«Балиқ сирти» — кўсакка ҳимоя
  • 08 Август 2015

«Балиқ сирти» — кўсакка ҳимоя

Пахта ҳосилининг чўғи юқори, сифатли ва эртаги бўлишини истаган фермерлар айни шу кунларда ғўза бошида парвона бўлиб, экинни чанқатиб қўймасдан суғориш, культивация қилиш, зараркунанда ва касалликлардан муҳофазалаш тадбирларининг маромида адо этилишига жиддий эътибор қаратишлари лозим.

Деҳқонлар орасида “Пахтани техника пиширади” деган гап юради. Аслида ҳам шундай. Сабаби, ғўза қатор ораларига қанчалик кўп ишлов берилса, экин ривожи шунчалик жадаллашиб, мўл ҳосилга мустаҳкам пойдевор қўйилади. Ҳосилнинг пишиб етилиш муддати эса тезлашади. Шу боис мен меҳнат қилаётган Ўрта Чирчиқ туманидаги “Тешавой Мирзакаримов” кўп тармоқли фермер хўжалигида мавсум давомида ўртача 12-13 марта культивация қилинади. Натижада ўтган йили гектаридан 40 центнердан пахта териб олинди.
Бу йил эса 127 гектар майдонда ғўзанинг “Порлоқ-4” навини парваришлаяпмиз. Мақсад ўтган йилдагидан-да баракали пахта хирмони бунёд этишдир. Бунинг учун асос етарли, албатта.
Гап шундаки, ҳозир ҳар бир агротехника тадбирини сифатли ўтказишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ер етилиши билан далага культиватор киритилиб, тупроқ майин қилиб юмшатилаяпти. Бу жараёнда ҳосил шохлари ва кўсакларга зарар етказмаслик учун унинг ишчи органларини “балиқ сирти”дек ўраб, ғилдираклар олдини суйри қилиб ҳимоялаганмиз. Техника тезлигини пасайтириб, бир маромда ҳаракатланишига эришаяпмиз. Шуни ҳам айтиш жоизки, бу юмушга пахтазорга қуёш тафти тушгандан сўнг киришилмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки эрта саҳар ёки тунда ғўза мўртлашиб, синишга мойил бўлади.
Август ойида культивация қилишнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, далалар ғўза соясида ҳам ўсаверадиган шўра, итузум, қўйпечак, семизўт каби бегона ўтлардан  буткул тозаланади. Натижада ғўзанинг илдиз тизимига  ҳаво ва иссиқлик яхши ўтиб, баравж ривожланади.
“Халқ сўзи” газетасининг шу йил 30 июль сонида чоп этилган “Август ойи пахта ривожида, ҳосил тўплашда ҳал қилувчи фаслдир” сарлавҳали мутахассис тавсияларида ҳам алоҳида урғу берилганидек, культивация сифатли ўтказилса, ниҳол туплари ораларида ҳаво алмашинуви яхшиланади, кўсакларга иссиқ ҳаво ва шамол тегиб, тез етилади, сифати ҳам меъёрида бўлади.
Мабодо ушбу тадбир кечиктирилса, жўяклар қуриб, ер ёрилади. Оқибатда ғўза илдизлари шикастланади. Энг ёмони, тупроқдаги ҳаво ва сув алмашинувининг мувозанати бузилиб, ҳосилга зиён етиши мумкин.
Биз сувчилар билан бамаслаҳат иш юритаётганимиз ўз самарасини бераяпти. Бугунги кунгача ғўза қатор ораларига 12 марта ишлов бердик. Дастлабки натижа ёмон эмас. Ҳар туп ғўзада 15-20 та кўсак санаш мумкин. Лекин бу хотиржамликка асос бўлолмайди. Ахир даладагиси эмас, хирмондагиси ҳисоб. Шунинг учун экиннинг ҳолатидан келиб чиқиб, ой охиригача ғўза қатор ораларини яна 2 марта культивациялашни мақсад қилганмиз. Шунда гектаридан ўртача 40 центнердан ошириб хирмон кўтаришга эришамиз.

Шавкат СУЛАЙМОНОВ,
Ўрта Чирчиқ туманидаги «Тешавой Мирзакаримов»
кўп тармоқли фермер хўжалиги механизатори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn