Инвестициявий дастурлар ижроси ҳудудларда саноат салоҳиятини оширишда алоҳида ўрин тутмоқда
Версия для печати
  • 22 Август 2015

Инвестициявий дастурлар ижроси ҳудудларда саноат салоҳиятини оширишда алоҳида ўрин тутмоқда

Бугун дунёда давом этаётган глобал молиявий-иқтисодий  инқирознинг салбий таъсирига қарамай, юртимизда иқтисодиёт ва унинг етакчи тармоқларида барқарор ўсиш суръатларига эришилмоқда. Мустақиллик йилларида узоқни кўзлаб олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, фаол ва аниқ йўналтирилган инвестиция сиёсати бу борадаги ютуқларнинг муҳим омили бўлаётир.

Иқтисодиётнинг барча тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, табиий шароит ва хом ашё ресурсларидан самарали фойдаланиш имконини берувчи янги саноат қувватларини ишга тушириш бўйича пойтахт вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида ҳам муайян ишлар амалга оширилаяпти. Президентимизнинг 2013 йил 12 июлдаги “2013 — 2015 йилларда Тошкент вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим асос бўлаётир. Ушбу ҳужжат ижроси доирасида ўтган давр мобайнида ҳудудда 20 га яқин катта-кичик саноат тармоқлари ишга туширилди. Натижада жорий йилга келиб, туманда мазкур жабҳада маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 180 миллиард сўмдан ошди. Бу уч йил аввалги кўрсаткич билан таққослаганда, 35 фоиз кўпдир. Ўз навбатида, туманнинг олис-яқин қишлоқларига саноат тармоқларининг жадал кириб бориши кўплаб ижтимоий масалаларни ижобий ҳал этиш, хусусан, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли турмуш даражаси, фаровонлигини юксалтириш имконини бераётир.
Эътиборга молик яна бир жиҳат шундаки, бу ердаги янги ишлаб чиқариш тузилмаларининг аксарияти тўғридан-тўғри хориж сармояси ҳисобидан ташкил этилмоқда. Масалан, ўтган йили Тўйтепа шаҳрида фаолият бошлаган “Textile mill Tashkent” Ўзбекистон — Германия қўшма корхонаси ана шулардан биридир.
Айни пайтда эркаклар, аёллар ва болалар, шунингдек, спортчилар учун тўқимачилик маҳсулотлари тайёрланаётган корхонада технологик жараёнларни йўлга қўйиш учун хорижий шериклар томонидан йўналтирилган сармояларнинг умумий ҳажми 2 миллион АҚШ долларидан ошди. Шу тариқа корхона Жанубий Корея ва Хитойнинг энг замонавий тўқимачилик ускуналари, тикув дастгоҳлари  билан жиҳозланди. Энг муҳими, бу ерда маҳаллий йигит-қизларга мўлжалланган 70 дан ортиқ иш ўрни вужудга келди.
— Давлатимиз томонидан биз, тадбиркорларга яратиб берилаётган  имконият ва имтиёзлар фаолиятимизни ривожлантириш ва жаҳон бозорига дадил кириб боришимизда катта мадад бўлаяпти, — дейди қўшма корхона раҳбари Ҳасан Ҳошимов. — Айни пайтда тайёр маҳсулотнинг 90 фоизини хорижга сотаяпмиз. Энг ривожланган давлатлардан буюртмалар келиб тушмоқда. Қисқа фурсатда бир нечта халқаро сифат сертификатларига эга бўлдик. Бундан руҳланиб, янги-янги лойиҳалар устида изланаяпмиз. Хусусан, тижорат банки кредити ҳисобидан фаолиятимизни кенгайтириш ҳаракатидамиз. Бунинг учун қўшимча мажмуа бунёд этмоқдамиз. Ҳамкор давлатлардан яна 43 та тўқимачилик ускунаси келтириш тадоригини кўраяпмиз. Бундан ташқари, ишчи-хизматчиларимизни ижтимоий муҳофаза қилиш мақсадида замонавий ошхона, кийиниш хонаси ҳамда тиббиёт пункти қуришни ҳам режалаштирганмиз. Бу ишлар тўлиқ амалга оширилгач, ишлаб чиқариш ҳажми, жамоамиз аъзолари сони камида 25-30 фоиз ошади.
Тўқимачи Нигора Ҳасанбоева цехга ўрнатилган дастгоҳлар ва уларга жамғарилган табиий ва синтетик толаларни бирма-бир кўздан кечириб чиққач, чаққон ҳаракатлар билан сенсорли таблога нималарнидир қайд этади. Зум ўтмай, тўқимачилик дастгоҳлари бир маромда ишлай бошлади.
— Туманимиздаги миллий ҳунармандчилик ва дизайн касб-ҳунар коллежини тамомлаб, тўғри шу ерга ишга келдим, — дейди у. — Соҳага қизиққаним ҳамда таълим масканида олган амалий ва назарий билимларим туфайли қисқа фурсатда ўз ишимни чуқур ўзлаштириб олдим. Кўриб турганингиздек, корхонамизга хориждан олиб келинган илғор ускуналар жуда ажойиб. Компьютер “буйруғи” билан ишлайди. Масалан, махсус дастурий тизим орқали улар хотирасига тўқилиши керак бўлган янги маҳсулотнинг эскизи сканер орқали киритилса бас, зум ўтмай, ҳақиқийси қўлингизда бўлади.
Нигорахон линиядан шундоқ елим саватчага келиб тушаётган деярли тайёр ҳолдаги тўқима маҳсулотни олиб, қўлидаги рангли чизмага солиштиради. Ҳаммаси рисоладагидек. Ранглари ҳам жойида — оқи оқ, қизили қизил! Керакли андозани олишда бу сафар ҳам умуман хатога йўл қўйилмади.

Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn