Маҳаллийлаштириш дастури самаралари
  • 18 Август 2015

Маҳаллийлаштириш дастури самаралари

“Жиззах” махсус индустриал зонасида тежамкор лампалар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Ёрқин чироқлар” Ўзбекистон — Жанубий Корея қўшма корхонаси иш бошлади.

— Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун хорижлик ҳамкорларимиз билан бирга 2,5 миллион АҚШ долларига тенг сармоя йўналтирдик, — дейди қўшма корхона раҳбари ўринбосари Хайрулло Отабоев. — Натижада қисқа муддатда 1 миллиард 75 миллион сўм эвазига янги бино-иншоотлар бунёд этилди. 750 минг АҚШ долларилик замонавий линия ва дастгоҳлар келтириб ўрнатилди. Шунингдек, жиззахлик мутахассислар Жанубий Кореянинг “OWELL” корпорациясида малака ошириб қайтишди. Айни пайтда бу ерда йилига 2,5 миллион донагача маҳсулот тайёрлаш имконияти мавжуд.
Жамоа Маҳаллийлаштириш дастурига катта эътибор қаратмоқда. Жорий йилнинг ўзида 15 фоизгача бутловчи қисмлар шу ернинг ўзида ишлаб чиқарилади. Келгуси йилда эса бу кўрсаткич 35 фоизга етказилади.
Таъкидлаш керакки, мазкур истиқболли лойиҳанинг рўёбга чиқарилиши мамлакатимизда электр энергияни тежаш борасида янги имкониятлар эшигини очади. Негаки, тежамкор чироқлар анъанавийларидан ўн баробар кўпроқ ёритиш қувватига эга бўлибгина қолмай, 14 марта кам қувват сарфлайди.  Шунингдек, янги маҳсулотдан фойдаланиш муддати етти йилни ташкил этади.
“Ўзбекэнерго” АК мутахассисларининг таъкидлашича, “Ёрқин чироқлар” масъулияти чекланган жамияти мамлакатимиздаги электр энергия сарфини қисқартиришга хизмат қилувчи учинчи янги корхонадир. Ҳисоб-китобларга кўра, бундай маҳсулотлардан кенг кўламда фойдаланиш йўлга қўйилса, юртимизда электр энергияси истеъмоли йилига 5 миллиард кВт. соатга қисқаради. Яъни 1,6 миллиард куб метр газ ёки 5 миллион тонна кўмир тежалишига эришилади.

Тожиддин ҚАМАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn