Жаҳон пахта бозорининг Тошкент форуми ўзбек толасининг экспорт ҳажмини ошириш, ҳамкорлар сафини кенгайтиришга хизмат қилади
  • 04 Сентябрь 2015

Жаҳон пахта бозорининг Тошкент форуми ўзбек толасининг экспорт ҳажмини ошириш, ҳамкорлар сафини кенгайтиришга хизмат қилади

Шу йилнинг 15-16 октябрь кунлари Тошкентда XI Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси бўлиб ўтади.

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан асос солиниб, анъанавий равишда ўтказиб келинаётган мазкур йирик форум ўзбек толасининг экспортини янада ошириш, ҳамкорлар сафини кенгайтириш, энг асосийси, янги бозор йўлакларини очишда муҳим восита бўлмоқда. Натижада ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар ва хорижий харидорлар ўртасида иқтисодий алоқалар йил сайин мустаҳкамланиб бораяпти. Тадбирда иштирок этаётган давлатлар жуғрофияси ҳам, ташриф буюрувчиларнинг сони ҳам ортаётгани ана шундан далолат беради. Масалан, 2005 йилги пахта ярмаркасида жаҳоннинг 30 давлатидан саноат ва савдо компанияларининг 170 вакили иштирок этган бўлса, ўтган йили 50 га яқин мамлакатдан мингдан ортиқ компания ва фирмалар вакиллари қатнашди. Якунда заминимизда етиштирилган 580 минг тонна пахта толаси ва умумий қиймати 1 миллиард АҚШ долларидан зиёд бўлган тўқимачилик маҳсулотлари етказиб бериш бўйича шартномалар тузилди.
Дарҳақиқат, мамлакатимиз пахта етиштириш ва уни экспорт қилиш бўйича дунёда етакчилардан бири ҳисобланади. Соҳа мутахассислари буни, энг аввало, толамизнинг сифат кўрсаткичлари юқорилиги, айни чоғда тўғри экспорт сиёсати юритилаётгани билан изоҳлашмоқда. Чунки жаҳон пахта бозорининг асосий иштирокчисига айланган Ўзбекистонда барча харидорларга тенг имконият берилаётгани, сифатли хом ашё етиштириш, уни қайта ишлаш ва етказиб бериш бўйича ўзига хос қулай тизим яратилгани муваффақиятларни янада мустаҳкамлаётир.
Пахтачилик ва у билан боғлиқ соҳаларда самарадорлик юқори бўлиши кўп жиҳатдан парваришланаётган ғўза навига боғлиқ. Шу боис юртимиз селекционер олимлари олдига ҳар бир вилоятнинг тупроқ-иқлим шароитига мос, ҳосилдор, тезпишар, турли касаллик ҳамда зараркунандаларга чидамли, тола чиқиши ва сифати жаҳон андозалари талабларига жавоб берадиган навларни яратиш ҳамда уларни ишлаб чиқаришга жорий этиш вазифаси қўйилган. Шунинг учун янги яратилаётган навларнинг нафақат ҳосилдорлиги ва толаси сифатига, балки тезпишарлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилаяпти. Аслида ҳам пишиб етилиш даври ғўзаларда қимматли хўжалик ва мураккаб генетик миқдорий белгилар қаторига киради. Нега деганда, бу керакли агротехника тадбирларини ўз вақтида ўтказиш, етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмай, сифатли йиғиштириб олишга қулай имконият яратади.
Олимларимизнинг айнан саноатбоп ва тезпишар навлар селекцияси борасида олиб борган изланишлари ўз самарасини бериб, катта ютуқларга эришилаётгани қувонарлидир. Сўнгги йилларда мамлакатимизда юздан зиёд янги ғўза нави яратилгани, уларнинг 27 таси Давлат реестрига киритилгани, республикамизнинг асосий майдонларида парваришланаётган ғўза навлари бошқа пахтачилик давлатлари ичида энг тезпишар эканлиги бунга асос бўла олади.
Толамизнинг жаҳон бозорида мавқеи ошиб, рақобатбардошлиги таъминланишида, айниқса, қайта ишлаш корхоналарининг роли беқиёсдир. “Ўзпахтасаноат” уюшмаси тасарруфидаги 100 га яқин пахта тозалаш корхоналари томонидан хом ашёни ўз вақтида қабул қилиш, уни сақлаш, сифатли қайта ишлаш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда пахта терминаллари орқали буюртмачиларга жўнатиш каби юмушлар кўнгилдагидек адо этилаяпти. Пировардида йилига 1 миллион тоннадан зиёд тола, 1,6 миллион тоннага яқин чигит, 80 минг тонна линт ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. “Олий” ҳамда “Яхши” синфларига мансуб тола олиш ҳажми ортиб бораётгани ҳамкорлар сафи тобора кенгайишида муҳим омил бўлаётир. 
Мамлакатимизда енгил саноатнинг жадал суръатларда ривожланаётгани эса муҳим саноат хом ашёсини ўзимизда чуқур қайта ишлаш имконини кенгайтирмоқда. Буни “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик компанияси таркибидаги 300 га яқин тўқимачилик, тикувчилик ва трикотаж корхоналарида йилига 450 минг тонна калава ип, 296 млн. кв. метр газлама, 90 минг тонна трикотаж мато, 270,2 млн. дона тикувчилик-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.
Бу йилги пахта ва тўқимачилик ярмаркаси иштирокчилари тизимда олиб борилаётган шу каби янгиланишлар билан яқиндан танишишлари учун барча шарт-шароит муҳайё этилади. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Товар-хом ашё биржаси, “Ўзпахтасаноат” уюшмаси, “Сифат” Ўзбекистон пахта толасини сертификатлаш маркази, “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик компанияси ҳамкорлигида ташкил қилинадиган мазкур нуфузли тадбирга тайёргарлик ишлари жадал давом эттирилмоқда.
Хорижлик савдо ва саноат корхоналари вакиллари, мутахассислар ҳамда халқаро экспертлар учун “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазма компаниясининг намойиш майдонларида тола намуналари билан яқиндан танишиш, айни чоғда музокараларга киришиш учун етарли шароитлар яратилади. Яъни сервис маркази, музокаралар зали, шартномалар тузиш учун махсус хоналар халқаро талаблар асосида жиҳозланади.
Маълумки, форум доирасида мамлакатимиз енгил саноати салоҳияти, жумладан, маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилаётган турфа хилдаги либослар намойиши ўтказилиши анъана тусига кирган. Бу гал ҳам “Ўзбекенгилсаноат” компанияси қошидаги “Шарқ либослари” дизайнерлик маркази ҳамда “Осиё рамзи” модельерлар ва дизайнерлар уюшмаси томонидан яратилган либослар намойиши ярмарка кундалигига киритилган. Чет эллик мутахассислар интиқлик билан кутадиган ушбу тадбирга муносиб ҳозирлик кўрилмоқда. Бундан ташқари, иқтисодиётимизнинг етакчи тармоғида хорижлик инвесторлар учун тақдим этилаётган имтиёз ва преференциялар, қулай инвестициявий муҳит, молия-банк, транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмалари тақдимот маросимлари ҳам ярмарканинг юқори савияда ўтказилишига хизмат қилади.
Умуман олганда, ўн биринчи марта ўтказилаётган Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси дастури ранг-баранг бўлиб, унинг доирасида турли тадбирлар, халқаро конференция ва семинарлар ташкиллаштирилиши кутилмоқда. Буларнинг барчаси савдо ҳамда инвестициявий ҳамкорлар сафи кенгайиши, саноатимизнинг жаҳон бозоридаги ўрни мустаҳкамланиб, мавқеи янада ошишида пухта пойдевор вазифасини ўтайди. Зотан, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бозор талабларидан келиб чиққан ҳолда, пахта саноати таркибий жиҳатдан ўзгартирилаётгани, халқаро талаблар асосида тола тайёрланаётгани, ишлаб чиқариш, уни сақлаш, сифатини стандартлаштириш бўйича жараёнларни ўз ичига олган тизимли чора-тадбирлар кўрилаётгани соҳа истиқболида нурли уфқларни очаверади.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn