Қурилиш саноати: истиқболли лойиҳалар, янги ишлаб чиқариш қувватлари
Версия для печати
  • 19 Август 2015

Қурилиш саноати: истиқболли лойиҳалар, янги ишлаб чиқариш қувватлари

Замонавий меъморчилик андозалари асосида тикланаётган иншоотларнинг кўркам, муҳташам ва мустаҳкам бўлиши нафақат бинокорлар маҳоратига, балки қурилиш материалларининг сифатига ҳам боғлиқ.

Шу боис мамлакатимизда бунёдкорлик ишлари кўлами ортиши билан ушбу турдаги маҳсулотларга бўлган талаб ҳам тобора ошаяпти. Бу эса ишбилармонларимизнинг истиқболли лойиҳалари рўёбига кенг йўл очмоқда.
Хусусан, Навоий шаҳридаги “Qizilqumsement” акциядорлик жамияти ҳам юртимизда яратилган қулай бизнес муҳити, кўплаб имтиёзлар ҳамда ҳудуднинг хом ашё ресурсларидан самарали фойдаланиб келмоқда. Бинобарин, кейинги йилларда бу ерда амалга оширилган модернизациялаш тадбирлари туфайли корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати ортди. Чунончи, ўтган йилнинг декабрь ойида жамиятда қиймати 30 миллиард сўмлик 7-цемент тегирмони ишга туширилиши билан қўшимча равишда йилига 350 минг тонна цемент тайёрлаш имконияти яратилди. Шунингдек, жорий йилнинг биринчи чорагида бу ерда янги тармоққа асос солиниб, йилига 56 минг тонна қурилишбоп оҳак ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Лойиҳа рўёбига 13 миллиард сўм йўналтирилди.
— Илғор технологик линия чет элдан келтирилди, — дейди “Qizilqumsement” акциядорлик жамияти раҳбарининг капитал қурилиш бўйича ўринбосари Мурод Исломов. — Ҳозир улар ёрдамида қайта ишланаётган оҳак хом ашёсининг асосий қисмини экспорт қилиш чоралари кўрилаяпти.
Айтиш жоизки, Президентимизнинг 2010 йил 15 декабрдаги “2011 — 2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарори бу ерда олиб борилаётган ишларни янги босқичга кўтарди.
— Корхонамиз республикамиздаги цемент маҳсулотининг қарийб тенг ярмини тайёрлаб, тармоқда етакчилик қилиб келмоқда, — дейди “Qizilqumsement” акциядорлик жамияти бош муҳандиси ўринбосари Тоҳир Азизов. — Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярмида 1 миллион 800 минг тоннага яқин маҳсулот ишлаб чиқарилиб, белгиланган режа ортиғи билан уддаланди.
Келгусида ҳам корхона моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, мавжуд қувватларни модернизациялаш мақсадида бир қатор инвестициявий лойиҳалар амалга оширилиши белгиланган. Эътиборли жиҳати, мазкур янгиланишлар учун 279,5 миллиард сўм сарфланиши мўлжалланаяпти.
Умуман, вилоятда кейинги йилларда қурилиш саноати жадал ривожланмоқда. Масалан, бундан ўн йил аввал ҳудудда 200 дан зиёд шу йўналишга ихтисослаштирилган корхона фаолият юритган бўлса, жорий йилга келиб улар сони қарийб уч баробар ортди. Ҳозир ана шу субъектлар томонидан ишлаб чиқарилаётган 40 турдан кўп рақобатбардош маҳсулотлар юртимизда бунёд этилаётган бино ва иншоотлар кўркига кўрк қўшиши баробарида, вилоят экспорт салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилаяпти.

Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn