Парваришни бир зум ҳам сусайтирмаймиз
  • 14 Август 2015

Парваришни бир зум ҳам сусайтирмаймиз

Бугунги кунда юртимиз деҳқон ва фермерларининг асосий эътибори ғўза парваришига қаратилган. Чунки пахтачиликда август ойининг ўрни, бу пайтда бажариладиган агротехника тадбирларининг аҳамияти бўлакча. Шунинг учун мазкур масъулиятли даврда барча дала меҳнаткашлари ўз ишига ўта жиддий ёндашмоғи зарур.

Айниқса, биз, механизаторлар янада фаолроқ бўлиб, культивацияни ўз вақтида сифатли бажарсак, ҳосилдорлик янада юқори бўлиши, шубҳасиз. Зотан, “Халқ сўзи” газетасининг шу йил 30 июль сонидаги “Август ойи пахта ривожида, ҳосил тўплашда ҳал қилувчи фаслдир” сарлавҳали мутахассис тавсияларида қайд этилганидек, культивация сифатли ўтказилса, ниҳол туплари ораларида ҳаво алмашинуви яхшиланади, кўсакларга иссиқ ҳаво ва шамол тегиб, тез етилади, сифати ҳам меъёрида бўлади.
Ҳозирги пайтга қадар мен меҳнат қилаётган фермер хўжалиги далаларига ўртача 9 марта сифатли ишлов берилди. Бу экин ривожини жадаллаштириб, ҳосил элементлари кўпайишини таъминлаяпти. Натижада ҳар туп ғўзада бўлиқ кўсаклар сони 20 тагача етди.
Аммо бу билан кифояланиб қолинмаётгани қувонарлидир. Ой давомида улар ёнига яна 3-4 та тўқ кўсак қўшиш мақсадида ғўза парваришини янада кучайтирганмиз. Ер етилиши биланоқ ғўза майдонларига культиватор киритилиб, қатор оралари чуқур ва майин қилиб юмшатилаяпти.
Шуни ҳам ёдда тутиш керакки, мавсум давомида қилинган машаққатли меҳнат эвазига яратилган ҳосилни  сақлаб қолишда культивациянинг аҳамияти беқиёс. Мабодо,  мазкур тадбир кечиктириб юборилса борми, 3-4 центнер ҳосил бой берилиши мумкин экан. Сабаби, бунинг оқибатида жўяклар қуриб, юзаси ёрилгач, ғўзанинг илдизлари шикастланади. Намлик эса тез йўқотилиб, гул ва тугунчалар тўкилиб кетади. Шунинг учун ишга мироблар билан маслаҳатлашган ҳолда киришаяпмиз. Бунда, культиваторнинг ишчи органлари “балиқ сирти”дек ўралиб, ғилдираклар олди суйри қилиб ҳимоялангани айни муддао бўлмоқда. Пировардида ғўза тупларига ҳам, кўсакларга ҳам зиён етказилмаяпти.
Экин ҳолатидан келиб чиқиб, ғўзанинг ён шохларини чеканка қилиш ҳам диққат-эътибордаги масалалардан биридир. Бўлиқ кўсаклар сони кўпайишида ушбу тадбирнинг аҳамияти ғоятда катта. Яъни чеканка қилингач, озуқа ниҳоллар ўсишига эмас, балки ҳосил тўплашга сарфланади.
Биз агротехника тадбирларини ой охирига қадар бир зум бўлса-да, тўхтатмасликка келишиб олдик. Ана шунда ҳосилдорлик ҳам, даромад ҳам юқори бўлади. Бу эса иқтисодиётимизнинг жадал ривожланиши, қишлоқ одамларининг турмуш даражаси юксалишида муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Одилжон ЙЎЛДОШЕВ,
Навбаҳор туманидаги «Сафо Севди»
фермер хўжалиги механизатори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn