Долзарб вазифалар муҳокамасига бағишланди
  • 28 Июль 2015

Долзарб вазифалар муҳокамасига бағишланди

Жойларда жорий йилнинг биринчи ярмида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2015 — 2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий қайта ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурларини амалга ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга бағишланган фаоллар йиғилишлари бўлиб ўтмоқда.

Сирдарё вилояти. Вилоят ҳокими О. Ашурматов бошқарган йиғилишда иқтисодиётда яратилган қулай шарт-шароитлар туфайли 2015 йилнинг ўтган олти ойи давомида ялпи ҳудудий маҳсулот ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 4,4 фоиз ошгани таъкидланди.
Жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг ўтган йилдагига нисбатан 107,4 фоиз ўсиши таъминланди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 105,9, қурилиш-пудрат ишлари 101,5, чакана товар айланмаси 119,5, жами хизматлар 116,5, экспорт ҳажми 87,3 фоиздан иборат бўлди. Натижада ялпи ҳудудий маҳсулотда кичик бизнеснинг улуши 65, хизматлар улуши эса 41,3 фоизни ташкил этди.
Ҳисобот даврида ҳудудда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда хорижий инвестициялар иштирокидаги қўшма корхоналар ҳиссаси тобора ортиб бораётгани хусусида ҳам сўз юритилди. Жумладан, бундай корхоналар сони 66 тага етгани ҳамда улар томонидан қарийб 162,4 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрлангани бунинг тасдиғидир.
Шунингдек, вилоятда 91 саноат корхонаси ташкил этилди ва уларнинг сони 1113 та етди, шундан 17 таси йирик ишлаб чиқариш субъектидир. Муҳими, ана шу корхоналарда 649,7 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари тайёрланди.
Йиғилишда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий муассасаларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш, 2015 — 2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурини амалга ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш борасидаги масалалар юзасидан тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Сирдарё вилояти фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У. Розуқулов сўзга чиқди.

* * *
Сурхондарё вилояти. Вилоят ҳокими Т. Мамараимов бошқарган йиғилишда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида ҳисобот даврида 142,3 миллиард сўм ва 250 минг АҚШ доллари қийматидаги 857 лойиҳа амалга оширилиб, қарийб олти мингга яқин иш ўрни яратилгани алоҳида қайд этилди.
Ярим йиллик давомида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 9,8 фоиз кўпайди. Саноат маҳсулотлари тайёрлашда 10,3, қурилиш-пудрат ишларида 11,2, қишлоқ хўжалигида 20,5, савдо ва умумий овқатланиш соҳасида 12,3 фоиз ўсишга эришилди. Айни чоғда 102 та саноат корхонаси ишга туширилиб, 37 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, 746 кичик бизнес субъекти ташкил этилди. Пировардида уларнинг умумий сони 10 минг 757 тага етди. Эътиборлиси, хусусий сектор вакиллари томонидан жами 766,3 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди, 671,6 миллиард сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилди. 506,4 миллиард сўмлик пуллик хизматлар кўрсатилди. Уларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 300 миллиард сўмлик кредитлар ажратилди.
Ушбу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, ялпи ҳудудий маҳсулотда кичик бизнеснинг улуши 62,5, хизматлардаги ҳиссаси 53,6 фоизга етди. Бандлик дастури доирасида яратилган 28 минг 145 иш ўрнининг 22 мингдан зиёди бевосита шу соҳа улушига тўғри келди.
Йиғилишда бир қатор туманларда белгиланган экспорт ҳажми бажарилмагани, Маҳаллийлаштириш дастурига киритилган корхоналарда тайёр маҳсулот, бутловчи буюм ва материаллар ишлаб чиқариш талабга жавоб бермаётганига ҳам эътибор қаратилди.
Сурхондарё вилояти фаоллари йиғилишида ҳудуднинг саноат салоҳиятини юксалтириш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмасини янада ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, экспорт қилиш, шунингдек, тадбиркорлар фаолиятига ноқонуний аралашувларга тўлиқ барҳам бериш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
* * *
Наманган вилояти. Вилоят ҳокими Б. Юсупов бошқарган йиғилишда 2015 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишлар натижаси таҳлил қилиниб, асосий эътибор Президентимизнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросига қаратилди. Вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмининг ўсиш суръати 9,7 фоизга етди. Жумладан, саноатда 15,1, қишлоқ хўжалигида 6,1, инвестицияларни ўзлаштиришда 24,1 ва қурилишда 10,9 фоиз ўсишга эришилди.
Шунингдек, 2013 — 2015 йилларда саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури доирасида 41,2 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 164 лойиҳа амалга оширилиб, 1 минг 714 иш ўрни яратилди. Жорий йилда Маҳаллийлаштириш дастурига мувофиқ, 9 та ҳудудий тасарруфдаги корхонанинг 15 та лойиҳаси бўйича 16,2 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш белгиланган бўлиб, ярим йилда 5,2 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланди.
Ҳисобот даврида 55,3 миллион долларлик маҳсулот ва хизматлар экспорти амалга оширилиб, белгиланган прогноз 114,3 фоиз уддаланди. Экспорт салоҳиятини ошириш ва унинг таркибини кенгайтириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида экспортчи корхоналар сони ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 11 тага ошди ҳамда улар томонидан 41 турдаги товар ва хизматлар экспорти йўлга қўйилди. Беш хилдаги янги маҳсулот экспорти амалга оширилди.
Йиғилишда жорий йил охирига қадар саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, саноат корхоналарининг етакчи тармоқларини модернизациялаш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш дастури параметрларини бажариш каби масалаларга эътибор қаратилиб, шулар юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Танқидий руҳда ўтган йиғилишда эришилган ютуқлар билан бирга, йўл қўйилган камчиликлар кўрсатилиб, уларни бартараф этиш чоралари белгиланди.
Наманган вилояти фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Икрамов сўзга чиқди.
* * *
Тошкент вилояти. Вилоят ҳокими А. Усмонов бошқарган йиғилишда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни изчил давом эттириш, иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, саноатни модернизация қилиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, қишлоқ хўжалигини кенг ривожлантириш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш йўналишларида муайян ишлар амалга оширилгани айтиб ўтилди.
Ҳисобот даврида ялпи ҳудудий маҳсулотнинг ўсиш суръати 9 фоиздан иборат бўлди. Жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 14,2, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,2, хизматлар ҳажми 12,8, чакана савдо айланмаси 16,9, пуллик хизматлар кўрсатиш 11,9 фоиз ўсди. Шуларга мос ҳолда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 41,9 фоизни ташкил этди.
Вилоятдаги мавжуд 72 та йирик саноат корхонаси томонидан жами 4,8 триллион сўмлик маҳсулотлар тайёрланди. Кичик саноат корхоналари томонидан эса 1,5 триллион сўмлик маҳсулотлар тайёрланишига эришилди.
Йиғилишда йил охиригача саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, етакчи тармоқларни модернизация қилиш ҳамда хусусий мулкчилик ва тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ҳамда чекловларни бартараф этиш, хусусий секторни янада қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, ушбу даврда эришилган ижобий натижалар билан бирга, йўл қўйилган айрим камчиликлар кўрсатилиб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Тошкент вилояти фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ. Ибрагимов сўзга чиқди.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
Нормурод ТЕМИРОВ,
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
Fайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn