Фарғонада мотоцикл ишлаб чиқарилаяпти
Версия для печати
  • 22 Август 2015

Фарғонада мотоцикл ишлаб чиқарилаяпти

Шаҳардаги “SUN FA” АЖ  қўшма корхонасида бугун коллежларнинг 20 нафардан ортиқ битирувчилари меҳнат қилмоқда. О лтиариқ қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежини тамомлаган Шуҳрат Абдуманнопов, Фарғона саноат касб-ҳунар коллежи битирувчиси Бекзод Қодиров, Фарғона алоқа касб-ҳунар коллежини тугатган Равшан Исмоналиев шулар жумласидан бўлиб, уларнинг ҳар бири замонавий ускуналарни моҳирона бошқараяпти.

Корхонада икки ва уч ғилдиракли, юк кўтариш қуввати 1 тоннадан 2,5 тоннагача бўлган мотоциклларни йиғиш йўлга қўйилган.
Ҳозиргача эса 250 дан зиёд мотоцикллар харидорларга етказиб берилди. Бу, албатта, мамлакатимизда тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчилар учун кенг шарт-шароитлар яратилаётганлиги, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш орқали юртимизнинг экспорт салоҳиятини юксалтириш жабҳасида изчил ислоҳотлар олиб борилаётгани самарасидир.
Амалдаги қонун ҳужжатлари талаблари асосида бўш турган бино-иншоотларнинг “ноль” қийматда берилишига доир имтиёзга мувофиқ, қўшма корхона хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда фаолият кўламини кенгайтириш бўйича келишувга эришган эди. Унга кўра, бу ерда Маҳаллийлаштириш дастури доирасида мотоциклнинг рамаси, кузови ва троссларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.
Таъкидлаш жоизки, яқин келажакда корхонада қишлоқ хўжалиги тармоқлари учун ихчам тракторлар, кичик машина-механизмларни тайёрлаш ҳам кўзда тутилмоқда. Бу лойиҳалар амалиётга жорий этилгач, 60 дан ортиқ янги иш ўринлари яратиш имконияти пайдо бўлади.

Набижон СОБИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn