Ҳамкорлик изчил ривожланмоқда
  • 30 Июль 2015

Ҳамкорлик изчил ривожланмоқда

Пойтахтимизда 29 июль куни «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси билан Япониянинг «Isuzu Motors Ltd.» компанияси ўртасида “Самарқанд  автомобиль заводи” масъулияти чекланган жамияти (“СамАвто” МЧЖ) устав капиталидаги 8 фоиз улушни сотиб олиш тўғрисида битим имзоланди.

Мазкур битим «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси билан Япониянинг «Isuzu Motors Ltd.» компанияси ўртасидаги узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг мантиқий давоми бўлди. Шу муносабат билан ўтказилган музокарада томонлар Самарқанд автомобиль заводи фаолиятини ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегиясига оид келишувга эришди. Бунга асосан моделлар турларини янгилаш ва кенгайтириш, маҳаллийлаштириш жараёнини фаоллаштириш, Япониянинг илғор технологиялари ва ишлаб чиқариш жараёнларини жорий этиш кўзда тутилган.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда автомобилсозлик саноатини жадал тараққий эттириш, мазкур йўналишда миллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар юксак самаралар бермоқда. Бугунги кунда юртимизда ишлаб чиқарилаётган енгил ва юк автомобилларига, автобусларга хорижий давлатларда ҳам талаб катта.
«Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси билан Япониянинг «Isuzu Motors Ltd.» компанияси ўртасидаги ҳамкорликка 2007 йилда асос солинган. Ушбу ҳамкорликнинг муҳим босқичи сифатида Самарқанд автомобиль заводида табиий газда ҳаракатланувчи янги турдаги юк автомобиллари ишлаб чиқариш ўзлаштирилганини мисол қилиб келтириш мумкин. Бу дунё миқёсида табиий газни автомобиль ёқилғиси сифатида ишлатиш тенденцияси тобора кучайиб бораётган бир пайтда мамлакатимиз автосаноатининг замон билан ҳамқадам тараққий этаётганидан далолатдир.
— «Isuzu Motors Ltd.» компаниясининг Самарқанд  автомобиль заводи акциядорлигига қўшилиши «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси билан ҳамкорлигимизни янги босқичга олиб чиқди, — деди «Isuzu Motors Ltd.» компаниясининг ижрочи вице-президенти ва директори Таканобу Фурута. — Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида олиб борилаётган оқилона иқтисодий сиёсат натижасида мамлакатингизда иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлашга қаратилган қулай сармоявий муҳит яратилган. Юртингизда транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш ва ишлаб чиқариш тизимини изчил ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар иқтисодиётнинг турли соҳаларида замонавий юк автомобилларига  талаб катта эканини кўрсатмоқда. Биз учун улкан иқтисодий салоҳиятга эга бозорларга сармоя киритиш муҳим аҳамиятга эга. Минтақада стратегик аҳамият касб этувчи Ўзбекистон «Isuzu Motors Ltd.» учун муҳим ва ишончли ҳамкор ҳисобланади. Ўзаро ҳамкорлигимиз мустаҳкам асосга эга. Улкан салоҳиятга эга Ўзбекистон барқарор ва изчил ривожланиш йўлидан дадил бормоқда. Ҳамкорлигимизнинг янги босқичига ўтганимиздан ғоят мамнунмиз.
Имзоланган ҳужжат ўзаро ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланишига, мамлакатимиз автомобилсозлик саноатининг бундан-да равнақ топишига хизмат қилади.

Ирода УМАРОВА,
ЎзА мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn