Энергия тизимида янгича ёндашув
  • 22 Август 2015

Энергия тизимида янгича ёндашув

Тошкент шаҳрида “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти томонидан мустақиллик йилларида энергетика тизимида амалга оширилган ислоҳотлар, эришилган натижалар ва истиқболдаги вазифалар муҳокамасига бағишланган матбуот анжумани  ўтказилди.

Тадбирда қайд этилганидек, истиқлол йилларида иқтисодиётимизнинг энергетика тармоғи жадал суръатлар билан ривожланди. Натижада Ўзбекистон энергия манбалари билан нафақат ўзини ўзи таъминлайдиган, балки экспорт қиладиган давлатга айланди. Агар ўтган шу қисқа давр ичида юртимизда электр энергияси истеъмолчиларининг сони 2,5 миллионга, иқтисодиёт тармоқларининг истеъмоли эса 445,6 миллион кВт. соатга ўсганлигини инобатга оладиган бўлсак, қўлга киритилаётган ютуқлар нечоғли залворли эканлиги яққолроқ намоён бўлади.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари томонидан соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратилиб, янги объектлар қурилаётгани, мавжудлари реконструкция ва модернизация қилинаётгани туфайли электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 1,5 миллиард кВт. соатга, электр тармоқларининг умумий узунлиги эса 38,2 минг километрга кўпайди.
Жамият мутахассисларининг айтишича, ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга қаратилган лойиҳалар кўлами йил сайин кенгайтирилмоқда. Масалан, айни пайтда “Толлимаржон”, “Тошкент”, “Тахиатош” ва “Навоий” иссиқлик электр станцияларида буғ-газ қурилмалари қурилаётган бўлса, Тўрақўрғон туманида умумий қуввати 900 МВтга тенг бўлган иккита буғ-газ қурилмали электр станцияси бунёд этилаяпти.
Шу билан бирга, катта маблағ ва меҳнат эвазига ҳосил қилинаётган электр қувватларини тежаш, унинг муқобил манбаларидан кенгроқ фойдаланиш бўйича кўплаб лойиҳалар ҳаётга татбиқ қилинаётир. Биргина “Жиззах” махсус индустриал зонасида қуёш энергияси ёрдамида сув иситиш қурилмалари, тежамкор лампалар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхоналар фаолияти йўлга қўйилди. Бундан ташқари, Самарқанд, Сурхондарё ва Наманган вилоятларида ҳар бири 100 МВт қувватга эга бўлган қуёш электр станциялари қурилиши режалаштирилаяпти.
Йиғилишда шу каби йирик лойиҳаларнинг табиий ресурсларни тежаш, аҳолини электр  энергияси билан барқарор таъминлаш, тармоқ ривожига қўшилаётган улуш хусусида маълумотлар  берилди.

С. РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn