«Ўзбекистон ҳаво йўллари»: тараққиёт сари ишончли парвоз
  • 18 Август 2015

«Ўзбекистон ҳаво йўллари»: тараққиёт сари ишончли парвоз

— Ўзбекистон — ҳар қандай шароитда ҳам изчил ривожланаётган давлат. Буни ижтимоий-иқтисодий соҳаларда эришилаётган барқарор ўсиш суратлари ҳам тасдиқлайди. Айни пайтда мамлакатингизнинг транспорт-коммуникация, логистика ва транзит салоҳияти ниҳоятда юксак.

Бундан эса унумли фойдаланилмоқда. Боиси Президент Ислом Каримов томонидан ушбу тармоқ тараққиётини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилаяпти. Хусусан, авиапаркнинг энг замонавий лайнерлар ҳисобига янгиланиши, малакали кадрлар тайёрлаш тизими тубдан такомиллаштирилгани, аэропортларнинг кўркам қиёфаси, мустаҳкам моддий-техник база ҳамда инфратузилма мижозларга юқори даражада хизмат кўрсатиш, парвозлар хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, биз Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси билан ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдормиз.

Марти БЕНТРОТТ,
«Boeing — Фуқаро самолётлари» бўлинмасининг Яқин Шарқ, Россия ва Ўрта Осиё ҳудудларида халқаро савдолари бўйича вице-президенти.

Қатор нуфузли халқаро ташкилотлар, таниқли мутахассису экспертларнинг юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли модернизациялаш жараёнлари ҳақида билдираётган бу каби эътирофларидан барчамиз ҳақли равишда фахрланамиз.
Дарҳақиқат, истиқлол йилларида фуқаро авиацияси, том маънода, иқтисодий салоҳиятимиз, тинчлигимиз, фаровонлигимиз тимсолига айланди. Бунда, шубҳасиз, давлатимиз раҳбарининг 1992 йил 28 январдаги “Ўзбекистон Миллий авиакомпаниясини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони дастуриламал бўлди. Зеро, шу асосда ҳаво йўллари тизимида кенг кўламли янгиланиш, бунёдкорлик ва технологик қайта жиҳозлаш чора-тадбирлари рўёбга чиқарилди. Самолёт парки энг сўнгги русумдаги ҳаво лайнерлари билан тўлдириб борилди. Маънан эскирган “Ил-86”, “Ил-62”, “Ту-154” каби русумлар ўрнига дунё тажрибасида синовдан ўтган “Boeing-757/767”, “AIrbus 320”, ниҳоятда тежамкор ва маҳаллий шароитга мос  ўзимизнинг “Ил-114/100” самолётлари парвозга қўйилди. Айни чоғда уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича илғор база яратилди.
Ҳаво ҳаракатини бошқариш тизими ҳам тубдан реконструкция қилиниб, юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг самарали моделига асос солинди. Пировардида хавфсизлик мезонларига тўлиқ жавоб берадиган ҳаво флоти вужудга келди.
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси (МАК) жамоаси мамлакатимиз мустақиллигининг 24 йиллигини ана шу каби улкан натижалар, барқарор ривожланиш суръатлари билан муносиб кутиб олмоқда.
Маълумки, сифатли ва хавфсиз хизмат кўрсатиш авиация соҳаси самарали фаолиятининг кафолати ҳисобланади. Шу маънода, ўтган йилларда МАК “Парвозлар хавфсизлиги” нотижорат ҳамкорлик ташкилоти, Парвозлар хавфсизлиги фондининг парвозлар хавфсизлигини таъминлашдаги улкан ютуқлари учун мудом тақдирланиб келинаётгани, IOSA аудитидан муваффақиятли ўтгани ютуқлар гарови бўлаётир.

Логистика истиқболлари
Ўзбекистон нафақат минтақада, балки глобал миқёсда ҳам логистика бўйича ёрқин истиқболга эга. Буни янада кенгроқ юзага чиқаришда “Навоий” халқаро аэропорти негизида ташкил этилган йирик Интермодал логистика маркази муҳим роль ўйнамоқда. Ҳозирги кунда бу ерда бир кеча-кундузда 300 тоннага яқин юкни қайта ишлаш имкониятига эга юк терминали фаолият юритаяпти. Айни пайтда Зарафшон воҳаси марказидан Брюссель, Сарагоса, Милан, Шанхай, Вена, Урумчи каби шаҳарларга юк ташувлари йўлга қўйилгани соҳа ривожида янги уфқларни очишда катта аҳамият касб этмоқда.

Илғор ўқув базаси
Бугунги давр талабларига жавоб берадиган мутахассислар ҳар қандай йўналиш, айниқса, ҳаво йўллари тизимида барқарор фаолият юритишнинг асосий калитларидан биридир. Бинобарин, Миллий авиакомпания Тренажёр мажмуаси базасини ҳар томонлама ривожлантириш доимий диққат-марказда. Жумладан, мазкур даргоҳга учувчилар учун стандарт ва мураккаб ҳолатларда вазиятни тўғри баҳолаш ҳамда тажриба ошириш имконини берувчи “Boeing-767” тренажёри, “Ил-114/100” авиалайнерининг “Full-flight” симулятори ўрнатилди. Бундай имкониятлар амалда ўзининг ижобий самараларини бермоқда.

Замонавий самолётлар
Ислоҳотлар жараёнида авиапаркни замонавий самолётлар билан бойитиб бориш ҳам изчил давом эттирилмоқда. Икки йил олдин иккита янги “Boeing-767” самолёти олиб келиниши ҳисобига уларнинг сони тўрттага етказилди. Келгуси йилда эса дунёда ном қозонган “Boeing-787 Dreamliner”идан бир жуфт қабул қилиб олинади.
Маълумки, “орзу лайнери”-нинг халқаро тақдимоти доирасида у пойтахтимизга ҳам келиб қўндирилган эди. Самолётнинг 1 соатлик парвоз намойишида ҳамюрт учувчимиз, МАК Учувчилар мажмуаси директори А. Каримов иштирок этганди. Ҳозир эса ҳар иккала томон мутахассислари “Uzbekistan airways technics” авиакорхонаси базасида самолёт конструкциясининг композицион материаллардан тайёрланган йирик элементларини таъмирлаш бўйича минтақавий цех ташкил этиш бўйича иш олиб бормоқдалар. Бу эса ҳаво транспорти воситаларига техник хизмат кўрсатиш борасидаги навбатдаги янги қадам бўлишига шубҳа йўқ.

Кўркам аэропортлар
Соҳада амалга оширилаётган янгиланишлар республикамиз аэропортларининг кўркам қиёфаси, моддий-техник имкониятлар ва илғор инфратузилмасида ҳам ўз инъикосини топмоқда. Натижада нафақат пойтахт, балки ҳудудларимиз ҳам барча талабларга жавоб берадиган, энг муҳими, халқаро мақомга эга ана шундай иншоотларга эга бўлди. Уларда инновацион техника ва технологик ускуналар амалиётга татбиқ этилмоқда.
Қувонарлиси, шу пайтгача Ўзбекистоннинг учта аэропорти Фуқаро авиацияси “Аэропорт” Ассоциациясининг “МДҲ мамлакатларида йилнинг энг яхши аэропорти” нуфузли танлови турли номинацияларида етакчилик қилиб келаяпти: “Бухоро” етти, “Самарқанд” ўн бир марта, шунингдек, “Урганч” йилига 200 мингдан ярим миллионгача бўлган йўловчига хизмат кўрсатган аэропортлар орасида “Ишлаб чиқаришга қўшган катта ҳиссаси учун” номинациясида уч бор ғолиб бўлди. Таъкидлаш лозимки, республикамизнинг барча аэропортида сифат менежменти тизими жорий этилиб, сертификатлар билан тасдиқланди.

Йўловчилар учун барчаси муҳайё
Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози асоратлари ҳамон сезилиб турган бир пайтда дунёнинг кўплаб авиакомпаниялари йўловчилар учун яратиб бериладиган қулайликлар ва хизматларни қисқартириш орқали харажатларни тежашга ҳаракат қилмоқда. Масалан, улар томонидан парвоз вақтида тақдим этиладиган таом ва ичимликлар тури, сони, таркиби ҳамда миқдорини камайтириш тадбирлари бир неча бор кузатилди.
Ана шундай шароитда ҳам “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси биринчи ўринга мижозлар манфаатини қўйиб фаолият кўрсатаётир. Бу тармоқдаги ислоҳотлар ўз вақтида узоқни ўйлаб рўёбга чиқарилганининг ёрқин самарасидир, албатта.
Табиийки, бортда йўловчиларнинг сифатли овқатланиши, уларга таомномадан ўзлари ёқтирганини танлаш имконини яратиб бериш авиакомпания нуфузини ҳам белгилайди. Мамлакатимиз ҳаво йўлларининг бу борадаги имиджини оширишда “Кетринг” давлат унитар корхонасининг хизмати беқиёс, албатта. У самолётларга турли озиқ-овқат маҳсулотлари — иссиқ ва совуқ таомлар, ичимликлар, мева-чевалар етказиб бермоқда. Корхонанинг уч юз номдан ортиқ маҳсулотларига “Global Test” халқаро сертификати берилгани, ўзбек ошпазлари маҳоратига энг нозиктаъб мижозлар ҳам қойил қолишгани эътирофга лойиқдир.

Фахрланишга арзийдиган натижалар
— Бундай изланишлар ўтаётган йилда янги босқичга кўтарилди, — дейди “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси ахборот хизмати бошлиғи Ф. Қурбонова. — Хусусан, “Тошкент — Минск — Тошкент” йўналиши бўйича мунтазам қатновлар йўлга қўйилди, мавжудларининг сони кўпайтирилди. Миллий авиакомпания 5 та хорижий авиаташувчи билан интерлайн-келишув имзолади. Шулар қаторида “Air Baltic”, “Korean Air”, “Malaysian Airlines” авиакомпаниялари билан ҳамкорлик давом этмоқда. МАК қатновларига сайёҳлар оқимини жалб этиш ва Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Энди мана бу рақамларга эътибор беринг: жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 11 575 та қатнов бажарилиб, уларнинг сони ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 141 тага кўпайди. Жумладан, хорижга 2 816, МДҲ мамлакатларига 4199, маҳаллий йўналишларда 4560 парвоз амалга оширилди. Ўз навбатида, 1 млн. 235 минг йўловчи манзилига етказиб қўйилди. Аҳамиятли жиҳати, маҳаллий йўналишлардан 301 минг нафар йўловчи фойдаланди. Бу аввалги йилнинг шу давридагига қараганда 11,6 фоиз кўп.
Ҳозирги кунда авиаташув тизимини янада такомиллаштириш ва Халқаро авиация иттифоқи — “SkyTeam” аъзоси бўлишга йўналтирилган тадбирлар изчил давом эттирилмоқда. Буларга эришиш эса ҳаво йўлларимизнинг дунё миқёсида эгаллаган мавқеини ошириш, қатор преференцияларга эга бўлиш, рейслар географиясини кенгайтириш, шу орқали йўловчиларга хизмат кўрсатиш ва юк ташиш тизимини жадал ривожлантириш, юртимиз авиасаноати ва туризм индустриясини янада ривожлантиришга пойдевор бўлади. 
Кўриниб турибдики, Ватанимиз ҳаво йўллари парвозлар хавфсизлиги, йўловчилар ҳамда авиация техникасига хизмат кўрсатиш сифатини юксалтириш борасида муҳим ютуқларни қўлга киритмоқда. Буларнинг барчаси давлатимиз раҳбари томонидан соҳага қаратилаётган катта эътибор самарасидир.

Саиджон МАХСУМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn