Молиявий ҳамкорлик ва истиқбол
  • 09 Сентябрь 2015

Молиявий ҳамкорлик ва истиқбол

Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан Хитой Давлат тараққиёт банки билан биргаликда иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришда молиявий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган семинар ташкил этилди.

Маълумки, Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилган бўлиб, ўзаро манфаатдорликка асосланган ҳамкорлик иқтисодиётнинг барча йўналишида изчил ривожланмоқда. Хусусан, молиявий соҳадаги алоқалар кўлами тобора кенгайиб, кўплаб йирик инвестициявий лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаяпти. “Ўрта Осиё — Хитой” газ қувури, “Ангрен — Поп” электрлаштирилган темир йўл линияси, “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси, “Жиззах” ва “Ангрен” махсус индустриал зоналарида йўлга қўйилган ишлаб чиқариш қувватлари бунга яққол мисол бўла олади.
Таъкидлаш керакки, молиявий соҳадаги ҳамкорлик, айниқса, Хитой Давлат тараққиёт банки кўмагида жадал ривожланмоқда. Сабаби, ушбу молия муассасаси энергетика, транспорт, телекоммуникация, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа йўналишлардаги турли лойиҳаларни рўёбга чиқаришда фаол иштирок этиб келаяпти. Бунда 2006 йилда “Ўзмиллийбанк” ва Хитой Давлат тараққиёт банки ўртасида иқтисодий ҳамкорлик йўлга қўйилгани муҳим аҳамият касб этмоқда.
Гап шундаки, мазкур молия институтининг бешта кредит линияси Миллий банк орқали ўзлаштирилаяпти. Жалб этилаётган инвестициялар ҳажми эса йил сайин ортиб бораётгани эътиборга молик. Айтайлик, дастлабки кредит линияси доирасида 20 миллион АҚШ доллари ўзлаштирилган бўлса, ушбу кўрсаткич иккинчи лойиҳада 60 миллион долларни, учинчисида 75 миллион долларни, тўртинчисида 100 миллион долларни ташкил этди. Томонлар ўртасида шу йилнинг январь ойида имзоланган битимга кўра, иқтисодиётимиз тармоқларига 150 миллион доллар миқдорида кредитлар ажратилмоқда. Унинг асосий қисми қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш, кичик корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадлари учун йўналтирилаётир.
— Бугунги тадбир давлатларимиз ўртасидаги сармоявий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқувчи лойиҳаларни муҳокама қилишимизда айни муддао бўлди, — дейди Хитой Давлат тараққиёт банкининг мамлакатимиздаги ишчи гуруҳи раҳбари Фэн Чжэ. — Чунки унинг доирасида юртингиздаги етакчи молия муассасаларидан бири бўлган Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг фаолияти, унинг мамлакат иқтисодиётида тутган ўрни билан яқиндан танишдик. Айни чоғда банкимизнинг янги маҳсулотлари тақдимотларини ўтказдик. Масалан, эндиликда кичик бизнес субъектлари бизнинг лизинг хизматларимиздан ҳам фойдаланишлари мумкин.
Семинарда “Ўзмиллийбанк” томонидан кичик бизнес ва қишлоқ хўжалиги соҳаси учун тақдим этилаётган хорижий кредит линиялари, уларнинг афзал жиҳатлари, фоиз ставкалари ва бошқа долзарб масалалар юзасидан атрофлича маълумот берилди.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn