Саноатимиз равнақи корхоналарда амалга оширилаётган модернизациялаш жараёнида яққол намоён бўлмоқда
Версия для печати
  • 31 Июль 2015

Саноатимиз равнақи корхоналарда амалга оширилаётган модернизациялаш жараёнида яққол намоён бўлмоқда

Юртимизда иқтисодиётни ислоҳ қилиш, таркибий қайта ўзгартириш ва диверсификациялаш жараёнлари изчиллик билан давом эттирилиб, салмоқли натижалар қўлга киритилмоқда.

Бунда хорижий сармоядорлар билан ҳамкорликда рўёбга чиқарилаётган истиқболли лойиҳалар, айниқса, муҳим ўрин тутаяпти. Пировардида импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп янги турдаги маҳсулотлар тайёрлаш ўзлаштирилиб, ҳудудлар иқтисодий салоҳияти тобора юксалиб бораётир.
Буни замонавий чангюткич ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “White Machine Technology” МЧЖ шаклидаги қўшма корхонанинг Нукусдаги “Электроника” филиали фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Жанубий кореялик шериклар билан ҳамкорликдаги мазкур лойиҳа рўёби учун бир миллион 900 минг АҚШ доллари миқдорида сармоя йўналтирилди.
— Биз импорт ўрнини босувчи, харидоргир маҳсулот ишлаб чиқаришни кўзлаб иш бошлагандик, — дейди корхона раҳбари Козим Яминов. — Мақсадимизга эришаяпмиз. Зеро, 2012 йилда 43,6 минг, 2013 йилда 60 минг, жорий йилнинг ўтган даврида эса 36 минг дона маҳсулот тайёрлангани фикримиз исботидир. Ўтган йиллар мобайнида маҳсулотимиз турини бештага етказдик.
Корхонадаги мавжуд 55 иш ўрнида касб-ҳунар коллежларини битирган ёшлар меҳнат қилмоқда. Уларнинг замонавий технологияларни тез ўзлаштириб, жаҳон талабларига мос, хорижникидан қолишмайдиган маҳсулот ишлаб чиқаришаётгани ҳаммасидан қувонарлидир.
— Нукус агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежини битказиб, тўғри шу ерга ишга келдим, — дейди Ринат Сулайманов. — Янги корхонада ишлаб, маош олаётганимдан ота-онам хурсанд. Оиламга ҳам, юртимга ҳам фойдам тегаётганидан бахтиёрман.
Шу ўринда таъкидлаш ўринлики, юртимизда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ташаббус” кўрик-танловида ушбу корхона Оролбўйидаги “Энг яхши инновацион лойиҳа” йўналишида ғолиб бўлди. Бу ерда тайёрланаётган маҳсулотларга ички бозорда талабнинг тобора ортиб бораётгани эса, айниқса, эътиборлидир.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn