Тунги «шарбат» — бўлиқ кўсак
Версия для печати
  • 06 Август 2015

Тунги «шарбат» — бўлиқ кўсак

Қишлоқ меҳнаткашлари ғўза парвариши ўта нозик юмуш эканлигини яхши билишади. Чунки бу жараёнда бажариладиган агротехника тадбирларининг ҳар бири экин ривожида муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, ҳосил тақдири ҳал бўладиган август ойида биз, фермер ва деҳқонлардан катта масъулият талаб этилади.

“Халқ сўзи” газетасининг шу йил 30 июлдаги сонида чоп этилган “Август ойи пахта ривожида, ҳосил тўплашда ҳал қилувчи фаслдир” сарлавҳали мутахассис тавсияларида ҳам алоҳида таъкидланганидек, август ойида барча агротехника тадбирлари мақбул муддатда ва сифатли бажарилса, ғўза ривожи тезлашиб, кўсаклар сони ҳамда вазни ошади, толаси эса пишиқ бўлиб етилади. Шунинг учун мазкур масъулиятли даврда фермеру мутахассислар, сувчию механизаторлар, энтомологлар ўз ишига ўта жиддий ёндашмоғи зарур.
Биласиз, август деҳқончилик тақвимига кўра, асад ойига тўғри келади. Халқимизнинг “Асад — экинингни ясат” деган ажойиб мақолидан ҳам англаш мумкинки, ғўза парваришидаги энг масъулиятли ва муҳим палла ушбу давр ҳисобланади. Бу пайтда бажариладиган агротехника тадбирларининг ўзига хос жиҳатларини инобатга олиб, уларни бекаму кўст адо этиш, экинни том маънода “ясатиш” керак. Унинг биринчи шарти экинни ўз вақтида суғоришдир.
Суғориш энг нозик агротехника тадбирларидан бири бўлиб, у сифатли бажарилсагина шаклланган ҳосил нишоналари сақлаб қолинади. Шунинг учун мироблар жуда эътиборли ва маҳоратли бўлиши зарур. Гап шундаки, қатор ораларига экин ҳолатидан келиб чиқиб, сув таралса, ғўзалар қониб сув ичади. Натижада кўсакларнинг мағзи тўқ, пахтанинг сифати юқори бўлади. Ахир халқимиз “Асад суви — асал суви” деб бежиз айтмаган-да!
Бу йил 75 гектар майдонда ғўза парваришлаётган бўлсак, бунда, айниқса, суғоришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу тадбир, асосан, тунда “шарбат” усулида бажарилаяпти. Чунки бундай қилинганда, маҳаллий ўғит ғўзага озиқ бериш билан бирга, обиҳаёт буғланишини камайтиради, тупроққа сингишини яхшилайди, намни узоқ вақт сақлайди. Яна бир эътиборли жиҳати, “шарбат” сувига тўйган ғўзанинг навбатдаги сувга бўлган  талаби бир неча кунга узаяди. Мағзи тўқ кўсаклар сони кўпаяди. Ўзимиздан қиёс: ҳозирги пайтда далаларимиздаги ғўзаларнинг ҳар тупида ўртача 11-12 та бўлиқ кўсак мавжуд.
Ҳосилга ҳосил қўшиладиган айни паллада экинга сув тарашда кўллатиш ҳам ярамайди. Акс ҳолда, ғўза ранги сарғайиб, бўйига зўр беради ва ғовлаб кетади. Энг ёмони, ҳосилини тўкиб юборади, пастки қаватдаги кўсаклар эса чириб, қорайиб қолади. Охир-оқибатда ҳосил сифати ва баракасига путур етади.
Экинни сифатли суғоришда ҳикмат кўп. Бунинг уддасидан чиққанларнинг ғўзаси кун сайин, таъбир жоиз бўлса, соат сайин ривожланиб, шоналар гулларга, гуллар кўсакларга айланади.
Август ойида бажариладиган бошқа агротехника юмушларини ҳам сусайтирганимиз йўқ. Деҳқончасига айтганда, бу билан ғўзалар “уйғотилаяпти”. Бундай экин мағзи тўқ ва баракали ҳосил тўплаши муқаррардир.

Абдимурод БОЗОРОВ,
Қамаши туманидаги «Бозор ўғли Абди»
фермер хўжалиги раҳбари,
Ўзбекистон Қаҳрамони.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn