўрсатишдан бўйин товлаш мансабдор шахслар ва хизматчиларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.     Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, мансабдор шахслар ва хизматчиларга энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Бундай чоралар лицензия берувчи, давлат хизматлари кўрсатувчи органларнинг масъулиятини янада оширади. Муҳими, бу билан тадбиркорларга  ҳар томонлама кенг қулайликлар яратилди.

Солия МАТЁҚУБОВА,
Хоразм вилояти Янгибозор туманидаги “Хушнуд” фермер хўжалиги раҳбари:
— Президентимиз Ислом Каримовнинг жорий йил 15 майдаги Фармони қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг узвий давоми бўлди. Унда белгилаб берилган вазифалар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунда ўз ифодасини топди.
Қонундаги нормалар ишбилармонлик ва фермерлик фаолияти янада юксалишига хизмат қилади. Хусусан, солиқ тўлашдан биринчи марта бўйин товлаган шахсга нисбатан у ўттиз кун ичида солиқ ва бошқа тўловлар, жумладан, пеня ҳамда бошқа молиявий санкциялар кўринишида давлатга етказилган зарарни қоплаган тақдирда, жиноят иши қўзғатилмаслиги ва жавобгарликдан озод этилиши белгилаб қўйилган.
Хўжалигимиз илк қалдирғочлардан ҳисобланади. 1990 йилда иш бошлаганимизда бу қадар имконият ва имтиёзларни хаёлимизга ҳам келтирмаган эдик. Энди эса ана шундай ғамхўрлик боис хўжалигимиз йил сайин кенгайиб, кўп тармоқли бўлиб бормоқда. Ҳозир  пахта, ғалла, пилла етиштириб, боғ парваришлаётирмиз. Келгусида балиқчилик ва асаларичиликни ривожлантириш режамиз бор. Бунда ҳам Қонунда кўрсатилган янгиликлар қўл келиши, шубҳасиз.

Эркин ЖЎРАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи,
Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши котиби:
— Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 майдаги Фармони соҳадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди. Барча назорат органлари учун режали текширишлар даврийлиги бир хиллаштирилди. Аввал назорат органлари учун ҳар хил режали текширишлар даврийлиги белгиланганлиги сабабли 2011 — 2015 йилларда 136 субъектда икки мартадан, 58 субъектда уч мартадан турли назорат органлари томонидан режали текширишлар ўтказилган. Белгиланган янги меъёр тадбиркорлик субъектларида турли назорат органлари томонидан ҳар йили ёки икки йилда бир марта режали текшириш ўтказилишининг олдини олди.
Фармонга мувофиқ, 2015 йил 1 июлдан бошлаб назорат қилувчи органлар томонидан микрофирма, кичик корхона ва фермер хўжаликлари фаолиятидаги барча режали текширишлар кўпи билан тўрт йилда бир марта, бошқа тадбиркорлик субъектларида эса кўпи билан уч йилда бир марта амалга ошириладиган бўлди.
Тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган, яъни бухгалтерия ва бошқа ҳужжатларни ўрганишни талаб этмайдиган режали текширишлар муддати 10 календарь кунидан ошмаслиги белгиланди.
Бундан ташқари, Фармонда тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишларда фақатгина охирги режали текширувдан кейинги давр қамраб олиниши ҳам аниқ белгилаб қўйилди.
Бу меъёрлар 2015 йил 20 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунда ўз ифодасини топди.
Шундан келиб чиққан ҳолда, Кенгаш тасдиқлаган 2015 йил текширишлар режа-жадвали қайта кўриб чиқилди. Натижада жорий йилнинг январь — август ойларида текширилган субъектлар сони ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан 8 фоиз қисқарди.
Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, назорат қилувчи орган режали текширув ўтказишнинг бошланиши ҳақида текширувни ўтказиш бошланишидан камида ўттиз календарь кун олдин тадбиркорлик субъектини текширув ўтказиш муддатлари ва предметини кўрсатган ҳолда ёзма шаклда хабардор қилади. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилаётган текширувлар уларнинг тўлақонли фаолият кўрсатишига тўсиқларни юзага келтирмаслиги учун барча чоралар кўрилмоқда.
Янги Қонун асосида тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик ҳам кучайтирилди. Бу борада Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ва Жиноят кодексига тегишли ўзгартишлар киритилди.
Эндиликда бу масалаларда айбдор шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг бир юз эллик бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. 
Текширишлар камайиши баробарида, қатъий тартибга солингани тадбиркорларнинг вақтини беҳуда олиш, кайфиятига салбий таъсир кўрсатиш каби ҳолатларга барҳам бериб, уларнинг самарали фаолият юритиши учун янада кенгроқ имконият яратади.

Раҳмиддин ШАРОПОВ,
Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманидаги “Чорвадор” фермер хўжалиги раҳбари:
— Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 майдаги Фармонида хусусий тадбиркорликни сифат жиҳатидан тараққий эттириш учун зарур шарт-шароитни янада такомиллаштириш бўйича аниқ вазифалар белгиланган бўлиб, ҳаётга татбиқ этилаётган бу каби ҳужжатлар ишбилармонлар сафи кенгайишида дастуриламал бўлмоқда.
Унга кўра, жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб микрофирма, кичик  корхона ҳамда фермер хўжаликлари фаолиятига оид текширувлар режали тартибда тўрт йилда бир марта ўтказилиши назарда тутилгани диққатга сазовор. Текширишларнинг ўн кундан ошмаслиги эса нур устига нур.
Хўжалигимиз кўп тармоқли. Ҳам фермер, ҳам тадбиркормиз.  Баъзида бир кунда иккита-учта идорадан келган вакилларга турли ҳужжатларни тақдим қилиш керак бўлар, бу ҳол ойлаб давом этарди. Бу вақтимизни олиб, юмушларимиз самарадорлигига салбий таъсир қиларди. Энди ҳуда-беҳуда аралашишларга чек қўйилади, ноқонуний текшириш натижасида мулкдорлар ҳуқуқларини бузганларга жиноий жавобгарликка тортишгача чора кўрилади.

Икром ИСКАНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма бошлиғи ўринбосари:
— Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги Фармони ва унинг асосида қабул қилинган янги Қонун сўнгги йилларда ушбу соҳада ишлаб чиқилган, ўз кўлами ва мазмунига кўра энг муҳим норматив ҳужжатлардан бири ҳисобланади. Бу хусусий сектор фаолиятини кучайтириш ҳисобига иқтисодиётимизнинг жадал ривожланишига асос бўлиши, шубҳасиз.
Қабул қилинган янги Қонун хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этишга, тадбиркорларнинг фаолиятига тўсқинлик қилганлик ва қонунга хилоф равишда аралашганлик учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш, назорат ва бошқа давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлиги муқаррарлигини таъминлашга муҳим ҳуқуқий асос яратди. 
Қонун билан давлат рўйхатидан ўтказиш, бизнес юритиш тартиби, назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари билан ўзаро муносабатлардан тортиб уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, шунингдек, жавобгарликни эркинлаштиришга қадар тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг деярли барча жиҳатларига дахл қиладиган қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Қонун билан тадбиркорларнинг фаолиятига тўсқинлик қилганлик ва ноқонуний аралашганлик учун давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлиги анча кучайтирилди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси “Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашиш билан боғлиқ жиноятлар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа жиноятлар” деб номланган янги боб билан тўлдирилди. Ўн бир моддадан иборат ушбу бобда хусусий мулк ҳуқуқи кафолатлари ўз ифодасини топган.
“Хусусий мулк ҳуқуқини бузиш” деб номланган моддага назар ташлайдиган бўлсак, унда назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда бошқа давлат органининг ва давлат ташкилотининг мансабдор шахси ёки хизматчиси томонидан хусусий мулкдорларнинг ҳуқуқларини бузиш йўли билан уларга зарар етказиш, яъни мулк ҳуқуқини қонунга хилоф равишда чеклаш каби жиноятлар учун катта миқдордаги жаримадан тортиб, беш йилгача озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазолар  белгиланди.
Қонунчиликдаги янгилик бўлган бу меъёр хусусий мулк устуворлиги принципига тўла мос бўлиб, амалда тадбиркорларнинг эркин фаолият юритишига хизмат қилади.

ЎзА мухбирлари
Норгул АБДУРАИМОВА,
Сайёра ШОЕВА,
Беҳзод БОЗОРОВ ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn