Сарҳисоб ва истиқболдаги вазифалар
  • 30 Июль 2015

Сарҳисоб ва истиқболдаги вазифалар

Жойларда бўлиб ўтган фаоллар йиғилишларида жорий йилнинг биринчи ярмида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган масалалар кўриб чиқилди.

Андижон вилояти. Вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов бошқарган йиғилишда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмининг ўсиш суръатлари 106,5 фоизни, шу жумладан, саноатда 121,4, қишлоқ хўжалигида 106,5, қурилиш ишларида 113,5, чакана савдо айланмасида 115, аҳолига пуллик хизмат кўрсатишда 113,4 фоизни ташкил этгани алоҳида таъкидланди.
Бундай барқарор кўрсаткичга эришишда иқтисодиёт тармоқларини модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш асосий омил бўлаётир. Бу борада 2013 — 2015 йилларда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури муҳим аҳамият касб этмоқда. Унинг доирасида саноат йўналишида 279 та лойиҳа амалга оширилиб, қарийб 40 миллиард сўмлик инвестиция ўзлаштирилди ҳамда 3 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилди.
Маҳаллийлаштириш дастури бўйича 24 та лойиҳа рўёбга чиқарилгани натижасида эса 10,2 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 4 миллион АҚШ долларидан зиёд хорижий валюта иқтисод қилинди. Ҳисобот даврида вилоятда 1075 кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти рўйхатга олиниб, уларнинг умумий сони 23 минг 388 тага етди. Ушбу соҳанинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши эса 51,4 фоизни ташкил этди.
Йиғилишда айрим тармоқларда йўл қўйилган камчиликлар кўрсатилиб, уларни бартараф қилиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Андижон вилояти фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У. Розуқулов сўзга чиқди.
* * *
Фарғона вилояти. Вилоят ҳокими Ш. Ғаниев бошқарган йиғилишда ҳисобот даврида ҳудудда 1 минг 989 та истиқболли лойиҳа амалга оширилгани қайд этилди. Айни чоғда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, қулай ишбилармонлик муҳити яратиш борасидаги ишлар изчил олиб борилаётгани туфайли ушбу соҳа жадал ривожланмоқда. Бугунги кунда вилоятда 18 минг 501 кичик бизнес субъекти бўлиб, уларнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 51,2 фоизга етгани ана шундан далолатдир. Бунда хусусий сектор вакилларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан 440,7 миллиард сўмлик кредит ажратилгани муҳим омил бўлди.
Ҳисобот даврида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 7,1 фoиз ўсди. Шу жумладан, қишлоқ хўжалигида 6,2, чакана савдо айланмасида 14,2, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқаришда 10,7, жами хизматларда 18 ва пуллик хизматлар кўрсатишда 13,8 фоиз ўсишга эришилди.
Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник қайта жиҳозлаш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиши натижасида ҳудудий тасарруфдаги корхоналар томонидан тайёрланган маҳсулот ҳажми ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 17,6 фоиз ошди.
Бандлик дастури ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар самараси ўлароқ, 44 минг 309 та иш ўрни ташкил этилди.
Йиғилишда айрим соҳаларда йўл қўйилган камчиликлар танқид қилинди ва истиқболдаги устувор вазифалар белгилаб олинди.
Фарғона вилояти фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Икрамов сўзга чиқди.

Саидаҳмад ШУКУРОВ,
Набижон СОБИРОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn