Кичик бизнесга кенг йўл
  • 28 Июль 2015

Кичик бизнесга кенг йўл

Бугун бутун мамлакатимизда бўлгани каби Хоразм вилояти иқтисодиётида ҳам юқори ўсиш суръатлари кузатилмоқда. Бунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка қаратилаётган эътибор муҳим омил бўлаётир. Ҳозир ҳудудда илғор технологиялар билан жиҳозланган 10 минг 168 та тадбиркорлик субъекти ички ва ташқи бозорни рақобатбардош маҳсулотлар билан таъминламоқда.

Энг муҳими, бугунги кунга келиб, вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотида хусусий сектор улуши 61,3 фоизга етиб, иш билан банд аҳолининг 81,6 фоизи айнан шу соҳада меҳнат қилаяпти. Уларнинг экспорт салоҳияти эса айни чоғда 41,9 фоизни ташкил этаётгани ҳам эътиборга молик.
Бундай натижага эришишда, албатта, мамлакатимизда тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитлар яратилгани, уларнинг молиявий қўллаб-қувватланаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, шу йилнинг ўтган даврида тижорат банклари томонидан хусусий секторга 261,9 миллиард сўм ёки 2014 йилнинг шу давридагига нисбатан 1,3 миллиард сўмдан ортиқ кредит маблағлари ажратилди.
Урганч туманидаги “AFRI” хусусий корхонаси ҳам бу имкониятдан фойдаланиб, цехларини замонавий технологиялар билан таъминлади. Яхна ичимликлар, газланган ва газланмаган ичимлик сувлари ишлаб чиқарилаётган мазкур корхонада ҳозирги кунда 112 нафар йигит-қиз доимий иш билан банд.
Мавжуд қувватларнинг модернизация қилиниши маҳсулотлар тури ва ҳажмининг йилдан-йилга ортишини таъминлаяпти. Биргина мисол, 2014 йилда жами 5 миллиард 562 миллион сўмликдан ортиқ 18 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йилнинг олти ойида 4 миллиард 493 миллион сўмликдан ортиқ 27 турдаги маҳсулот тайёрланди. Айни чоғда жамоа юртимиздаги 900 дан зиёд савдо корхоналари билан ҳамкорлик қилмоқда.
— Бу муваффақиятларга изланиш ва ташаббускорлик туфайли эришаяпмиз, — дейди корхона раҳбари Илҳом Оллаберганов. — Масалан, бундан тўрт йил олдин пластмасса капсулалари ишлаб чиқарадиган янги линия ўрнатгандик. Натижада шу ернинг ўзида ичимлик суви қадоқланадиган 120 минг дона PIT капсула тайёрлаш ўзлаштирилди. Бу эса маблағни тежаб, фаолиятимизни янада кенгайтириш имконини бермоқда. Ўтган йилдан бошлаб идишлар учун қопқоқлар ишлаб чиқаришни ҳам ўзлаштирдик. Яъни 120 минг АҚШ долларилик замонавий технология ўрнатилиши ҳисобига йилига 3 миллион дона ана шундай маҳсулот тайёрлаш имкониятига эга бўлдик. Тез орада уларни экспорт қилишни мўлжаллаб турибмиз.
Таъкидлаш керакки, корхонада маҳсулотни харидорга етказиб беришда ҳам янгиликка қўл урилди. Яъни шаҳар ва туманларда махсус офислар ташкил этилиб, улар орқали маҳсулотларни мижозларга вақтида етказиб бериш йўлга қўйилди.
Умуман, юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ривожлантириш мақсадида амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар соҳа вакилларига қўшимча куч бағишлаб, уларга янги имкониятлар эшигини очмоқда.

Ойбек РАҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn