Замонавий дастгоҳларни малакали кадрлар бошқаради
  • 12 Август 2015

Замонавий дастгоҳларни малакали кадрлар бошқаради

Енгил саноат иқтисодиётимизнинг жадал ривожланаётган муҳим соҳаларидан биридир. Зеро, мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли ушбу тармоқ нафақат янгиланди, балки сифат жиҳатидан янада юқори босқичга кўтарилди.

Биргина Жиззах вилоятида сўнгги икки йил ичида етиштирилаётган пахта толасини қайта ишлаш ҳажми 9,5 фоиздан 36,5 фоизга етказилгани бунинг яққол тасдиғидир.
Бундай натижага эришишда 2013 — 2016 йилларда вилоят саноати салоҳиятини ривожлантириш дастурига биноан, умумий қиймати 522,5 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 400 дан ортиқ истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш белгилангани, ҳозирги кунгача уларнинг аксарияти рўёбга чиқарилгани муҳим омил бўлаётир.
“Jizzax Plasteks” масъулияти чекланган жамияти ҳам ана шундай истиқболли лойиҳалар мевасидир. Гап шундаки, 2013 йили собиқ пайпоқ тўқиш фабрикаси негизида   ташкил этилган мазкур корхона ривожланиш йўлида дадил одимламоқда. Бу ерда меҳнат қилаётган 800 нафар ишчи томонидан дастлабки йилнинг ўзидаёқ 12 минг тонна пахта толаси қайта ишланиб, тайёр маҳсулотнинг асосий қисми экспорт қилингани ана шундан далолат беради.
— Корхонамиз цехлари Германия ва Италиядан келтирилган 126 та ип йигирув ва 60 та тўқув дастгоҳи билан жиҳозланган, — дейди унинг бош муҳандиси Нишонбой Бозоров. — Бу замонавий дастгоҳларни эса малакали кадрлар бошқармоқда. Пировардида ишлаб чиқариш ҳажми йил сайин ортаяпти. Масалан, 2014 йилнинг биринчи ярмида 28 миллиард 31 миллион сўмликдан зиёд маҳсулот тайёрланган бўлса, жорий йилнинг шу даврида мазкур кўрсаткич 30 миллиард 227 миллион сўмликни ташкил этди. Ишлаб чиқарилаётган калава ип ва трикотаж матоларимизга Япония, Жанубий Корея, Бельгия, Латвия, Бангладеш, Малайзия, Польша каби мамлакатларда талаб тобора ортмоқда.
Албатта, рақобат кучайган ҳозирги даврда ҳар бир соҳада изланувчанлик зарурдир. Шуни инобатга олган корхона жамоаси айни кунларда ўз имкониятларини янада кенгайтириш пайидан бўлмоқда. Яқин келажакда бу ерда йилига яна 12 минг тонна пахта толасини қайта ишловчи цех фаолияти йўлга қўйилади. Бунинг учун бино тайёр қилиб қўйилди. Фақат хориждан қўшимча дастгоҳларни олиб келиб ўрнатиш ишлари қолган, холос. Ушбу лойиҳа амалга оширилгач, яна 180 нафар жиззахлик йигит-қиз иш билан таъминланади.

Тожиддин ҚАМАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn