Август ойи пахта ривожида, ҳосил тўплашда ҳал қилувчи фаслдир
  • 30 Июль 2015

Август ойи пахта ривожида, ҳосил тўплашда ҳал қилувчи фаслдир

Август ойи эшик қоқмоқда. Пахта ҳосилининг эртаги, сифатли ҳамда мўл бўлиши кўп жиҳатдан айни шу ойда ғўзани ҳар қачонгидан ҳам меҳру эътибор билан парваришлашга боғлиқ. Шу муносабат билан биз Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий тадқиқот институти катта илмий ходими, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Бегали НИЁЗАЛИЕВ билан ушбу масъулиятли паллада деҳқон ҳамда фермерларимиз агротехника тадбирларини амалга оширишда қайси омилларга алоҳида эътибор қаратишлари зарурлиги ҳақида суҳбатлашдик.

— Аввало, август ойида барча агротехника тадбирлари мақбул муддатда ва сифатли бажарилса, ғўза ривожи тезлашиб, кўсаклар сони ҳамда вазни ошади, толаси эса пишиқ бўлиб етилади, — деди у. — Шунинг учун мазкур масъулиятли даврда фермеру мутахассислар, сувчию механизаторлар, энтомологлар ўз ишига ўта жиддий ёндашмоғи зарур.
Бу ойда сув ва маҳаллий ўғитлардан самарали фойдаланиш ўта долзарб бўлиб, бунда ғўза шарбат усулида суғорилса, ерда намлик узоқроқ сақланади, ниҳол тез чанқашининг олди олинади, суғоришлар оралиғи узаяди, кўсаклар тезроқ тўлишади, янги кўсаклар кўпроқ пайдо бўлади.
Айниқса, ғўзани суғоришда экинни чўллатишга ҳам, кўллатишга ҳам йўл қўймаслик зарур. Айтайлик, ғўза қаттиқ чанқатиб қўйилса, гул ва тугунчаларини тўкади, кўсаклар кичрайиб, вазни камаяди, толаси яхши етилмайди, чигити пуч бўлиб қолади, оқибатда ҳосил салмоғига путур етади. Борди-ю, у кўллатиб суғорилса, ғўза бўйига зўр бериб ўсади, бачкилаб, ғовлаб кетади, ҳосилини тўкиб юборади, пастки қаватдаги кўсаклари чириб, қорайиб қолади, сифати пасаяди. Шу маънода, тунги суғориш яхши самара беради, аниқроғи, ғўза қониб сув ичади, сувдан оқилона фойдаланилади.
Шунингдек, ғўза қатор ораларини культивация қилиш ҳам муҳим агротехника қоидаларидан бири саналади. Бу тадбир сифатли ўтказилса, ниҳол туплари ораларида ҳаво алмашинуви яхшиланади, кўсакларга иссиқ ҳаво ва шамол тегиб, тез етилади, сифати ҳам меъёрида бўлади. Бунда, албатта, ғўза тупларига зиён етмаслиги, кўсаклар тўкилмаслиги учун культиваторнинг ишчи органлари “балиқ сирти”дек ўралган, ғилдираклар олди суйри қилиб ҳимояланган, яъни ғўза шохлари ва ҳосил тугунчаларига зарар етказмайдиган бўлиши зарур. Мазкур жараёнда тракторнинг тезлигини бир маромда сақлашнинг ҳам нафи катта.
Мабодо, культивация кечиктириб ўтказилса, жўяклар қуриб, юзаси ёрилади, ғўзанинг илдизлари шикастланади, намлик тез йўқотилади, бегона ўтлар кўпаяди, гул ва тугунчалар тўкилиб, ҳосилдорлик 15-20 фоиз пасаяди. Бошқача айтганда, культивацияни кечиктириш оқибатида 3-4 центнер ҳосил бой берилиши мумкин.
Биласиз, август ойида тунлари салқин тушади, ҳаво эса қуруқ ва иссиқ бўлади. Бундай шароитда кўсак қурти, ўргимчаккана, беда қандаласи, қора шира каби зараркунандалар урчийди. Шу сабабли уларга қарши курашни янада кучайтириш зарур. Чунки озгина эътиборсизлик туфайли тўпланган ҳосилнинг 20-25 фоизигача қисмидан маҳрум бўлиш мумкинлиги тажрибада исботланган.
Зараркунандаларга қарши курашишда эса, Ўсимликларни ҳимоя қилиш институти олимлари тавсиясига асосан, биологик кураш усулидан фойдаланиш, зарурат туғилганда эса, кимёвий воситаларни ҳам қўллаш фойдалидир. Бунинг учун кўсак қурти мавжуд майдонларда аввал гектарига 1-2 граммдан трихограмма тарқатиш, 5-6 кун оралатиб, уч маротаба (биринчиси 1:10, иккинчиси 1:5 ва учинчиси 1:10 нисбатда) 1000-2000 донадан бракон қўйиш керак.
Ўргимчаккана тарқалган ерларда акарицидлар билан тизимли ишлов берилса, яъни гектар ҳисобига “Узмайт” ва “Энтомайт” препаратларидан 1-1,5 литр, “Альтин”дан эса 0,3-0,5 литрдан ишлатилса, уларни тезда бартараф этишга кўмаклашади.
Fўзани август ойида парваришлашда юқорида қайд этилган барча юмуш ўз вақтида, сифатли уддаланса, ғўза ривожи жадаллашиб, ҳосилга ҳосил қўшилади. Агар улар маромида бажарилмаса ёки бирортаси сифатсиз ўтказилса, ҳосилнинг пасайишига сабаб бўлади.
Хулоса ўрнида айтганда, пахтакорларимиз август ойининг ҳар бир дамини ғанимат билиб, ғўзани қондириб суғориш, обитобида культивациялаш, қатор ораларини “варақлаб” чиқиш, кўсак қурти, ўргимчаккана, беда қандаласи, қора шира хуружидан ҳимоя қилиш, вильт ва бошқа хавфли касалликларга қарши курашиш каби тадбирларни ўз вақтида, сифатли бажарсалар, ишончимиз комилки, пахта хирмонимиз янада юксак бўлади, халқимиз даромадига эса даромад қўшилади. Бугунги кунда ана шу эзгу мақсад йўлида фидокорона меҳнат қилиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

«Халқ сўзи» мухбири
Икром ЎТБОСАРОВ
суҳбатлашди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn