Юқори технологияларнинг янги имкониятлари импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар тайёрлашда қўл келмоқда
  • 01 Август 2015

Юқори технологияларнинг янги имкониятлари импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар тайёрлашда қўл келмоқда

Кейинги йилларда мамлакатимиз ички бозорини истеъмол товарлари билан тўлдириш, хизмат кўрсатишнинг янги ва замонавий турларини жорий этиш ҳамда экспорт салоҳиятини юксалтиришда хусусий сектор вакилларининг ҳиссаси тобора ортиб бораяпти.

Натижада иқтисодиётимизнинг муҳим таянчи ҳисобланган маҳаллий тадбиркор ва ишбилармонларимиз томонидан аҳолининг импорт ўрнини босувчи маҳсулотларга бўлган эҳтиёжи таъминланиши баробарида, жойларда янги-янги иш ўринлари яратилиб, юртдошларимиз реал даромадлари муттасил ошмоқда.
Буни Хоразм вилоятида мазкур соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг яққол самараси мисолида ҳам кўриш мумкин. Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярмида воҳадаги 10 мингдан зиёд тадбиркорлик субъектларининг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 61,3 фоизни ташкил этди.
Ана шундай юқори ўсиш суръатларига эришишда Урганч шаҳридаги “Мини аккумулятор” масъулияти чекланган жамиятининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Айтиш жоизки, мазкур корхона дастлаб четдан келтирилган эҳтиёт қисмларни йиғиб, аккумуляторлар ишлаб чиқариш билан шуғулланарди. Кўп ўтмай, кичик бизнес субъектига илғор дастгоҳлар келтирилиши натижасида аккумуляторларни тўлиқ шу ерда тайёрлаш ўзлаштирилди. 2007 йилга келиб эса жамият томонидан Жиззах аккумулятор заводига моноблоклар етказиб бериш йўлга қўйилди. Бунда йилига 400 минг дона ана шундай маҳсулот тайёрлаш қувватига эга замонавий технологик линия келтириб ўрнатилгани муҳим омил бўлди. 2010 йилдан бошлаб эса корхона халқаро ISO 9001:2009 стандарти асосида самарали фаолият кўрсатиб келаётир.
Изланиш ва интилиш — муваффақиятлар гарови. Буни ҳисобга олган “Мини аккумулятор” жамоаси 2013 йилда яна бир янгилликка қўл урди. Яъни корхона цехларига 4 та замонавий дастгоҳ келтириб ўрнатилди. Пировардида бу ерда янги русумдаги аккумулятор моноблоклари ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, мавжуд қувватлар икки баробар оширилди.
Бинобарин, касб-ҳунар коллежларини битирган 10 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди. Қолаверса, бундай саъй-ҳаракатлар натижасида йил бошидан буён жамиятда 2 миллиард 35 миллион сўмликдан ортиқ маҳсулот тайёрланиб, буюртмачиларга етказиб берилди. Бундан ташқари, жорий йилда умумий қиймати 625 миллион сўмлик яна бир янги лойиҳа рўёбга чиқарилиб, полипропилен қувурлар тайёрлаш ўзлаштирилди. Натижада бу ерда кунига 7 турдаги, иссиқ ва совуқ сувга мўлжалланган 3 минг погонометр қувурлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
— Корхонамиз истиқлол тенгдоши, — дейди жамият раҳбари Арслон Қаландаров. — Ўтган даврда маҳсулотларимиз тури кўпайди, ишчиларимиз сони 43 нафарга етди. Албатта, буларнинг барчаси мамлакатимизда ишбилармонлар учун яратилган беқиёс имкониятлар самарасидир. Ҳозир вилоятимиз иқтисодиётига янада кўпроқ ҳисса қўшиш учун интилаяпмиз. Шу мақсадда келгусида кўплаб истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқаришни режалаштирганмиз.

Ойбек РАҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn