«Ўзбекистон эришган муваффақиятлар чуқур ўйланган миллий тараққиёт стратегиясининг натижалари ҳисобланади»
  • 09 Сентябрь 2015

«Ўзбекистон эришган муваффақиятлар чуқур ўйланган миллий тараққиёт стратегиясининг натижалари ҳисобланади»

Мамлакатимиз мустақиллигининг 24 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқига билдирилган табрикларнинг келиши давом этмоқда. Қуйида Германия Федератив Республикаси ишбилармон ва илмий-академик доиралари вакиллари томонидан йўлланган самимий қутловлар ўз ифодасини топган.

Ян-Хендрик Мор,
Германия — Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси, «CLAAS» компанияси бошқарувининг аъзоси:
— Мен ҳозирги пайтда ГФР ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик муносабатлари барча йўналишда, шу жумладан, иқтисодиёт соҳасида ҳам изчил ривожланиб бораётганидан жуда мамнунман. Жорий йилда Германия — Ўзбекистон ишбилармонлар кенгашининг тузилгани ўзаро манфаатли алоқаларни янада чуқурлаштиришга ҳар икки мамлакат ишбилармон доиралари бирдек қизиқиш билдираётганидан далолат беради.
Компаниямиз республикада кўп йиллардан бери фаол иш олиб бормоқда. Тошкентда самарали фаолият кўрсатаётган «UzCLAAS Agro» қўшма корхонамиз ўзбек шериклар билан ўзаро ҳамкорликда комбайн, трактор ва бошқа қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқармоқда.
Биз яқин йиллар ичида ҳамкорлигимизни янада кенгайтириш ниятидамиз. Хусусан, республикада трактор ишлаб чиқаришнинг маҳаллийлаштирилишини кенгайтиришни режалаштирмоқдамиз. «UzCLAAS Agro» қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган техникалар экспортга чиқарилишига умид қиламиз.
Ушбу фурсатдан фойдаланиб, ўзбек халқини қутлуғ сана — мамлакат мустақиллигининг 24 йиллиги билан чин дилдан қутлар эканман, республикангиз аҳолисига тинчлик-хотиржамлик ва фаровонлик тилайман.

Удо Фёлькер,
«Дўстлик» ордени соҳиби,
Германия — Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши аъзоси, «CLAAS» компаниясининг катта маслаҳатчиси:
— 2015 йил мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳалардаги ҳамкорликнинг фаоллашуви билан бошланди. Бугунги кунда компаниямиз илғор немис технологиялари ва ускуналари билан Ўзбекистон иқтисодиётининг янада модернизациялашувида иштирок этишда юксак имкониятга эга эканлигидан мамнунман.
Шуни қайд этиш жоизки, мустақил ривожланиш йиллари давомида республикада изчил ислоҳотлар амалга оширилди ва барқарор иқтисодий ўсишга эришилди. Бу муваффақиятлар Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов раҳбарлигида ишлаб чиқилган ва ҳаётга татбиқ этилаётган чуқур ўйланган миллий тараққиёт стратегиясининг натижалари ҳисобланади.
Яратилган имкониятдан фойдаланган ҳолда, миллий байрам муносабати билан барча ўзбекистонликларга ўзимнинг самимий қутловларимни йўллайман. Мамлакатингиз ҳамиша гуллаб-яшнайверсин, халқларимиз ўртасидаги дўстлик янада мустаҳкамланаверсин.

Йорг Рохол,
Берлиндаги Европа менежмент ва технологиялар мактабининг (ESMT) президенти, профессор:
— Жорий йилнинг июль ойида серқуёш Ўзбекистон бўйлаб уч кунлик сафарим чоғида Тошкент ва кўҳна Самарқанд шаҳарларида бўлдим. Жаҳон илм-фани тараққиётига бебаҳо ҳисса қўшган буюк аждодларига эга бўлган ўзбек халқининг бой маданияти ва шонли тарихи менда катта таассурот қолдирди.
Биз таълим ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш соҳасида мамлакатингиз билан ҳамкорлик қилаётганимиздан мамнунмиз. Ҳадемай, Европа менежмент ва технологиялар мактабининг (ESMT) Тошкентдаги Олий бизнес мактаби билан корпоратив бошқарув бўйича қўшма маърифий дастурини амалга ошириш бошланади.
Ушбу лойиҳа доирасида биз корпоратив бошқарувнинг такомиллашишига кўмаклашишни истаймиз. Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз ёш мустақил Ўзбекистоннинг бундан кейинги тараққиётига сезиларли ҳисса бўлиб қўшилишига умид қиламиз.
Мен Европа менежмент ва технологиялар мактаби жамоаси ва шахсан ўз номимдан ўзбек дўстларимизга ушбу муҳим байрам муносабати билан табрикларимизни йўллаш имконияти берилганидан бахтиёрман. Азиз ўзбекистонликлар, байрамингиз муборак бўлсин!

«Жаҳон» АА.
Берлин

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn