Парваришдаги муҳим жараён
Версия для печати
  • 04 Август 2015

Парваришдаги муҳим жараён

Айни кунларда миришкорлар учун масъулиятли давр бошланди. Яъни деҳқонлар ибораси билан айтганда, август ойи — ҳосилга барака киритадиган палла. Шундай экан, бу мавсумда астойдил меҳнат қилган одам барака топади.

Кўп йиллик тажрибамиздан маълумки, август ойида агротехника тадбирлари пайсалга солинса, не-не машаққатлар билан етиштирилган ҳосил бой бериб қўйилиши ҳеч гап эмас. Шу боис бу паллада сув ва маҳаллий ўғитлардан самарали фойдаланишнинг аҳамияти катта. Масалан, ғўза “шарбат” усулида суғорилса, ерда намлик узоқ вақт сақланиб, ниҳолнинг тез чанқаши олди олинади. Суғоришлар оралиғи узаяди. Натижада кўсакларнинг тезроқ етилиши ва янги кўсаклар пайдо бўлишига эришилади.
Мутахассислар фикрича, пахтадан юқори ҳосил олишни истаган деҳқон культивация ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратиши лозим. Чунки бу тадбир сифатли ўтказилса, ниҳол туплари орасида ҳаво алмашинуви яхшиланади, кўсакларга иссиқ ҳаво тегиб, тез тўлишади. Қисқача айтганда, ғўза ниҳоллари “яйрайди”. Бунда, албатта, кўсаклар тўкилишига йўл қўймаслик керак.
Мабодо, культивация кечиктириб ўтказилса, жўяклар қуриб, юзаси ёрилади. ўўза илдизлари шикастланиб, намлик тез йўқотилади, гул ва ғунчалар тўкилиб, ҳосилдорлик 15-20 фоиз камаяди.
Пахтачиликнинг яна бир нозик жиҳати шундаки, август ойида ҳаво кундузи иссиқ, кечаси салқин бўлади. Бундай вазиятда ўргимчаккана, кўсак қурти, беда қандаласи, қора шира каби зараркунандалар кўпайиши мумкин. Шу туфайли уларга қарши курашишда олимларимиз томонидан тавсия этилаётган биологик усулни қўллаш муҳим аҳамият касб этади. Негаки, бу усул атроф-муҳит учун ҳам, экин учун ҳам зарарсиз. Нафи эса жуда юқори.  Демак, деҳқону фермер август ойининг ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб меҳнат қилса, кўзланган мақсадига, албатта, эришади.
Шу маънода, “Халқ сўзи” газетасининг жорий йил 30 июль сонида “Август ойи пахта ривожида, ҳосил тўплашда ҳал қилувчи фаслдир” сарлавҳаси остида чоп этилган мутахассис тавсиялари биз, соҳа вакиллари учун ўзига хос қўлланма вазифасини ўтаяпти. Чунки унда шу масъулиятли паллада ғўза парваришида нималарга эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида батафсил тушунчалар берилган.
Тасарруфимизда 260 гектар экин майдони бор. Шундан 69 гектарида иқлим шароитимизга мос “Бухоро — 102” пахта навини парваришлаяпмиз. Далаларимиз адирликларда жойлашгани боис суғориш ишлари, асосан, насослар ёрдамида амалга оширилаяпти. Ушбу йилда ғўзалар ҳар йилгидан ҳам эртароқ чеканка қилинди. Сув ўз вақтида берилаяпти. 8 марта культивация ишлари бажарилди.
Ҳозир ғўзамиз баравж ўсмоқда. Унинг ҳар тупида 10-12 та кўсак ва 10-15 та гул мавжуд. Ниҳолларнинг ҳолатига қараб, бу йилги  ҳосилдорликни 45 центнерга етказишни ният қилаяпмиз.

Элибой ТАНИЕВ,
Пастдарғом туманидаги
«Умсин момо» фермер хўжалиги раҳбари,
«Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn