Юксалишнинг дадил одимлари
Версия для печати
  • 19 Август 2015

Юксалишнинг дадил одимлари

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, аграр республикадан саноати жадал ривожланаётган давлатга айланди. Буни истиқлол йилларида шаклланиб, иқтисодиётимизнинг юқори технологияли тармоғига айланган озиқ-овқат саноати мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Дарҳақиқат, агар 1990 йилда юртимиз аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, гўшт, сут ва қандолат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи, асосан, импорт ҳисобига қондирилган бўлса, бугунги кунда уларнинг 96 фоизи ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар эвазига қопланмоқда. Қувонарлиси, аҳоли жон бошига гўшт истеъмоли 1,3 баробар, сут ва сут маҳсулотлари 1,6 баробар, қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари 4 баробар ортишига қарамай, экспорт ҳажми йил сайин ошиб бормоқда. Айни пайтда “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи туширилган озиқ-овқат маҳсулотлари дунёнинг 80 дан ортиқ мамлакатларига экспорт қилинаётгани бунинг ёрқин далилидир.     
Пойтахтимизда Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси томонидан ташкил этилган  “Истиқлол йиллари: озиқ-овқат саноатининг юксалиши одимлари” мавзуидаги матбуот анжуманида ана шулар ҳақида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, бу ривожланишнинг “ўзбек модели” асосида босқичма-босқич амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, ички бозорни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилиш бўйича кўрилаётган тизимли чора-тадбирларнинг беқиёс самарасидир. Натижада ишлаб чиқариш қувватлари йил сайин ошиб, кўплаб турдаги импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрлаш ўзлаштирилмоқда. Айтайлик, истиқлолнинг дастлабки йилларида соҳага ихтисослаштирилган корхоналар 1000 тани ташкил этган бўлса, ҳозирги пайтда уларнинг сони 10 000 тадан ошди. Ўз навбатида, мазкур соҳанинг республика саноатидаги улуши ҳам ортиб, қарийб 17 фоизга етгани диққатга сазовор.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига берилаётган имтиёз ва енгилликлар, айтиш мумкинки, соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда. Бундай қулайликлардан оқилона фойдаланаётган “Сиёб саховати”, “Ренессанс дизайн”, “Мармакс”, “Агромир групп”, “Голд драй фруктс”, “Афросиёб мева”, “Тошкент сифат сут” каби янги хўжалик юритувчи субъектлар озиқ-овқат саноатидаги салоҳиятли корхоналар қаторидан жой олди.
Соҳада яратилган қулай ишбилармонлик муҳити чет эллик инвесторларда ҳам катта қизиқиш уйғотиб, кўплаб истиқболли лойиҳаларга мустаҳкам замин ҳозирламоқда. Мисол учун, 2008 йилда умумий қиймати 30 миллион АҚШ долларилик 150 та лойиҳа амалга оширилган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 1400 тадан ортиб, 210 миллион доллардан зиёд инвестициялар ўзлаштирилаяпти. Бу саноатнинг мазкур тармоғи жадал ривожланаётганининг амалий тасдиғидир.
Уюшма мутахассисларининг айтишича, инвестициявий лойиҳалар нафақат марказларда, балки чекка ҳудудларда ҳам рўёбга чиқарилаяпти. Ҳудудий инвестиция дастурига кўра, жорий йилда республикамизнинг олис ҳудудларида умумий қиймати 389,9 миллиард сўмлик 983 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган бўлса, дастлабки олти ой ичида шундан 541 таси ҳаётга татбиқ этилди. Бунинг ҳисобига 4525 та иш ўрни яратилиб, қишлоқ аҳолиси, хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлиги таъминланди.
Анжуманда, шунингдек, 2020 йилгача бўлган даврда янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, мавжудларини модернизациялаш, маҳаллийлаштириш кўламини кенгайтириш, экспорт ҳажмини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn