Темир йўл тизими: тараққиётнинг мустаҳкам пойдевори
  • 01 Август 2015

Темир йўл тизими: тараққиётнинг мустаҳкам пойдевори

Мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятини белгиловчи мезонлар кўп. Бироқ бунда транспорт коммуникациялари, шу жумладан, темир йўлларнинг алоҳида ўрни бор.

Негаки, темир йўл тизими ривожланган жойда нафақат фаровонлик ва ободлик бўлади, балки халқаро миқёсдаги алоқалар ҳам тобора кенгайиб бораверади.
Таъкидлаш жоизки, истиқлол йилларида давлатимиз раҳбари раҳнамолигида темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш, янги йўлларни бунёд этиш орқали транспорт йўлакларини кенгайтириш ишлари тараққиётнинг муҳим ҳамда стратегик йўналишларидан бирига айланди. Натижада янги темир йўл линиялари қурилиши билан бирга, кўзни қувонтирадиган муҳташам иншоотлар, жаҳон андозаларига тўла мос келадиган кўркам станция ва вокзаллар ҳам қад ростлай бошлади.
Эътиборли жиҳати, ўтган вақт мобайнида республикамиз темир йўл транспорти орқали 1,4 миллиард тонна юк ташилиб, 350 миллион нафар йўловчи ўз манзилига етказиб қўйилди. 1200,6 километр узунликда янги темир йўллар қурилиб, 3800 километрлик “пўлат из”лар қайта тикланди, минг километр масофадаги йўллар эса электрлаштирилди.
Кеча пойтахтимизда темир йўлчилар касб байрамига бағишлаб ўтказилган тантанали тадбирда ана шулар хусусида сўз юритилди.
Қайд этилганидек, истиқлол йилларида Ўзбекистон темир йўллари том маънода жаҳонга юз тутди.
Босқичма-босқич олиб борилаётган бунёдкорлик ва модернизациялаш ишлари туфайли Амударё узра қад ростлаган муҳташам кўприк, “Навоий — Султон Увайстоғ”, “Тошгузар — Бойсун — Қумқўрғон” темир йўл линиялари қурилиши, юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” йўловчи электропоезди қатновининг йўлга қўйилиши, “Мароқанд — Қарши” ва “Самарқанд — Бухоро” темир йўлларининг электрлаштирилаётгани эса ҳақли равишда барчанинг ҳавасу ҳайратига сабаб бўлмоқда.
Шу кунларда хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда бунёд этилаётган “Ангрен — Поп” электрлаштирилган темир йўл линияси ҳақида ҳам худди шундай фикр билдириш мумкин. Чунки умумий узунлиги 123,1 километрни ташкил этувчи мазкур темир йўл линияси дунё миқёсида тоғли ҳудудда амалга оширилаётган лойиҳалар ичида 8-ўринда, туннелининг узунлиги бўйича эса 13-ўринда туради.
Президентимизнинг 2013 йил 18 июндаги “Ангрен — Поп” электрлаштирилган темир йўл линияси қурилишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида бунёд этилаётган ушбу электрлаштирилган темир йўл линияси мамлакатимизда ягона миллий темир йўл тармоғини яратишга хизмат қилиши билан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирги кунга қадар бу ерда 43 миллион куб метр тупроқ ва 16,3 миллион куб метр бурғилаш-портлатиш ишлари бажарилиб, барча сув ўтказиш ва йўл ўтказгич иншоотлари, кўприклар, “Орзу” вокзали, “Кўл”, “Темирйўлобод” ҳамда “Қўшминор” станциялари қуриб битказилди. “Ангрен” станциясидан туннелнинг ғарбий порталигача бўлган 39 километрлик масофага эса темир йўл ётқизилиб, кўприк, сунъий иншоотлар қуриш ва электрлаштириш ишлари тўлиқ якунига етказилди.
Соҳа фахрийлари, тизимда фаолият юритаётган фаол темир йўлчилар, давлат ва жамоатчилик вакиллари қатнашган анжуман сўнгида санъат усталарининг концерт дастури намойиш қилинди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари  Б. Зокиров сўзга чиқди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn