Ҳар жабҳада фаол ёшлар
  • 12 Август 2015

Ҳар жабҳада фаол ёшлар

Бошқарув пульти — станциянинг энг масъулиятли участкаси. Шу боис корхонамизнинг биринчи ва иккинчи энергоблоклари тўлиқ модернизациядан чиқарилгач, кун тартибига бир масала қўйилди:

“Хўш, компьютерлаштирилган ана шу қозон-трубина цехи бошқарувини кимга ишониб топширамиз?” Бу саволга ҳаммамизнинг жавобимиз якдил бўлди: ёшларга!
Ҳақиқатан ҳам, ҳозир жамоамизда меҳнат қилаётган энергетикларнинг аксарияти — навқирон йигит-қизлар. Улар энг мураккаб технологияларни моҳирлик билан ишлатишаётганини кўриб, ҳайратингиз ошади. Аслида, бунинг ажабланарли жойи йўқ. Чунки ана шу салоҳиятли кадрлар — бизнинг ўғил-қизларимиз, Истиқлолимиз фарзандлари!
Эсимда, мустақилликнинг илк йилларида ҳадемай катта-катта корхоналар қурилса-ю, энг сўнгги русумдаги ускуналарни ким ва қандай бошқарар экан, деб баъзилар ташвишга тушганди. Шукрки, узоқни кўзлаб амалга оширилган оқилона сиёсат қисқа муддатда ўз самарасини берди — муҳандису технологларнинг янги авлоди шаклланди.
Ҳар куни эрталаб станциямиз остонасида иш жойларига ошиқаётган йигит-қизларни кузатиб, бир ҳақиқатни яққол англаб етаман: ҳар соҳада илғор, ҳар жабҳада фаол ёшларимиз бор экан, Ўзбекистонимиз келажаги, албатта, буюк бўлади!

Шукурали МАМАТҚУЛОВ,
Сирдарё иссиқлик электр станцияси бош муҳандиси,
«Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn