Биологик усул: самарали ва безарар
Версия для печати
  • 19 Август 2015

Биологик усул: самарали ва безарар

Август ойи нафақат пахта ҳосилига ҳосил қўшиш палласи, балки деҳқонларнинг машаққатли меҳнати эвазига тўпланган ҳосил нишоналарини сақлаб қолиш даври ҳамдир.

Сабаби, бу пайтга келиб, ҳарорат  нисбатан пасайиб, тунлари салқин тушиши ўргимчаккана, беда қандаласи, қора шира каби зараркунандалар кўпайишига қулай шароит яратади. Шунинг учун айни шу кунларда ҳосил кушандаларига қарши курашни янада кучайтириш талаб этилади.
Маълумки, зарарли ҳашаротларга қарши уч усулда, яъни агротехник, биологик ва кимёвий тарзда иш олиб борилади. Республикамиз фермерлари кейинги йилларда зарарли ҳашаротларга қарши курашда биологик усулдан кенг фойдаланишмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки у атроф-муҳитга мутлақо безарар, иқтисодий тарафдан самаралидир.
“Халқ сўзи” газетасининг шу йил 30 июлдаги сонида “Август ойи пахта ривожида, ҳосил тўплашда ҳал қилувчи фаслдир” сарлавҳаси остида берилган мутахассис тавсияларида ҳам қайд этилганидек, ушбу муҳим тадбирга озгина эътиборсизлик билан қаралса, тўпланган ҳосилнинг 20-25 фоизигача қисмидан маҳрум бўлиш мумкин. Шу боис бизнинг “Чимбой биомаҳсулот” биолабораториямиз жамоаси туманимиздаги 117 та фермер хўжалигининг 1713 гектар ғўза майдонларида назоратни ҳар доимгидан ҳам кучайтирган. Бугунги кунга қадар далаларга 13 килограмм трихограмма, 6 килограмм бракон, 7 килограммдан зиёд олтинкўз чиқарилиб, зараркунандаларга мустаҳкам “тўсиқ” қўйилди.
Айтиш жоизки, белгиланган миқдорда биомаҳсулот тайёрланишида мавсумга пухта тайёргарлик кўрилгани, айниқса, зарур жиҳоз ва озуқа билан тўлиқ таъминланилгани айни муддао бўлди. Натижада далаларга ўз вақтида ишлов берилаяпти. Биомаҳсулотларнинг қолган қисмини эса керакли муддатларгача сифатли сақлашда қуёш батареясида ишлайдиган музлаткичлардан унумли фойдаланаяпмиз. Бу, ўз навбатида, сарф-харажатларни камайтириш имконини бермоқда.
Шу каби чора-тадбирлар туфайли туманимизда ҳосил кушандалари хавфи тўлиқ бартараф қилинаётир. Аммо жамоамиз назоратни мавсум охиригача асло бўшаштирмайди. Кузатувчиларимиз ўзларига бириктирилган майдонларни ҳар куни кўздан кечириб туришибди. Зеро, пахта ҳосили тўплашда ҳал қилувчи давр бўлган август ойини кўнгилдагидек ўтказиш, деҳқон ва фермерларнинг заҳматли меҳнати эвазига яратилаётган ҳосилни тўлиқ сақлаб қолиш бизнинг бурчимиздир. Уни муваффақиятли адо этсак, фермерлар пахта етиштириш бўйича шартнома мажбуриятини ортиғи билан уддалаб, эл-юрт олдида барчамизнинг юзимиз ёруғ бўлади.

Гулсара АБДИРАМАНОВА,
Чимбой туманидаги «Чимбой биомаҳсулот» биолабораторияси раҳбари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn