Бунёдкорлик, ободлик ва тараққиёт
Версия для печати
  • 13 Август 2015

Бунёдкорлик, ободлик ва тараққиёт

Мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида  изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ҳар бир жабҳада кўзга яққол ташланмоқда. Хусусан, жойларда жадал олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, ишлаб чиқариш ва саноат тармоқларида қўлга киритилаётган ютуқлар нафақат турмуш тарзимизни ўзгартираяпти, балки юртимиз довруғини дунёга ёйишга хизмат қилмоқда.

Буни темир йўл тизимида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар ҳам тасдиқлайди.
Дарҳақиқат, бугунги кунда республикамизда темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш, янги йўлларни қуриш орқали транспорт йўлакларини кенгайтириш, ягона миллий темир йўл тизимини шакллантириш тараққиётнинг муҳим ва стратегик йўналишларидан бирига айланган. Президентимиз томонидан бу соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли мустақиллик йилларида кўплаб улкан лойиҳалар, жумладан,  “Тошгузар — Бойсун — Қумқўрғон” темир йўли қурилиши муваффақиятли бажарилди.
 “Аср мўъжизаси” деб ном олган мазкур темир йўлнинг мамлакатимиз иқтисодиётида тутган ўрни беқиёс. Хусусан, у ишга туширилгач, минтақанинг табиий ер ости бойликларини ўзлаштириш учун янги имкониятлар пайдо бўлди. Темир йўл ён-атрофида кўплаб саноат корхоналари, маиший объектлар қад ростлади. Минглаб иш ўринлари ташкил этилди. Энг муҳими, янги йўл шарофати билан юк ва йўловчи ташиш масофаси 170 километр қисқарди. Натижада линия бўйлаб ташилаётган транзит ва маҳаллий юклар салмоғи сезиларли даражада кўпайди.
Ягона миллий темир йўл тизими барпо этишга йўналтирилган лойиҳалардан яна бири Амударё узра қад ростлаган муҳташам кўприкдир. Узунлиги 681 метрга тенг мазкур иншоот пойтахтимиздан Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасига қатновчи поездларнинг ҳаракат вақтини 5,5 соат, масофани эса 300 километр қисқартирди.
Бундан ташқари, темир йўлларни электрлаштириш инфратузилмаси тобора жаҳон стандартларига мослаштириб борилаяпти. Кейинги йилларда “Тошкент — Самарқанд”, “Мароқанд — Қарши”, “Қарши — Термиз”, “Самарқанд — Бухоро” йўналишларини электрлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар фикримиз тасдиғидир. Бу йўллар поездлардан фойдаланиш ва ёнилғи сарфини тежаш, юк ҳамда йўловчи ташиш вақтини камайтиришга хизмат қилади.
Айтайлик, бундан икки йил аввал бошланган “Мароқанд — Қарши” участкасини электрлаштириш ишлари шу кунларда якунига етказилиш арафасида турибди. Осиё тараққиёт банкининг имтиёзли кредити ва “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти маблағлари ҳисобидан ҳаётга татбиқ этилаётган бу лойиҳа темир йўлни электрлаштириш баробарида, линияга халқаро андозаларга мос алоқа ва коммуникация технологияларини жалб қилиш, замонавий иншоотларни барпо этишга ҳам мустаҳкам пойдевор яратди. Айни пайтда ундаги “Гумбаз”, “Улус”, “Жом”, “Айритом”, “Алотун”, “Нигуз”, “Қашқадарё” каби ўнлаб станциялар йўловчи ва поездларга замонавий хизмат кўрсатишга шай.
325 километрлик “Қарши — Термиз” участкасидаги электрлаштириш жараёни эса Япония ҳукуматининг “Тараққиётга расмий ёрдам” дастури доирасида амалга оширилмоқда. Эътиборли жиҳати, бу лойиҳа келгусида миллий темир йўл тизимининг муҳим бўлаги ҳисобланган “Тошгузар — Бойсун — Қумқўрғон” темир йўл линиясини тўлиқ электрлаштириш имконини беради.
“Тўқимачи — Ангрен” темир йўлининг электрлаштирилиши эса яна бир янги лойиҳа — “Ангрен — Поп” электрлаштирилган темир йўли қурилиши учун муҳим пойдевор яратди. Ҳозирги кунда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ва Хитойнинг “China Railway Tunnel Group” компанияси томонидан қурилаётган мазкур темир йўл линиясида бунёдкорлик ишлари жадал давом эттирилмоқда.
Ушбу улкан қурилиш объекти узунлиги 19,1 километр бўлган туннель, 285 та cув ўтказиш ва олтита йўл ўтказгич иншооти, 19 та темир йўл кўприги, олтита станция ҳамда иккита вокзал қурилишини ўз ичига олган.
— Туннелнинг асосий қисмини қазиш ишлари ғарбий ва шарқий порталлар ҳамда қўшимча учта ёнбош шахтада олиб борилмоқда, — дейди “Ангрен — Поп” электрлаштирилган темир йўл линияси лойиҳасини амалга ошириш гуруҳи раҳбари Наврўз Эркинов. — Яъни темир йўлнинг ҳар икки тарафида бунёдкорлик ишлари тўхтовсиз амалга оширилмоқда. Натижада шу кунгача туннелнинг 14 километри қуриб битказилди. Тайёр бўлган йўлларга эса пешма-пеш пўлат излар ётқизилиб, кўприк, сунъий иншоотлар ҳамда электрлаштириш ишлари босқичма-босқич бажарилаётир.
Бундан ташқари, туннелдаги бунёдкорлик ишларининг сифати ҳам доимий назоратимизда турибди. Яъни бунинг учун Германиянинг “DB International” компаниясидан мутахассислар жалб этилган. Улар бу ердаги ҳар бир жараённи бевосита кузатиб, ўзларининг баҳосини бериб боришади. Зарур пайтларда эса маслаҳатлашилади.
Бу мўъжизавий қурилиш келгусида юртимиз ва Марказий Осиё давлатларидан ташқари, бошқа мамлакатларнинг ҳам Европа минтақасига чиқиши, савдо-иқтисодий алоқаларнинг мустаҳкамланишида муҳим ўрин тутади. Бошқача айтганда, янги йўлнинг ишга туширилиши билан юкларни ташиш бир неча карра арзонлашиб, уларни етказиб бериш муддати икки баробар қисқаради.
— Бугунги кунгача мазкур темир йўл линиясининг Поп томонидан туннелгача бўлган қисмидаги 65 километр масофаси ҳамда 5 та бекатни электрлаштириш ишларини бажардик, — дейди “Энергомонтаж поезди” унитар корхонаси бошлиғининг ўринбосари Ислом Муҳиддинов. — Бу вазифанинг тўқсон беш фоизи амалга оширилди, деганидир. Қолган қисми ҳам Мустақиллигимизнинг 24 йиллиги байрамигача тўлиқ электрлаштирилади. Энг муҳими, бунда ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлардан фойдаланаяпмиз. Қолаверса, мутахассисларимиз ҳам маҳаллий ёшлардан иборат. Буларнинг барчаси ишимизни сифатли ва ўз вақтида бажариш имконини бераяпти. 
Қайд этганимиздек, мамлакатимиз темир йўл тизимида ҳаётга татбиқ қилинаётган бу каби лойиҳалар иқтисодиётимиз салоҳиятини юксалтириш баробарида, унинг халқаро майдондаги нуфузи ва халқимизнинг турмуш фаровонлигини оширишга ҳисса қўшиши билан ғоятда аҳамиятлидир.
— Тоғ орқали темир йўл ўтказилиши ҳақида эшитганимизда, барчамизнинг ҳайратланганимиз рост, — дейди “Нуроний” жамғармасининг Поп тумани бўлими бошлиғи Нуриддин Тошматов. — Негаки, бу юмуш биз учун бир афсона эди-да. Қаранг, бугун ушбу афсонанинг ҳақиқатга айланганини ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз.
Яқинда бутун водий вилоятларидан бир гуруҳ кексалар йиғилиб, инсон қўли билан яратилаётган ушбу мўъжизани кўриш учун тоғ бағрига чиқдик. Офтоб нурларида товланиб турган темир излар, барпо этилаётган ҳар томонлама қулай вокзал ва станциялар, уларнинг атрофидаги тураржойларни кўриб, унинг бунёдкорлари меҳнатига яна бир бор қойил қолдик. Ахир, кечагина бу каби йўлларни орзу қилиш у ёқда турсин, хаёлга келтириш ҳам мушкул эди. Бугун эса Истиқлол шарофати, Юртбошимиз томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат туфайли бундай орзуларимиз бирин-кетин рўёбга чиқмоқда. Бундан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди, албатта. 
Чиндан ҳам, тизимда рўй бераётган ўзгаришлар, янгиланишлар халқимизнинг асрий ниятларини амалга ошириш орқали уларнинг турмушини янада фаровонлаштириш, иқтисодиётимизни барқарор ривожлантиришга хизмат қилаяпти. Тизимда келгусида яна кўплаб истиқболли лойиҳалар рўёбга чиқарилишини инобатга олсак, бу борадаги ютуқлар залвори бундан-да ортиб бораверади.

Дилшод УЛУFМУРОДОВ,
Мирзо МУРОТОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn