«Ангрен — Поп» электрлаштирилган темир йўл тармоғи: Транспорт коммуникацияси соҳасидаги йирик лойиҳа
  • 08 Сентябрь 2015

«Ангрен — Поп» электрлаштирилган темир йўл тармоғи: Транспорт коммуникацияси соҳасидаги йирик лойиҳа

Мамлакатимиз мустақиллигининг 24 йиллик байрами арафасида “Мароқанд —Қарши” электрлаштирилган темир йўлида барча бунёдкорлик ва электрлаштириш ишлари тугатилиб, пойтахтдан Қаршигача “Afrosiyob” тезюрар поезди ҳаракати йўлга қўйилган эди. Яқинда эса тизимдаги яна бир йирик лойиҳа — “Ангрен — Поп” электрлаштирилган темир йўл линиясининг 104 километрида қурилиш, электрлаштириш ишлари ниҳоясига етказилдики, бу энг улуғ ва энг азиз айём шукуҳи кезиб юрган айни дамларда навбатдаги қувончли хабар бўлди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Президентимизнинг 2013 йил 18 июндаги “Ангрен — Поп электрлаштирилган темир йўл линияси қурилишини ташкиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида бунёд этилаётган мазкур лойиҳа юртимизда ягона миллий темир йўл тармоғини яратиш имконини беради. Умумий узунлиги 123,1 километрдан иборат бўлган ушбу йўлда 285 та сунъий иншоот ва cув ўтказиш қувурлари, умумий узунлиги 2,1 километрни ташкил этувчи 13 та кўприк, 6 та йўл ўтказгич, 2 та вокзал, 4 та  станция, 4 та разъезд қуриб битказилди.
Шунингдек, янги темир йўлнинг “Ангрен” станциясидан туннелнинг Fарбий порталигача, “Поп” станциясидан Шарқий порталгача бўлган масофада темир йўл қурилиши ҳамда электрлаштириш ишлари тўлиқ якунланиб, поездлар ишчи ҳаракати ташкил этилди.
— Денгиз сатҳидан 2 минг 200 метр баландликда “Қамчиқ” довони бўйлаб қурилаётган ушбу темир йўлда бунёдкорлик ишлари қизғин давом эттирилаяпти, — дейди “Ангрен — Поп” электрлаштирилган темир йўл лойиҳаси мутахассиси Тожиддин Аблазов. — Хусусан, лойиҳа доирасида хитойлик ҳамкорлар билан  қурилаётган, узунлиги 19,1 километрлик туннелнинг асосий стволини қазиш ишлари Fарбий ва Шарқий порталлар ҳамда қўшимча учта ёнбош шахталарда олиб борилаётгани боис бугунги кунгача 14 километр узунликда туннель қазилди. Бу кўрсаткич қўшимча туннелда қарийб 15 километрни ташкил этади. Қолаверса, туннелнинг 10 километрдан зиёд қисмида пардозлаш ишлари амалга оширилди.
Мазкур йирик лойиҳа қурилишида темир йўлчилар учун зарур шароитлар яратилиб, қурилиш объектларига замонавий техникалар ва материаллар ўз вақтида етказилмоқда. Бу эса тоғли ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларининг белгиланган режа асосида бажарилишини таъминлаяпти.
Эътироф этиш керакки, “Ангрен — Поп” электрлаштирилган темир йўли ва ушбу лойиҳа доирасида бунёд этилаётган туннель қурилишида сифатга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Мазкур жараёнда бажарилаётган ишларнинг халқаро амалиётда қабул қилинган меъёр ва стандартлар талабларига мувофиқлиги Германиянинг “DB International  GmbH” компанияси мутахассислари томонидан назорат қилиб борилаяпти.
— Лойиҳа жуда сифатли даражада амалга оширилмоқда, — дейди компания бош маслаҳатчиси Якоб Шонс. — Тоғли ҳудудда бўлишига қарамасдан, қурилиш ишлари жадал суръатда олиб борилаяпти. Шу маънода, ўзбекистонлик темир йўлчиларнинг хизмати юксак баҳога лойиқдир. Буни ҳозиргача туннелнинг иккала томонида амалга оширилган ишлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Негаки, улар пўлат изларни ётқизиш, электрлаштириш, умуман, барча юмушларни сифатли бажариб, қисқа муддатда амалга оширишди.
“Ангрен — Поп” электрлаштирилган темир йўл линияси қурилиши лойиҳаси мураккаблиги жиҳатидан дунё миқёсида биринчи саккизталикдан, туннель узунлиги бўйича ўн учталикдан жой олган. Албатта, бу мўъжизавий, улкан қурилиш келгусида Марказий Осиё ва Европа минтақасидаги мамлакатлар билан темир йўл орқали ҳамкорлик ўрнатишда муҳим ўрин тутади. Энг асосийси, юкларни ташиш арзонлашади, уларни етказиб бериш муддати эса икки баробар қисқаради.

Мирзо МУРОТОВ.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn