Енгил саноат тизимида янги лойиҳалар
  • 20 Август 2015

Енгил саноат тизимида янги лойиҳалар

Энг улуғ, энг азиз байрамимизга юртимиз енгил саноати ходимлари ҳам муносиб совға ҳозирлашмоқда. Гап шундаки, айём арафасида 18 та замонавий саноат корхонаси фойдаланишга топширилади.

Лойиҳа қиймати қарийб 100 миллион АҚШ долларига тенг бўлган мазкур янги қувватлар ишга туширилиши туфайли 1000 та иш ўрни яратилиши, тармоқнинг экспорт салоҳияти 43,1 миллион АҚШ долларига ортиши кутилаётгани қувонарлидир.
Бу ҳақда пойтахтимизда “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик компанияси томонидан ташкил этилган анжуманда маълум қилинди.
Таъкидландики, истиқлол йилларида соҳага алоҳида эътибор қаратилиб, замонавий ишлаб чиқариш объектлари барпо этилаётгани, мавжудлари тубдан модернизация қилинаётгани туфайли енгил саноат иқтисодиётимизнинг етакчи тармоқларидан бирига айланди.
Бугунги кунда ушбу жабҳадаги корхоналар йилига 450 минг тонна калава ип 296 млн. кв. метр газлама, 90 минг тонна трикотаж мато, 270,2 млн. дона тикувчилик-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга экани, тизимда 70 минг нафардан зиёд киши меҳнат қилаётгани бунга асос бўла олади.
Қолаверса, экспорт ҳажми йил сайин ошиб, дунёнинг 50 дан зиёд мамлакатларига тўқимачилик ва енгил саноат маҳсулотлари етказиб берилмоқда. Бошқача айтганда, 1991 йилда хорижга атиги 7 млн. долларлик маҳсулот сотилган бўлса, ўтган даврда бу кўрсаткич 120 баробар ортди. 2015 йил якуни бўйича эса 1 млрд. долларга етказилиши кутилаяпти.
Компания мутахассисларининг айтишича, бу заминимизда етиштирилган пахта хом ашёсини ўзимизда чуқур қайта ишлаш суръатини босқичма-босқич ошириш, чет эл инвестициясини жалб қилиш бўйича кўрилаётган тизимли чора-тадбирлар, айниқса, соҳага татбиқ этилаётган қўшимча имтиёзлар самарасидир. Бу каби қулай шарт-шароит, ўз навбатида, чет эллик инвесторларнинг юртимиз иқтисодиётига бўлган қизиқишини тобора оширмоқда. Натижада 24 йил мобайнида 2,2 млрд. долларлик хориж инвестициялари жалб этилиб, 180 дан ортиқ йирик инвестициявий лойиҳалар ҳаётга татбиқ қилинди. Фақатгина охирги 3 йилда умумий қиймати 575,3 млн. долларга тенг, экспорт салоҳияти 215,8 млн. долларлик, 11,6 мингта иш ўрнига эга бўлган 92 та саноат корхонаси ишга туширилди. Уларда тайёрланаётган замонавий дизайндаги мавсумий либослар, эркаклар, аёллар ва болалар кийим-кечакларига ташқи бозорда талаб тобора ортиб бораётир.
Анжуманда, шунингдек, 2020 йилгача бўлган даврда амалга оширилиши белгиланган истиқболли лойиҳалар, уларнинг соҳа ривожидаги аҳамияти ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn