Бизнес юритишда имкониятлар кенгаймоқда
  • 14 Август 2015

Бизнес юритишда имкониятлар кенгаймоқда

Айни пайтда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари нафақат мамлакатимиз иқтисодиёти тараққиёти, балки аҳоли турмуш фаровонлиги ва ҳаёт даражаси юксалишида ҳам етакчи кучга айланди.

Жорий йилнинг биринчи ярмида ушбу соҳанинг саноатдаги улуши 31,4 фоиз, чакана товар айланмасида 86,3 фоиз, пуллик хизматларда 47,6 фоиз ва бандликда 77,2 фоизга етгани ана шундан далолат беради. Бу истиқлол йилларида қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга қўшимча имтиёзлар тақдим этиш бўйича кўрилаётган тизимли чора-тадбирлар самарасидир.
Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.
Бизнес юритиш шароитларини янада яхшилаш, ишбилармонлар фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг олдини олишга қаратилган шу каби ҳужжатлар ижросини таъминлашда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳам фаол қатнашмоқда. 
Дарҳақиқат, аҳолининг бизнес-режаларини рўёбга чиқариш, тадбиркорлик субъектлари ташқи иқтисодий фаолиятини йўлга қўйиш, соҳага хориж инвестициясини жалб этишда мазкур ташкилотнинг ҳиссаси салмоқли бўлмоқда. Биргина шу йилнинг дастлабки олти ойида 34 та янги корхона ташкил қилишга амалий кўмак берилгани бунинг тасдиғидир. Қурилиш материаллари, тўқимачилик буюмлари, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган ушбу хўжалик юритувчи субъектлар хориж сармояси иштирокида ишга туширилгани, айниқса, эътиборга моликдир.
Шу билан бирга, 84 та корхонага умумий қиймати 22,5 миллион АҚШ долларилик минитехнологиялар ва ускуналар сотиб олишга яқиндан ёрдам кўрсатилди. Бунда юртимизда 90 дан ортиқ кўргазмалар ташкил этилгани айни муддао бўлди.
— Ҳозирги кунда 12 та мамлакатда Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг ваколатхоналари фаолият юритмоқда, — дейди ушбу палата раиси ўринбосари Назира Дадахонова. —  Улар орқали хориж ишбилармон доиралар вакилларига юртимизнинг саноат салоҳияти, экспорт имконияти, инвесторларга тақдим қилинаётган имтиёзлар, айниқса, “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси, “Ангрен” ва “Жиззах” махсус индустриал зоналарида чет эллик ҳамкорлар учун яратилган қулайликлар ҳақида атрофлича маълумот берилмоқда. Бу каби чора-тадбирлар ўз самарасини кўрсатаяпти. Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярмида юртимиз тадбиркорлари 18,7 миллион АҚШ долларилик маҳсулотларини экспорт қилишга муваффақ бўлдилар.
Кеча Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг 2015 йил биринчи ярим йиллиги якунларига бағишлаб ташкил этилган матбуот анжуманида ана шулар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

С. РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn