Асад суви: экинга мадор, хирмонга барака
  • 12 Август 2015

Асад суви: экинга мадор, хирмонга барака

Ғўза — меҳрталаб экин. Сабаби, у деҳқоннинг ҳар бир ниҳолга қалб қўри, кўз нурини бериб, қилган фидокорона меҳнати туфайли баравж ривожланади ва қимматбаҳо ҳосил тўплайди. ўўза парваришининг нозик томони ҳам шундаки, мавсум давомида бир зум бўлса-да, хотиржамликка берилиб бўлмайди.

Айниқса, август ойи энг масъулиятли давр бўлиб, бу пайтда белгиланган барча агротехника тадбири сифатли бажарилсагина, кўнгилдагидек ҳосил олинади.
Шу маънода, “Халқ сўзи” газетасининг 30 июль сонидаги “Август ойи пахта ривожида, ҳосил тўплашда ҳал қилувчи фаслдир” сарлавҳаси остида чоп этилган мутахассис тавсиялари биз, сувчилар учун ҳам айни муддао бўлди. Унда алоҳида урғу берилганидек, бу ойда сув ва маҳаллий ўғитлардан самарали фойдаланиш ўта долзарб бўлиб, ғўза “шарбат” усулида суғорилса, ерда намлик узоқроқ сақланади, ниҳол тез чанқашининг олди олинади, суғоришлар оралиғи узаяди, бўлиқ кўсаклар кўпроқ пайдо бўлади.
Дарҳақиқат, асадда таралган сув — ғўза учун бамисоли қон. У экин илдизларига етиб, жон бағишлаши эса мазкур тадбирнинг нечоғли сифатли бажарилишига боғлиқ. Шунинг учун биз, Денов туманидаги “Бобоёров Ҳидоятулло” фермер хўжалиги сувчилари қатор ораларига сувни ўз вақтида, чўллатмасдан ҳам, кўллатмасдан ҳам тараш пайидан бўлаяпмиз. Натижада экин қониб сув ичиб, кун сайин ривожланмоқда: шоналар гулларга, гуллар кўсакларга айланмоқда. Айни шу кунларда ҳар туп ғўзада 15-20 та тўқ кўсак бор. Шундан келиб чиқиб, жорий йилда гектаридан 40 центнердан ошириб пахта териб олишни мўлжаллаб турибмиз.  
Аслида, тажрибали сувчи ҳосил ғамини анча аввалдан кўради. Fўза майдонларига ўқариқларни мақбул масофада, кўнгилдагидек қилиб тортади. Ана шунда ҳарорат нисбатан юқори келган об-ҳаво шароитида ҳам экин қониб сув ичади. Fўза қатор ораларига солинган минерал ўғит эса сувда буткул эриб, ҳосилдорлик кўтарилишида яхши самара беради.
Бу йил фермер хўжалигимизнинг 48 гектар майдонида парваришланаётган ғўза қатор ораларига сувни, асосан, тунда, “шарбат” қилиб оқизаяпмиз. Бунинг учун дала бошида қазилган ўраларни гектарига беш-олти тоннадан мўлжаллаб маҳаллий ўғит билан тўлдирганимиз қўл келаяпти.
Суғоришнинг ушбу усулининг афзалликлари кўп. Аввало, бундай майдонларда намлик узоқ вақт сақланиб, кейинги сувга бўлган талаб узайса, обиҳаётнинг иссиқда буғланиб кетишининг олди олиниши эвазига катта миқдорда бебаҳо неъмат тежалади. Бундан ташқари, “шарбат”га  тўйган ғўза кўсаклари бўлиқ, пахта толаси эса майин ва сифатли бўлиши ўз исботини топган.
Сувчи эътибор қаратиши зарур бўлган яна бир жиҳат борки, у ҳам бўлса, зинҳор ғўзани суғоришда кўллаб кетишига йўл қўймаслик керак. Чунки кўллаб қолган эгатдаги сув иссиқда экин илдизига салбий таъсир кўрсатиб, ҳосил нишоналарини ташлаб юбориши, ғўза фақат бўйига ўсиб, ғовлаб кетиши мумкин.
Демак, ғўзада ҳосил нишоналари кун сайин кўпаяётган август ойида барча қишлоқ меҳнаткашлари зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис этиб, астойдил меҳнат қилса, кузда хирмонимиз ҳар доимгидек баланд бўлиши, шубҳасиз.

Маъруф ШАРИПОВ,
сувчи.
Сурхондарё вилояти

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn