Август ойи пахта ривожида, ҳосил тўплашда ҳал қилувчи фаслдир
  • 31 Июль 2015

Август ойи пахта ривожида, ҳосил тўплашда ҳал қилувчи фаслдир

Аслида, мамлакатимизнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳар бир ойнинг ўз ўрни бор. Аммо пахтачиликда августда амалга ошириладиган юмушлар шунчалик кўпки, ҳар бирининг аҳамияти жуда катта. Хусусан, ушбу паллада ғўза агротехника талабларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда парваришланса, унинг ривожи тезлашиб, шоналар гулларга, гуллар кўсакларга, кўсаклар эса ой охирида очилиб, лўппи-лўппи пахтага айланади.

Шу жиҳат ҳисобга олиниб, газетамизнинг 30 июль сонида “Август ойи пахта ривожида, ҳосил тўплашда ҳал қилувчи фаслдир” сарлавҳали мақолада мутахассис тавсиялари чоп этилган эди. Ушбу тавсиялар айни пайтда ғўза парваришига доир муҳим агротехника тадбирларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратаётган деҳқону фермерлар, мутахассислар, сувчию механизаторларга асқатиши шубҳасиз.

Қалб қўри, фидойи меҳнат маҳсули
“Халқ сўзи” газетасида эълон қилинган мутахассис тавсияларини катта қизиқиш билан ўрганиб чиқдик. Унда қайд этилганидек, ҳақиқатан ҳам, август ойи — ғўзани ҳар қачонгидан меҳру эътибор билан парваришлайдиган палла. Шу боис бу даврда биз, фермерлар ўз ишимизга ўта жиддий ёндашишимиз зарур. Негаки, деҳқончиликда “Йил йилга ўхшамайди”, деган гап бор. Мана, жорий йилни олайлик: баҳори инжиқ, ёзи ўта иссиқ келди. Айниқса, ҳароратнинг кескин кўтарилиши зиммамизга янада катта масъулият юкламоқда.
123 гектарлик пахта майдонимиз Жилвон чўлида жойлашган. Бу ерда ёзнинг жазирамасида экин тез чанқайди. Бунинг олдини олишда асосий агротехника тадбирларидан бири — ғўза қатор ораларини культивация қилиш, шунингдек, сувдан самарали фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Тажрибадан маълумки, мабодо культивация кечиктириб ўтказилса, жўяклар қуриб, юзаси ёрилади, ғўза илдизлари шикастланади, намлик тез йўқотилади, бегона ўтлар кўпаяди, гул ва тугунчалар тўкилиб, ҳосилдорлик 15-20 фоиз камаяди. Шу боис биз ҳозиргача культиваторлар ёрдамида экинга олти марта ишлов бердик. Шу кеча-кундузда суғоришда “шарбат” усулини қўллаяпмиз. Бу усул, аввало, ғўзанинг илдизини бақувват қилади, унинг ташқи таъсирларга чидамлилигини ошириб, тез ўсишини таъминлайди. Айни дамда ҳар туп ғўзада ўртача 9-10 тадан тўқ кўсак, кўплаб ҳосил нишоналари борлиги ана шундай саъй-ҳаракатларимиз самарасидир.
Бироқ юқори ҳосил олишимиз учун бу кўрсаткич камлик қилади. Шундан келиб чиқиб, ғўзани барча агротехника қоидалари асосида ўз вақтида, сифатли парваришлаш чораларини кўраяпмиз. Бунинг учун бутун қалб қўримизни бахш этаяпмиз.

Азим ЛАТИПОВ,
Шофиркон туманидаги «Азим Шофиркон юлдузи» фермер хўжалиги раҳбари,
Ўзбекистон Қаҳрамони.

Масъулиятли палла
Мутахассисларнинг фикрича, ғўзани суғоришда уни чўллатишга ҳам, кўллатишга ҳам йўл қўймаслик зарур. Агар ниҳол қаттиқ чанқаса, гул ва тугунчаларини тўкади, кўсак кичрайиб, вазни камаяди. Оқибатда чигит пуч бўлиб, толаси яхши етилмайди. Бу — ҳосил салмоғига путур етди, дегани. Борди-ю, у кўллатиб суғорилса, ғўза ғовлаб кетади, ҳосилини тўкиб юборади, пастки қисмидаги кўсаклари эса чириб, қорайиб қолиши туфайли сифати пасаяди.
Ҳозирги кунда шуларни ҳисобга олган ҳолда, ишимизга ўта масъулият билан ёндашаяпмиз. Биринчи галда, ўқариқлар тўғри олинишига эътибор қаратаяпмиз. Чунки уларнинг оралиғи 50-60 метр бўлса, сув жўякларга тез ва сифатли таралади. Шунда ўғит тўла-тўкис ғўза илдизига етиб боради. Қолаверса, сувдан самарали фойдаланилади, сувчининг ғўза қатор ораларини назорат қилиши осонлашади.
Суғоришнинг “шарбат” усули эса мўл ҳосил гаровидир. Бунда кўкламдан бошлаб ҳозирги кунга қадар ҳар гектар ер учун беш тоннадан маҳаллий ўғит жамғариб қўйилгани, мавсум масъулияти назарда тутилган ҳолда, ўқариқлар ва эгатларнинг равонлигини кўздан кечириш, “шарбат” тайёрлаш, уни тунда жўякларга оқизиш билан 4 киши шуғулланаётгани қўл келаяпти. Натижада кунига 10 гектар майдондаги экиннинг вақтида сувга қониб, бир текис ривожланишига эришаяпмиз.
Албатта, ғўза парваришидаги ишларни обитобида бажаришимизда мутахассиснинг “Август ойи пахта ривожида, ҳосил тўплашда ҳал қилувчи фаслдир” сарлавҳали чиқишидаги тавсиялари жуда қўл келади. Ўтган йили гектарига 40 центнердан ҳосил йиғиштириб олган эдик. Бу йилги мўлжалимиз — 45 центнер! Айни дамда ғўзада ҳосил нишоналари тобора кўпаяётгани бу эзгу ниятимиз ушалишидан далолатдир.

Музаффар ХОЛДОРОВ,
Боёвут туманидаги «Аҳмадий» фермер хўжалиги сувчиси.




Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn