Она замин саховати
Версия для печати
  • 13 Август 2015

Она замин саховати

Қўшним Аминжон бир неча йил олдин қишлоғимиз четида замонавий омборхона қурганди. Аввалбошда ҳаммамиз ажабландик. “Бу бир қишлоқ жой бўлса, картошкаю сабзини ўрага кўмамиз, анору узумни оғилхонага жойлаймиз, шунча оворагарчилик шартмиди”, дегувчилар ҳам топилди.

Кўп ўтмай, пишиқчилик мавсумида дала бошида узилган неъматларнинг бир қисми бозорга, яна бир қисми совутқичли омборга йўл олди. Адашмасам, ўшанда 120-150 тонна ҳосил қишлоқ четидаги ҳайҳотдек бинога жамғарилди. Шу десангиз, қиш келиб, то кўкламгача дастурхонимиздан ёз неъматлари узилмади. Яна худди эндигина узилгандек сархил, мазали сақланганини айтмайсизми? Бундан ташқари, Аминжон қишлоғимиз ёшларидан 15 нафарини ёнига олиб, уларни ишли қилди. Шуларни ўйласам, бир пайтлар қорли-қировли кунларда бозорларимизда бир уюм картошкаю шолғом, пиёзу турпдан бўлак айтарли ҳеч вақо сотилмагани ёдимга тушади. Ўшанда ранги-рўйи буришган, совуқда қолиб, тарашадай қотиб қолган сабзавотлар билан қора қозонимиз қайнаб турганидан хурсанд бўлардик.
Шукрки, ёруғ кунларимиз олдимизда экан. Мана, бугун ҳар қадамда дўкон, ҳар қишлоғу маҳаллада бозор. Уларнинг расталарига терилган заминимиз неъматлари турфалигини кўриб, кўзингиз қувонади.
Тунов куни набирам Ойбек бир челак олма кўтариб келди. “Бобо, жўрангиз Қодир бобо бериб юбордилар. Бултур эккан интенсив кўчатлари ҳосилга кирибди”, дейди. Хушбўй ҳиди димоғни қитиқлайдиган қирмизи олмаларни кўриб, дилим яйраб кетди. Уларни Истиқлолимиз боғларининг мевалари, дея атагим келди.

Нусрат САЙФУЛЛАЕВ,
меҳнат фахрийси.
Қизилтепа тумани

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn