Тезюрар «Afrosiyob» электропоезди Тошкентдан Қаршига уч соатда етиб боради
  • 25 Август 2015

Тезюрар «Afrosiyob» электропоезди Тошкентдан Қаршига уч соатда етиб боради

Юртимизда энг улуғ, энг азиз айём шукуҳи кезиб юрибди. Барча жойларда мустақиллигимизнинг қутлуғ 24 йиллигини муносиб кутиб олишга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Тўйга тўёна қилиш халқимизга хос хислатдир. Шу маънода, мамлакатимиз темир йўл тизими ходимлари ҳам ушбу бетакрор байрамга ўзига хос туҳфа ҳозирладилар.

Гап шундаки, жорий йилнинг 22 августидан бошлаб, “Тошкент — Самарқанд — Қарши” йўналишида тезюрар “Afrosiyob” йўловчи электропоезди қатнови йўлга қўйилди. Бу юртимизда Президентимиз томонидан Ўзбекистонни энг ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқиш, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш йўлида ҳаётга изчил татбиқ этилаётган ислоҳотларнинг яна бир амалий ифодасидир.
Давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 21 декабрдаги “2011 — 2015 йилларда инфратузилмани, транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантиришни жадаллаштириш тўғрисида”ги ҳамда 2012 йил 5 январдаги “Осиё тараққиёт банки иштирокида “Мароқанд — Қарши темир йўл участкасини электрлаштириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларига асосан бошланган ушбу лойиҳа рўёби учун 208 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағ йўналтирилган бўлса, шундан 108,3 миллион доллари тармоқ маблағлари, 100 миллион доллари эса Осиё тараққиёт банки сармоясидир.
Мазкур йўналишни электрлаштириш жараёнида йўлсозлар томонидан ўн битта станция ҳудудидаги тўққиз километрлик “пўлат из”лар қайта тикланди. 16 километр масофада 2100 куб метрдан зиёд тупроқ ишлари бажарилди. Шунингдек, станциялар оралиқларига 3 минг 216 та консол, участка станцияларига эса 259 та мустаҳкам темир конструкцияси монтаж қилиниб, 140,8 километрлик электр симлари тортилди.
Поездларнинг ишончли ҳаракатланиши, алоқа тизимларининг нуқсонсиз ишлашини таъминлаш мақсадида замонавий диспетчерлик бошқаруви ва электр энергияси сарфини ҳисоб-китоб қилишнинг илғор услуби жорий этилди. Қолаверса, участканинг контакт тармоғига хизмат кўрсатиш учун учта навбатчилик пункти қурилиб, шунча тортиш нимстанцияси монтаж қилинди. “Мароқанд — Айритом” ва “Айритом — Қашқадарё” станциялари оралиғи замонавий микропроцессорли яримавтоматлаштирилган блоклаш тизими билан жиҳозланди.
Маълумки, темир йўлларни электрлаштиришда электр симларини ушлаб турувчи консоллар, темир конструкциялар, таянчлар ҳамда уларнинг пойдеворлари энг зарур восита ҳисобланади. Илгари уларнинг барчаси хориждан келтириларди. Эндиликда эса бундай маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқариш ўзлаштирилиб, лойиҳа бунёдкорларига белгиланган вақтда етказиб берилгани нафақат қурилиш жараёнини тезлаштиришда, балки сарф-харажатларни қисқартиришда ҳам айни муддао бўлди.
Масалан, темир-бетон маҳсулотлари пойтахтимиздаги “Бинокор темир-бетон сервис” қўшма корхонасидан, станцияларга ўрнатилган темир конструкциялари эса “Йўл электр механик устахоналари” акциядорлик жамиятидан олинди. Умуман, қурилиш ишларига тармоқнинг 20 га яқин корхоналари, юзлаб қурувчилар ва замонавий техникалар жалб этилгани унинг сифатли барпо қилиниб, ўз муддатида фойдаланишга топширилишида қўл келди.
— Ушбу линияда ҳаракатланадиган электровозларга “Қарши” локомотив депосида техник хизмат кўрсатилади, — дейди “Қарши минтақавий темир йўл узели”нинг иқтисодий таҳлил ва прогнозлаш бўлими бошлиғи   Ислом Нортожиев. — Шу боис бу ерда янги цехлар қурилиб, мавжудлари замонавий таъмирлаш ускуналари билан жиҳозланди.
Пойтахтдан Қарши шаҳрига “Afrosiyob” тезюрар поезди қатновининг йўлга қўйилиши чинакам байрамга айланиб кетди. Унинг биринчи йўловчилари эса турли соҳа вакиллари — Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаётган фидойи инсонлар, санъат ва спорт намояндалари, ёшлар ҳамда хорижлик меҳмонлар бўлди.
Соҳа мутахассисларининг айтишича, мазкур йирик лойиҳа электропоездларда юк ва йўловчи ташишда катта имкониятлар эшигини очиб бердики, бу иқтисодий томондан тежамкорликка эришишда муҳим аҳамият касб этади. Айтайлик, шу пайтгача Тошкентдан Қаршигача бўлган 511 километрлик йўл қарийб 6 соатда босиб ўтилган бўлса, эндиликда бу вақт икки баробар қисқариб, 3 соатгача камайтирилди.   
— Ватанимиз тарихида ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайдиган байрам, бу — Мустақиллик кунидир, — дейди “Севаз-андроникс” МЧЖ раҳбари Алишер Бойқораев. — Бугун биз ана шу истиқлол берган инъомлардан баҳраманд бўлаяпмиз, юртимизда рўй бераётган мўъжизалар гувоҳига айланаяпмиз. Мана, биринчи маротаба пойтахтдан Қарши шаҳрига темир йўл орқали уч соатда кириб келдик. Бу ҳақиқий мўъжиза эмасми?! Ваҳолонки, шу пайтгача буни тасаввур этиш, хаёлга келтириш  мушкул эди.
— Қашқадарё вилояти республикамизнинг юқори иқтисодий салоҳиятга эга ҳудудларидан бири ҳисобланади, — дейди “Бозор ўғли Абди” фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдимурод Бозоров. — Кейинги йилларда бу ерда иқтисодиёт тармоқлари изчил ривожланиб, улкан қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Аҳолининг бахтли ҳамда фаровон ҳаёт кечириши учун қулай шарт-шароитлар яратилаяпти. Албатта, буларнинг барчаси мустақиллик шарофатидир. Тезюрар поезднинг келиши биз, вилоят аҳли учун яна бир туҳфа бўлди. Бу ҳудудда иқтисодиёт тармоқлари, сайёҳлик салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.
— Юртингиздаги ислоҳотлар самарасига, халқингизнинг бунёдкорлик салоҳиятига ушбу қурилиш жараёнида яна бир карра амин бўлдик, — дейди Франциянинг “Systra” компанияси вакили, “Мароқанд — Қарши” электрлаштирилган темир йўл линияси лойиҳа менежери Алан Гене. — Чунки ушбу ишда биз ҳам бевосита иштирок этиб, ўз маслаҳатларимизни бердик. Лойиҳанинг мамлакат мустақиллигининг 24 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилиши ҳам ўзига хос рамзий маънога эга. Зеро, бу юртда байрамлар байрамга уланиб кетади. Шунга мос равишда аҳоли ҳам мамлакати равнақига  ҳисса қўшишга ҳаракат қилади. Бундай халқнинг эса эртаси бундан-да порлоқ бўлиши, шубҳасиз.
Қисқа муддатда тубдан қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилган Қарши вокзалига “Afrosiyob” тезюрар поезди етиб келгач, бу ерда тантанали маросим бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б. Зокиров иштирок этди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn