Биологик усул — ишончли ҳимоя
  • 01 Август 2015

Биологик усул — ишончли ҳимоя

Бугун — деҳқону фермерлар, сувчию механизаторлар учун масъулиятли давр. Чунки август ойи — пахта ҳосили тақдири ҳал этиладиган палла.

Зеро, тажрибали миришкорларимиз бу масъулиятли мавсумда қилинган ишларни йил давомида бажариладиган юмушларга тенглаштириши бежиз эмас.
“Халқ сўзи” газетасининг 30 июль сонидаги “Август ойи пахта ривожида, ҳосил тўплашда ҳал қилувчи фаслдир” сарлавҳаси остида берилган мутахассис тавсиясида таъкидланганидек, бу ойда тунлари салқин тушади, ҳаво эса қуруқ ва иссиқ бўлади. Бундай шароитда кўсак қурти, ўргимчаккана, беда қандаласи, қора шира каби зараркунандалар урчийди. Уларга қарши кураш кучайтирилмаса, тўпланган ҳосилнинг 25-30 фоизигача қисмидан маҳрум бўлиш мумкинлиги тажрибада исботланган.
Зараркунандаларга қарши курашишда эса, Ўсимликларни ҳимоя қилиш институти олимлари тавсиясига мувофиқ, биологик усул ишончли ҳимоя ҳисобланади. Шу боис биз жорий йилда вилоят маркази ва туманлардаги 23 та биолабораторияда 1200 килограмм “трихограмма”, 409 миллион дона “бракон” ва 450 миллион дона “олтинкўз” тайёрлаб, фермер хўжаликларига етказиб беришни режалаштирганмиз. Ҳозиргача бу ишларнинг асосий қисми уддаланганлиги туфайли жойларда 898,5 минг гектар майдонга 10-11 марта “трихограмма”, 979,5 минг гектар ерга 11-12 марта “олтинкўз”, 510,7 минг гектар пайкалга эса 6-7 марта “бракон” билан ишлов беришга эришилди. Айни пайтда марказимиз мутахассислари кўсак қурти пайдо бўлган майдонларда дастлаб гектарига 1-2 граммдан “трихограмма” тарқатиш, 5-6 кун оралатиб, уч маротаба 1000-2000 донадан “бракон” қўйиш юмушлари сифатли бажарилишини назорат қилиб бормоқдалар.
Бундан ташқари, ғўза майдонларидаги кўсак қурти капалакларининг учиш динамикасини аниқлаш мақсадида 40 минг тўплам “ферамон” тутқичлари олиб келиниб, пайкалларга ўрнатилган бўлса, капалакларни ғумбакдан чиқиши билан ушлаб, йўқ қилиш учун махсус восита — алдамчи нектар тайёрлаб, жами 82 минг гектар майдонда гектар ҳисобига 7-8 дона махсус идишга қуйилган сироплар тарқатилди.
Диққатга сазовор жиҳати, вилоятимизда ўсимликларни биологик усулда ҳимоя қилиш тадбирлари тизимли равишда амалга оширилмоқда. Хусусан, туманларда махсус отрядлар ташкил этилган бўлиб, улар ҳар бир ҳудудга бир нафардан, жами 125 нафар агроном-энтомолог, 150-200 гектар ғўза майдонига бир нафардан, жами 550 нафар дала назоратчиси ҳамда ҳар 30 гектар ерга бир нафардан биомаҳсулот тарқатувчи бириктирилган. Уларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида вилоятимизнинг бирорта ҳудудида ғўзанинг зараркунанда ҳашаротлар билан кучли даражада зарарланишига йўл қўйилмаяпти.
Бироқ бу хотиржам бўлишимизга асос бўла олмайди. Чунки ҳушёрликнинг оз бўлса-да сусайтирилиши пировардида деҳқон ва фермерларнинг машаққатли меҳнати эвазига яратилган ҳамда кун сайин кўпаяётган ҳосил салмоғига путур етказиши ҳеч гап эмас.
Шундан келиб чиқиб, август ойи давомида бу борадаги юмушларни янада кучайтириш чора-тадбирлари кўрилмоқда, барча ҳудудларда зараркунандалар тарқалишининг олдини олиш юзасидан ҳар куни дала назоратчилари мониторинг олиб бормоқда.
Ғўзани август ойида парваришлашда зараркунандаларга қарши курашиш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ушбу тадбирлар ўз вақтида, сифатли бажарилса, пахта хирмонимиз янада баракали бўлиши шубҳасиз.

Алижон ЖЎРАЕВ,
Наманган вилояти Ўсимликларни ҳимоя қилиш маркази раҳбари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn